Жаҳон | 20:40 / 25.02.2018
13997
2 дақиқада ўқилади

Хитой раиси анъаналарни бузиб учинчи муддатга қолиши мумкинми?

Фото: Jason Lee / Reuters

Хитой коммунистик партияси раҳбарияти конституциядан Хитой раиси лавозимини эгаллаш учун муддатлар сонини чеклаш ҳақидаги сўзларни олиб ташлашни таклиф қилди. Ҳозир бу лавозимни Си Цзиньпин эгалламоқда. Октябрда унинг исми Мао Цзэдун ва Дэн Сяопин қаторида партия низомига киритилди.

Хитой компартияси марказий қўмитаси мамлакат конституциясига Си Цзиньпиннинг социализмнинг “янги давр”ига қарашларини акс эттирувчи ўзгаришларни киритишни таклиф қилди, деб хабар бермоқда Bloomberg ахборот агентлиги. 

Ўзгаришлардан бири Хитой раиси лавозимини бир киши эгаллаши муддатига чекловни олиб ташлашга тааллуқли. Хитой конституциясига кўра, ушбу лавозимда иккита 5 йиллик муддатдан кўп қолиб бўлмайди. Си Цзиньпин ваколатлари 2023 йилда ўз якунига етади.

2017 йил октябрда компартия ўз қурултойида анъанани бузиб, Си Цзиньпиннинг ворисини маълум қилмаган. Ушбу қурултойда Си Цзиньпин исми компартия низомига киритилди ва у низомга киритилган Хитойнинг илк замонавий етакчиси бўлди. Қурултойгача низомга замонавий Хитой асосчиси Мао Цзэдун ва ислоҳотчи Дэн Сяопин исмларигина киритилган бўлган.

Ўша қурултойда юз берган ходимлар алмаштирилишлари мутахассислар томондан “инқилоб” деб аталиб, Хитой раҳбари қоидани бузиб, учинчи муддатга қолиши мумкинлиги борасида шубҳалар билдирила бошланган. 

Конституцияга ўзгартиришлар 2018 йил март ойида ўтадиган Хитой парламенти – Хитой халқ вакиллари йиғинининг навбатдаги сессиясидаёқ киритилиши мумкин.

Мавзуга оид