Жаҳон | 13:36 / 20.02.2018
11388
2 дақиқада ўқилади

Токиода 5,9 миллиард долларлик ёғочли осмонўпар бино қурилади

Фото: Sumitomo Forestry

Япониянинг Sumitomo Forestry компанияси 2041 йилгача дунёдаги энг баланд ёғочли осмонўпар бино қуришни режалаштирмоқда. У шу тариқа ўзи таъсис этилганлигининг 350 йиллигини нишонлаш истагида, деб хабар бермоқда Би-би-си.

Жаҳонда юқори сифатли ёғочни етказиб бериш бўйича энг йирик компания баёнотига кўра, W350 номли ушбу бинода 70 та қават бўлади.

Унинг массасидан фақат 10%и темир конструкциялар ҳиссасига тўғри келади, қурилишда 180 минг куб метр ёғоч ишлатилади. Фақат япон дарахт турлари танлаб олинади.

Бинонинг барча периметри бўйлаб балконлар назарда тутилган, у ерда боғлар барпо этилади.

Бинода қарийб саккиз мингта квартира бўлади. Баландлиги 350 метр бўлган пўлат каркас диагонал чўзилувчанлиги туфайли сейсмик барқарорга айланади.

Шунингдек, осмонўпар бинода муассасалар, дўконлар ва меҳмонхоналар ҳам жойлашади.

Лойиҳа қиймати қарийб 600 миллиард иена (5,9 миллиард доллар)ни ташкил этади, бу тахминан шу ўлчамдаги анъанавий осмонўпар бино қурилишидан икки баробарга кўп.

Шунга қарамай, Sumitomo компанияси муҳандислик техникаси ва қурилиш усуллари мунтазам такомиллаштирилиши сабабли ушбу лойиҳа учун сарф-харажатлар пасайишини ваъда қилди.

Ҳозирча дунёда энг баланд ёғоч бино Ванкувердаги 53 метр келувчи талабалар ётоқхонасидир.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид