Жамият | 17:28 / 10.02.2018
32291
6 дақиқада ўқилади

«Қўқон бозори» можароси. Судда жабрланувчининг кўрсатуви эшитилди

Фото: magazin-pics.ru

7 февраль куни Жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судида Қўқондаги машҳур бозор – «Истиқлол» савдо комплекси юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича суд жараёнлари бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Мазкур жиноят иши Раҳмат Сулаймонов ва Рустам Сулаймоновларга нисбатан тергов қилиниб, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисм «а» ва «г» бандлари (туҳмат), 165-моддаси 3-қисм «а» банди (товламачилик) ҳамда 168-модда 3-қисми «а» банди (фирибгарлик) билан айблов эълон қилинган.

Суд мажлисида дастлаб, жабрланувчи Алишер Сулаймоновнинг кўрсатуви тингланди. У ўз сўзларида «ҳақиқатан Раҳмат Ғаниев билан ҳамкорлик қилиш учун ҳузурига боргани, ундан 100 минг АҚШ доллари олиб, келгусида яна 100 минг, жами 200 минг АҚШ долларига бўлажак бозорнинг ярмини сотгани ҳақида» айтиб ўтди.

«Орада Аббосхон амаким бу ерга тошкентликлар қизиқиш билдирганини, тортиб олсалар, ҳеч қандай ёрдам бермаслигини айтди. Шу сўзларни Раҳмат Сулаймонов ҳам такрорлади, корхонасига чақириб, ерни ўз номига расмийлаштириб беришим зарурлигини уқтирди. Босим ва тазйиқ остида бозор унинг номига расмийлаштирилди. Нотариус ҳузурида, қолаверса бошқа ҳужжатларга ҳам шахсан имзо чекдим. Аммо, ўз хоҳишим билан юз бермади. У мени қўрқитди. Бўлган воқеадан хабар топган Раҳмат Ғаниев эса аввалдан берган 100 минг АҚШ долларини қайтаришимни талаб қилди. Пулларни мени қўрқитган Раҳмат Сулаймоновнинг акаси Рустам Сулаймонов орқали бериб юбордим», дейди жабрланувчи.

Судланувчининг ҳимоячилари Алишер Сулаймоновга бир нечта саволлар билан юзланди. Хусусан, аввалги ўтказилган суд баённомасида Алишер пулларни Раҳмат ака орқали бериб юборгани ёзилган. Бу юзасидан жабрланувчи қуйидагича фикр билдирди:

«Суд котиби адашган, мен аниқ қилиб, Рустам акани кўрсатгандим», дейди у. Судланувчининг ҳимоячиси «Раҳмат Сулаймоновдан нега қўрқдингиз? Нотариусда барчасини онгли равишда амалга ошираётганингизни билдиргансизку?!», дея юзланганда Алишер «ҳа, рост. Чунки менга шундай қилишимни буюришди. Гап шундаки, Раҳмат ака отамни қаматиб юборган. Мени ҳам қаматиб юборишидан қўрқдим», деб жавоб қайтарди.

Бозор Раҳмат Сулаймонов номига расмийлаштирилгач, Раҳмат Ғаниев пулларни талаб қилиб, ИИБ ариза билан мурожаат қилган. Шундай сўнг, Алишерга нисбатан ЖК 168-моддаси билан айблов эълон қилиниб, суд олдида жавоб беришга мажбур бўлганди. Ушбу ҳолатда, ака-ука Рустам ва Раҳмат Сулаймоновлар Алишерни суддан чиқариб олиш учун келтирилган зарарни қоплаган.

«Улар кирдикори очилиб қолишидан қўрқиб, мени суддан чиқариб олди. Бўлмаса, барча ҳақиқатни айтардим», деб изоҳ беради бу ҳолатга у. 

Ҳимоячи «нега бозор Раҳмат Сулаймонов номига расмийлаштирилиб, қурилиш ишлари якунлангач, орадан деярли бир йил ўтиб Алишер ўз ҳуқуқларини тиклаш учун ҳаракатни бошлаганига» қизиқди.

«Бозор Раҳмат аканинг номига ўтганини эшитгач, онам ундан оилавий мулкимизни қайтаришини талаб қилди. Раҳмат Сулаймонов эса бу вақтинча чора-тадбир экани, мени Раҳмат Ғаниевдан ҳимоя қилиш учун тузилган режа эканини билдирган. У, албатта, ерни қайтаришга ваъда бериб, онамни ҳам алдади», деб жавоб берди жабрланувчи.

Судланувчининг ҳимоячилари «бундан аввалги барча ариза ва кўрсатувларда бозорнинг тенг ярми 100 минг АҚШ долларига баҳоланиб, Ангрен судига келганда у 200 минг АҚШ долларига айланиб қолганига» эътибор қаратди.

«Гап шундаки, мен 100 минг АҚШ долларини олганман, қолган пул қурилиш учун ишлатилиши керак эди. Шунга қўлимда йўқ пулни эсламагандим», дейди Алишер.

Судланувчининг ҳимоячилари Алишер Сулаймонов тергов, суд мажлисларида бераётган кўрсатувларини жиддий ўзгартириб келаётганини билдириб, бир нечта ҳолатни санаб ўтди.

«Дастлабки суд ишларида Раҳмат Сулаймонов менга қандай гапиришни ўргатиб турди. Раҳмат Ғаниевга қарши гувоҳлик бериб, унга туҳмат қилишга ундади. Мен шундай қилдим: Ғаниевдан 100 минг АҚШ доллари олмаганим, қолаверса, Раҳмат ака бу пулларни юқори лавозимдаги мулозимга бергани, эндиликда ушбу пулларни мендан ундириб олмоқчи бўлганлигини баён қилиб аризаларга имзо чекдим. Бу аризаларни Раҳмат Сулаймонов тайёрлаганди», дейди Алишер.

​Судланувчи Алишердан «у ҳолда нега терговчи хонасида ёлғиз қолганда, шундай босим ҳақида маълумот бермагани, ёзма топширилган аризаларнинг мазмуни билан шахсан таниш бўлгани ва имзо чеккани ҳақида» сўради.
«Мен қўрқдим, отамни қамалишида Раҳмат Сулаймоновнинг қўли бор, деб биламан. Мени ҳам қаматиб юбориши мумкин эди», деди Алишер.

Ҳимоячи «қандай қилиб, ишонмаган, отангизни қаматган шахснинг қўлига 100 минг АҚШ долларини тутқазиб, Раҳмат Ғаниевга бериб юборишни сўрадингиз», деб сўради.

Алишернинг айтишича, Рустам Сулаймонов Раҳмат Ғаниевнинг яқин дўсти, у пулни тўлиқ олиб боришига ишонган. Аммо, ҳимоячилар жабрланувчининг олдинги ва ҳозирги кўрсатувларида келиб чиққан икки хил вазиятларни таққослаганда, Алишер Сулаймонов «суд котибининг хатоси билан баённома бузилгани, у сўзлар нотўғри экани, ҳозирги судда барча ҳақиқатни айтиши» ҳақида гапириб берди.

Суд иши давом этади.

Мавзуга оид