Ўзбекистон | 16:00 / 12.02.2018
87882
2 дақиқада ўқилади

Олтиариқдан хушхабар: Қўйлар эгаларига қайтарилди!

Фото: Facebook

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани «Қизилтепа» МФЙда яшовчи Ҳасанбой Юнусов ва унинг қўшниси Раҳматжон Абдуқаҳҳоровга тегишли жами 65 бош қўй-қўзилар фермернинг ғалла даласига кириб кетиб пайҳон қилингани сабабли 20 январь куни туман ИИБ томонидан ҳайдаб кетилгани ва ҳанузгача эгаларига қайтарилмаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Таҳририятимизга Ҳасанбой Юнусовнинг ўзи қўнғироқ қилиб билдиришича, ҳозиргина унга тегишли қўй-қўзилар уйига олиб келиб берилган. Қўшниси Р.Абдуқаҳҳоровга тегишли қўйлар ҳам қайтарилган.

— Қўйларингиз 25 бош эди, санаб олдингизми, ҳаммаси бутми? Ўша қўйларми?

— Ҳа, ўша қўйлар ҳаммаси бут. 25 бош эди, 27 бош қилиб қайтариб келишди. Иккита совлиқ қўзилабди (кулади). Ҳозир қўйларни эсон-омон қабул қилиб олганимиз ҳақида тилхат ҳам ёзиб бердик. Бизни қийнаган муаммо ҳал бўлишида ёрдам қилган, жамоатчилик диққатини жалб қилиб, бизни ёлғиз ташлаб қўймаган барча журналистларга оиламиз номидан ташаккур билдирамиз, — деди Ҳасанбой Юнусов.

Мавзуга оид