Фан-техника | 10:15 / 27.02.2018
19250
8 дақиқада ўқилади

Дунёни яқин йилларда ўзгартирадиган тўққиз технология

Металл 3D-босма, сенсорли шаҳарлар ва углеродсиз табиий газ - MIT Technology Review журнали махсус мақола эълон қилди.

3D-босма аввалдан маълум технология, бироқ уни ҳозиргача фақатгина баъзи дизайнерлар камёб нусхаларни яратиш учун қўллаб келмоқда. Бундан ташқари, бундай босма пластикда қилинади – аввал унинг учун бошқа материаллар, жумладан металлни ҳам қўллаш қиммат бўлган. Ҳозир, нашрнинг таъкидлашича, металл босма анча арзон бўлди, у катта ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланилмоқда. Бу технология, муаллифларнинг фикрича, саноатни бутунлай ўзгартиради. Масалан, зарарланган автомобилга эҳтиёт қисмини ишлаб чиқариш учун фабрикаларга бир неча мураккаб станокларни ўрнатиш талаб этилмайди - 3D-принтернинг ўзи етарли бўлади.

Келажакда баъзи деталларни ишлаб чиқариш билан чекланувчи катта заводлар ўрнига янги маҳсулот турларини осонлик билан ишлаб чиқариши мумкин бўлган фабрикалар келади. 2017 йилда Markforged компанияси металл босма учун нархи 100 минг доллардан паст бўлган илк 3D-принтерни тақдим этди. General Electric эса йирик металл деталларни ишлаб чиқариши мумкин бўлган принтерни синовдан ўтказмоқда. Компания бундай принтерларни 2018 йилдаёқ ишлаб чиқаришни бошлаши мумкин.

Сенсорли шаҳарлар

Alphabet ҳолдингиз бўлинмаси - Sidewalk Labs компанияси – Канада ҳукумати билан биргаликда Торонто шаҳрида Quayside «ақлли» шаҳри лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Шаҳар мавзеларида ўрнатилган сенсорлар атроф-муҳит ҳақида маълумотни йиғади – ҳаво сифати ва шовқин даражасидан то фуқаролар нима билан бандлигига қадар. Янги турдаги шаҳарларда барча транспорт автоматлаштирилган бўлади, улардан исталган одам фойдаланиши мумкин. Почтани етказиб бериш каби енгил вазифалар роботлар томонидан бажарилади. Sidewalk Labs бошқа дастурчиларга шаҳар тизимларига йўл очиб беришни режалаштирмоқда, бу улар ўз сервисларини ўша асосда ишга тушириши учун керак. Агарда Торонтодаги тажриба муваффақиятли бўлса, компания бошқа шаҳарларда ҳам шундай тизимларни жорий этади. Лойиҳани 2019 йилга қадар амалга ошириш мўлжалланган.

Барча учун сунъий идрок

«Сунъий идрок технологияларини асосан Amazon, Baidu, Google ва Microsoft каби йирик компаниялар ҳамда баъзи стартаплар қўллайди. Қолганлар учун бундай тизимларни татбиқ этиш жуда оғир ва қиммат бўлмоқда», - деб ёзади нашр. Бироқ булутда сунъий идрок технологиялари пайдо бўлиши билан улардан кўпроқ ишлаб чиқарувчилар фойдаланиши мумкин бўлади, деб ҳисоблайди MIT Technology Review. Бу соҳадаги ечимлар орасида - Amazon Web Services, Google Cloud ва Microsoft Azure’дан сунъий идрок тизимларини амалга ошириш учун воситалар. Ҳозирча сунъий идрок асосидаги тизимлар фақат технология саноатида қўлланилмоқда, бироқ яқин келажакда алгоритмлар тиббиёт, энергетика, саноат каби соҳаларда ҳам қўлланилиши мумкин.

Нейрон тармоқлар - дуэлянтлар

«Сунъий идрок технологияси фарқлашга алоқадор барча нарсада яхши – алгоритмга миллионта тасвирни кўрсатинг, ҳамда у уларнинг қайси бирида кўчадан ўтаётган пиёда бор эканини аниқ топади. Тасвирлар генерацияси масалаларида сунъий идрок технологиялари ҳозирча ишончни оқлагани йўқ – улар пиёдаларни мустақил равишда чиза олмайди: бунинг учун тасаввур керак». Олимлар ушбу муаммони ҳал қилиш йўлини биринчи марта 2014 йилда таклиф этишди. Генератив-баҳслашувчи тармоқ (GAN) деб аталувчи модель ўз ичига иккита нейрон тармоқни қамраб олади. Улардан бири кўрган нарсаси асосида тасвирни яратади – масалан, учта қўлли пиёдани чизади. Бошқаси тасвирни ҳақиқатга нақадар мос эканини баҳолайди. Бундай тармоқлар нафақат тасвирни яратиши мумкин, балки нутқни ҳам юзага келтиришга қодир. MIT Technology Review’нинг таъкидлашича, сўнгги вақтларда кўплаб компаниялар GAN билан синов ишларини ўтказишмоқда – демак, технология яхшиланиб бормоқда.

Бир зумда амалга оширилувчи таржима

Google  2017 йилнинг кузида Google Assistant ёрдамчисига эга Pixel Buds қулоқчинларини 159 долларлик нархда тақдим этди. Уларнинг ёрдамида суҳбатни бир зумдалик таржима билан ташкил этиш мумкин: бир суҳбатдош қулоқчинлардан фойдаланиши керак, бошқаси - Google Pixel смартфонидан. Pixel Google Translate’дан таржима қилинган нутқни қулоқчинларга ва улардан трансляция қилиши мумкин, шу тариқа бир тилда гаплаша олмайдиган инсонларга мулоқот қилиш имконини яратади.

Google Translate’нинг iOS ҳамда Android учун иловасида мулоқот учун алоҳида функция бор: уни ёқиб, икки суҳбатдош бир бири билан шунчаки гаплашиши мумкин, сервис эса тилни автоматик аниқлайди ва сўзларни таржима қилиб туради. Иловага яхши ишлаш учун халақит берадиган муаммолардан бири – фон шовқини. У нутқни фарқлашни қийинлаштириши мумкин. Pixel Buds бу муаммони бир тугма ҳисобидан ҳал қилмоқда, уни фойдаланувчи гапираётган пайтида ушлаб туради. «Албатта, ҳозирча қулоқчинлар жуда жозибадор кўринишга эга эмас, бироқ дизайн билан муаммоларни ҳал қилса бўлади», - дея хулоса қилган MIT Technology Review.

Углеродсиз табиий газ

Табиий газ – бутун дунёда энергиянинг энг асосий ва энг арзон манбаларидан бири. Гарчи табиий газ кўмирдан тозароқ бўлса ҳам, у сайёра атмосферасига жуда катта ҳажмларни чиқариб ташлайди. Американинг уч компанияси - 8 Rivers Capital, Exelon Generation ҳамда CB&I – табиий газдан энергиянинг «тоза» манбасини яратиш бўйича лойиҳа устида ишлаш учун бирлашишди. Тадқиқотчилар Net Power технологиясини синовдан ўтказишмоқда, у ёқилғи ишлаб чиқариш жараёнидаёқ барча ифлослантирувчи элементларни ютиб юборади. Уларнинг тахминича, ишланма яқин уч-беш йилда кенг қўлланила бошланади.

Тармоқдаги махфийлик

«Ҳақиқий махфийлик ваниҳоят реал ҳолатга айланиши мумкин – нол даражадаги ошкоралик протоколи туфайли (zero-knowledge proof)», - дея ёзади MIT Technology Review. Бу протокол маълумотларни шахсий маълумотни ошкор этмай узатиш имконини беради: масалан, фойдаланувчи ўз туғилган йилини кўрсатмай туриб, 18 ёшдан ошганини тасдиқлаши мумкин. Бундай тизимни Zcash аноним криптовалютаси блокчейн-лойиҳаси амалга ошириб бўлди. Ethereum яратувчиси Виталик Бутерин Zcash’ни бозорни ўзгартирувчи технология, деб атади.

Тахмин қилинувчи генетика

«Туғруқхонада янги туғилган чақалоқларнинг геноми харитаси ҳисобот билан тақдим этилувчи кун келади, ҳисоботда боланинг келажакда инфаркт ёки онкологик хасталикка чалиниши эҳтимоли, ёки бошқалардан ақллироқ бўлиши мумкин экани ёзиб қўйилади». ДНК-тестлар бутун дунё бўйлаб компаниялар томонидан ўтказилмоқда, бироқ ҳозирча, нашрнинг фикрича, уларнинг тахмини идеал аниқликка эга эмас. Улар фақат у ёки бу хасталик ривожини очиқлайди, бироқ касалликни унинг ривожланиш эҳтимоли паст бўлган одам ҳам ўзида аниқлаши мумкин. Бундан ташқари, маълумотга эга бўлганлар ундан қандай қилиб фойдаланиши ҳозирча номаълум – бу масала тадқиқотчиларда савол уйғотади.

Яқинда, деб тахмин қилмоқда MIT Technology Review, ДНК-тестдан сайёранинг ҳар бир фуқароси фойдаланиши мумкин – технология келажаги «ҳам қизиқарли, ҳам хавотирли».

Квант компьютерлар

Квант компьютерлар, дея таъкидлайди нашр, бугунги технологияларнинг кучи етмайдиган ҳисоб-китобларни амалга ошириши мумкин. Улар беш-ўн йилдан сўнг пайдо бўлади, бироқ ҳозирча инсонлар бундай қувват қаерда қўлланилиши мумкин эканини охиригача тушунмаяпти. «Кимёгарлар катта қизиқишда: оддий компьютерда молекулаларни моделлаштириш жуда мушкул. Олимлар квант ҳисоб-китоблар қилиш имкони пайдо бўлса, янада самарали дорилар ва бошқа бирикмаларни ишлаб чиқишга киришиши мумкин», - дея ёзади MIT Technology Review.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид