Ўзбекистон | 21:40 / 11.02.2018
70528
9 дақиқада ўқилади

«Йўқолмасдан олдин бормиди?»: Олтиариқда изсиз йўқолган қўйлар можароси

Фото: Иллюстратив сурат

Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўғри» деган ҳикояси бор. Ёдингиздадир? Қобил бобонинг ҳўкизини ўмариб кетишади. Бормаган тешиги, калла урмаган эшиги қолмайди. Лекин ҳўкиз топилмайди.

Шунга ўхшаш воқеа XXI асрда Фарғона вилоятида ҳам рўй бераяпти. «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да вилоятда эришилаётган ютуқлар, янги заводу фабрика, технологиялар ва инновациялар ҳақида эмас, вилоят ва туман ҳокимлиги даражасида бундай майда воқеалар рўй бераётганини ёзаётганимни қаранг.

Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, «Қизилтепа» МФЙда яшовчи Ҳасанбой Юнусов ва унинг қўшниси Раҳматжон Абдуқаҳҳоровга тегишли 65 бош қўй Олтиариқ туман ИИБ томонидан ҳайдаб кетилгани, қўйлар фермернинг экин майдонига киргани учун тегишли жарималар тўлатилгани, етказилган зарар қоплатилгани, лекин уларнинг қўйи ғойиб бўлгани, орадан 20 кундан зиёд вақт ўтаётган бўлса-да, улар қўйларини қайтариб олишолмаётгани ҳақида олдин ҳам хабар берган эдик.

Абдулла Қаҳҳорниг ҳикоясида аминнинг «Ҳа, ҳўкизни уйларига элтиб берилсинми?! Ахир, борилсин, арз қилинсин-да! Фуқаронинг арзга бориши — арбобнинг иззати бўлади!» деган гаплари бор. Фарғоналик мутасаддиларда иззат ўлгур нечоғлик эканки, шунча арз билан ҳам иш битмаяпти.

Биз воқеа тафсилотларини сўраш ва айни вазият қандайлигини билиш учун жабрланувчи Ҳасанбой Юнусов билан боғландик ва уни саволларга тутдик.

Унинг айтишича, 20 январь куни у ва қўшни Раҳматжон Абдуқаҳҳоров 65 қўйни Олтиариқ туман «Қизилтепа» МФЙ ҳудудидаги «Шоҳимардонсой» фермер хўжалиги ёнидаги зовур ёқасида боқишаётганда совлиқлардан бири туға бошлайди. У билан андармон бўлиб қолишганда, қўйларнинг бир қисми фермер хўжалигига қарашли ғалла даласига кириб кетади.

Воқеа устига Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев келиб қолади. У телефонда Олтиариқ туман ҳокими Х.Ниёзов ва туман ИИБ бошлиғи И.Сайдиновни воқеа жойига чақиради ва чора кўришни тайинлаб, кетади.

«Салла деса каллани опкелади», дейдилар. Вилоят ҳокимининг топшириғини «аъло даражада» бажариш, салла деса калласи билан юлиб юбориш мана шунақа бўлади:

Олтиариқ туман ИИБ бошлиғи И.Сайдиновнинг буйруғига кўра «Қизилтепа» маҳалла нозири қўйларни ҳайдаб, 2 км нарида, бироқ Риштон туман ҳудудидаги штабга олиб бориб қамайди. Раҳматжон Абдуқаҳҳоровнинг ўғли Раим Қодиров қаршилик қилганида уни ҳам ушлаб кетишади. Бу воқеалар 20 январь, шанба куни бўлиб ўтган. Эртаси куни — якшанба. Душанба куни 22 январда Олтиариқ туман маъмурий судининг очиқ суд мажлиси ўтказилади. Раислик қилувчи И.Матмусаев судда қўй эгаларига жарима солади, фермерга етказилган зарарни қоплаш ҳақида қарор чиқарилади. Қўйнинг эгалари барча тўловларни тўлашади. Судья «энди қўйларни бориб олаверинглар», дейди. Икки кун ичида қўйларини ем-хашак, сув билан боқиб, хабардор бўлиб турган эгалари бориб қарашсаки — қўйлар йўқ.

Суд қарорида қўйлар сони 52 бош деб кўрсатилган. Аммо Ҳ.Юнусов ўзига тегишли қўйларни тўғри санаб топширгани, қўйлар 25 бош бўлгани, бироқ қўй боқишга доимо ўғли Р.Қодиров чиқиб юргани учун ўша куни чўпонлик баҳона, бетоблиги боис тоза ҳавода сайр қилишга чиққан қўшниси, Афғон уруши қатнашчиси Р.Абдуқаҳҳоров қўйлари сонини аниқ билмагани учун тахминан 27 бош, деб юборади. Аслида, унинг қўйлари 40 бош бўлган. Қўйлар санаб олиб кетилганда ҳам, топширилганда ҳам жами 65 бош бўлган.

«Қўйлар 65 бош эканлиги ҳақида сизга бирор қоғоз берилмадими?», деб савол бердим Ҳ.Юнусовга. «Йўқ, қоғоз талаб қилганимизда қўлларимизни қайириб ички ишлар бўлимига олиб кетишди», деди у.

Хуллас, энди мободо қўйлар қайтарилган тақдирда ҳам, Р.Абдуқаҳҳоров 40 бош эмас, 27 бош қўй олади, шекилли. Чунки, суднинг хатига тушгани ҳисоб. Хатга тушдинг — ўтга тушдинг.

Шундан буён уларнинг ҳам Қобил бобо сингари кирмаган тешиги, калла урмаган эшиги қолмайди. Вилоят ҳокимлигига бориб ёрдам сўрашса, уларни эшикдан ҳам киргизишмайди. Туман ҳокими «мен қўйларингни билмайман», дейди. ИИБ бошлиғи ҳам шу каби жавоб беради. Қизиқ, у қандай ИИБ бошлиғи-ки, йўқолган қўйлар ҳақида хабар берилса — ишни иссиқ изидан очиш ўрнига «мен билмайман қўйларингни», деб турса?! Алё, милиция!!!

Мен нималар режа қилинганини тушунтираман: Қўйлар Риштон тумани ҳудудига олиб кетилган. Йўқолган нарсани қидириш билан воқеа юз берган ҳудуд милицияси шуғулланиши керак, яъни Риштон туман милицияси. Чунки Олтиариқ туман милицияси «қўйлар бизнинг ҳудудимизда йўқолмаган», дейиши аниқ. Риштон тумани милицияси «қўйни биз олиб келмаганмиз, бундан мутлақо хабарими йўқ» дейди. Қўй эгалари эса икки ўртада сарсон, саргардон, копток бўлиб, чарчаб, эзилиб, қарғаниб-қарғаниб, ахийри шу қўйлардан кечиб юборади: «Олтмиш бешта қўй бўлса бир гап бўлар, худо ажалга тўзим берсин», деб. Кимдир шундай бўлишини кутяпти чоғи...

42 ёшли Ҳасанбой Юнусовнинг айтишича, қўшниси билан рўзғор тебратиш учун мана шу қўйларни кўпайтириб боқиб, тирикчилик қилиб келаётган бўлишган. Туманда ишлай деса — қишнинг кунида тузукроқ иш йўқ. Бу ёқда фарзандларини турмушга узатиши, ўқитиши керак. Оиланинг ягона даромад манбаига чанг солинаяпти, ахир!

Туман раҳбарларининг бошбошдоқликка йўл қўяётгани ортидан оддий фуқароларнинг ҳақини бемалол, жавобгарликсиз мана шундай еб кетавериш мумкинми? Бўлди, улар эътиборсизлик туфайли маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўйган экан, жаримасини тўлади, зарарни қоплади. Яна нима қилсин? Қўйлари «адолатпарвар» вилоят ва туман раҳбарларининг бир оғиз сўзи билан мусодара бўладими энди? Қани, бунга бир парча асос?!

Туман ҳокими Холмирза Ниёзов Ҳ.Юнусовга «Интернетга ёздингми, бор, қўйларингни интернетдагилар топиб берсин энди», дебди.

Биз вазиятга ойдинлик киритиш учун Олтариқ туман ҳокими Холмирза Ниёзовга қўнғироқ қилдик. У қаердан қўнғироқ қилаётганимизни эшитгач, «йиғилишдаман», деб гўшакни қўйиб қўйди. Кун бўйи боғланишга бўлган кейинги уринишларимиз ҳам бесамар якунланди. Туман ИИБ навбатчилик бўлимидан боғланиш учун ИИБ бошлиғи И.Сайдиновнинг қўл рақамини сўраб ололмадик. Бизнинг рақамимизни у кишига етказиш вазифасини эса бажара олмайман, деди навбатчи. Вилоят ҳокими ёрдамчисига ҳам таҳририятдан кун бўйи қўнғироқ қилиб, улана олмадик.

Ҳ.Юнусовнинг маълум қилишича, у билан боғлиқ вазият марказий ва интернет нашрларида овоза бўлгач, маҳалла профилактика инспектори уни чақиртирган ва «Фарғона ҳақиқати» газетаси мухбири билан таништирган. Мухбир қўйлар эгасига: «Нега марказий нашрларга чиқдингиз, ахир биз ҳам муаммони ечишга ёрдам берардик-ку!?» — дея ўз ёрдамини таклиф этган. Унга интервью берган Ҳасанбой ака вилоятдаги барча мутасадди ташкилотларга мурожаат қилгани, натижа бўлмаганидан кейингина марказий нашрлар билан боғланганини маълум қилган.

Ҳасанбой Юнусов қўшниси Раҳматжон Абдуқаҳҳоров билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонасига ҳам мурожаат қилишган. Улар ҳам воқеани ўрганишмоқда...

Шу ўринда, пайтдан фойдаланиб, адолат истаб мақола ёзаётган журналистларни бирёқламаликда, ўз раҳбарларига нисбатан нафрат пайдо қилишда айблаб, чиқишлар қилган фарғоналик қаламкашларга мурожаат қилмасам бўлмайди:

Қанисиз, адолатпарвар, халқ манфаатини ўйловчи забардаст фарғоналик журналистлар? Хабарингиз йўқми вилоятда юз берган, мана энди, бутун республикага овоза бўлган шу чигал масаладан?! Қани, вилоят ҳокимидан оқ фотиҳа олиб, енгингизни шимариб, ишга киришинг-чи, ҳал қила олармикансиз мана шу муаммони?! Кўрайлик, қойил қолайлик. Фақат чорвадорларни ўзларини айбдор қилиб чиқарманглар, илтимос. Улар қонунда белгиланган жазосини олиб бўлишган. Қўйларни қайтариш керак энди.

Мухтасар қилиб айтганда, иззатталаб «аминлар» бу тарзда кетма-кет арзга муштоқ бўлиб тураверишса, қўйларини топиш учун Ҳ.Юнусов ва Р.Абдуқаҳҳоровнинг «дуонинг зўри билан қулф очадиган» азайимхонга обдастагардон қилишдан ўзга чора қолмайди… Лекин аниқ-ки, бу ҳам кор қилмайди.

Ш.Шокиржонов.

Kun.uz журналисти.

 

Таҳририятдан: Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Мавзуга оид