Жаҳон | 13:07 / 11.01.2023
15198
6 дақиқада ўқилади

Технология ва IT'да етакчи ҳиндлар. Улар бунга қандай эришяпти?

Ҳиндлар АҚШда дастурчилик ва муҳандислик каби муҳим соҳаларда етакчи. Келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган ходимлар Силикон водийсидаги Microsoft, Alphabet компанияси (Google) каби йирик стартапларни бошқармоқда. Келажакда Ўзбекистон меҳнат бозорини таъминлай олиш ва ривожланган давлатларга шунчаки оддий ишчи мигрант бўлиб бормаслик учун ҳиндлардан нималарни ўрганиш мумкин?

Фото: AFP

Бу йил аҳоли сони ўсиши бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олиши кутилаётган Ҳиндистон дунёда меҳнат бозори энг катта давлатга айланади. Бу меҳнат бозори ўзининг дастурчилик ва технология соҳасида профессионаллиги билан аллақачон танилиб бўлган. АҚШнинг технология гигантлари жойлашган Силикон водийсидаги йирик компанияларда ҳам ҳинд раҳбарлар бор.

Ҳиндистон молия вазири ўзининг чиқишларидан бирида ҳинд олий таълими дунё бўйлаб кўплаб йирик компаниялар ривожланишига ҳисса қўшаётгани, хусусан, АҚШнинг Силикон водийсидаги стартапларнинг тахминан 25 фоизини келиб чиқиши ҳинд миллатига мансуб кишилар бошқараётганини тилга олган.

BBC'нинг ёзишича, келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган одамлар АҚШ аҳолисининг тахминан 1 фоизига тенг бўлса-да, улар Силикон водийсининг 6 фоиз ишчи кучини ташкил қилади.

АҚШда ишлашга рухсат берадиган H-1B визасининг 70 фоиздан ортиғи ҳинд дастурчиларига берилади. Сиэтл каби шаҳарлардаги хорижлик муҳандисларнинг тахминан 40 фоизи ҳиндлардан иборат.

Twitter ижтимоий тармоғини қарийб бир йил бошқарган Параг Агравал, Alphabet компанияси (Google) бош директори Сундар Пичаи, Microsoft компанияси раҳбари Сатья Наделла – ҳинд.

Сундар Пичаи
Параг Агравал
Сатья Наделла

Ҳиндларнинг ривожланган давлатда бунчалик муваффақият қозониши сири нимада?

Таълим тизими

Ҳиндистон дунё бўйича STEM йўналиши битирувчиларининг 31,7 фоизини етиштириб берувчи мамлакат ҳисобланади. STEM – Science, Technology, Engineering, Mathematics – фан, технология, муҳандислик ва математикани ўз ичига олган фанлар йиғиндиси. STEM фанларини яхши ўқитиш болани рақамли дунёга тайёрлаш ва янги ривожланган дунёни тушунишига қадам қўйиш билан баробар.

Бу йўналишда ўқитишда фанни яхши ўрганиш, муаммони ҳал қилиш ва мантиқий фикрлашни ўзлаштиришга урғу берилади. STEM ўқувчиларга мактабда, ишда ва турли ҳоббиларда муваффақият қозониш имконини беради.

Масалан, STEM'ни турли асбоблардан иборат дурадгор қутиси деб олсак, уни яхши ўзлаштирган бола қутидан керакли асбобларни ўзи танлаб олиб, истаган нарсасини ясай олади. Яъни фанларнинг ҳаммаси керакли, лекин битта ўзи алоҳида эмас, биргаликда фойдали ва кутилган натижани беради.

Фото: AFP

Ҳиндистон STEM фанлари аҳамиятини тушуниб етган ва келажакка мослаша оладиган кадрларни тайёрлай олиш учун уни миллий таълим сиёсатига киритган.

Ҳиндистонда “Болалар ё муҳандис, ёки доктор бўлиш учун туғилади”, деган ҳазил ҳам бор.

Фото: AP

Кўплаб ҳинд ёшлари АҚШга кетганда ёки H-1B ишчи визаси, ёки STEM йўналишида ўқиш учун виза имкониятларидан бирини танлашади.

Хуллас, таълимнинг аҳамияти сабаб ҳам ҳиндлар АҚШдаги энг катта компанияларга бориб қўшила олишмоқда.

Чидамлилик

Ҳиндистонда 1,4 млрд аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли сони юқорилиги ҳисобига болалар кичиклигиданоқ стрессларни бошдан кечириш ва чидамлиликка ўрганишга мажбур бўлади.

Нуфузли коллежга ўқишга кириш, муносиб ишга эга бўлиш учун тинимсиз тайёргарлик кўриш керак. Мингдан ортиқ одам тўғри келадиган коллеждаги битта ўқув ўрнини эгаллаш учун курашиш – ҳақиқий тобланиш демакдир.

Шунинг учун ҳиндлар рақобатбардош ва чидамлиликка мойил тарзда вояга етади.

Тенглик

Ҳиндистонда ҳар 100 мил масофадан кейин одамлар, тил, овқатлар ва маданият бошқачароқ бўлиб бораверади. Бу мамлакатда шунинг учун ҳам хилма-хиллик ичида яшашга ва уни қадрлашга ўрганиш мумкин.

Фото: Reuter

Инглиз тили

Технология соҳаси инвесторларидан бири Балажи Сринивасаннинг қайд этишича, Америкада ҳиндлар хитойликларга қараганда ҳам кўпроқ устунликка эга. Сабаби улар инглиз тилини яхши билишади.

Ҳиндлар дунёда инглиз тилида гаплашувчилар сони бўйича (125 млн) АҚШдан кейин иккинчи ўринда туради. Ҳиндистоннинг ўзида эса 100дан ортиқ маҳаллий тил лаҳжалари мавжуд. Сиз ўз уйингизда она тилингизда гапиришингиз мумкин. Бу тил ҳатто мактабда ўқитиладиган маҳаллий тилдан ҳам фарқ қилиши мумкин. Одамлар бир нечта маҳаллий тилда ҳам гаплаша олади. Бир нечта тилда гаплаша олиш хотирани мустаҳкамлаш, диққатни жамлаш, муаммони ҳал қилиш, бир вақтда бир нечта вазифани бажариш ва эшитиш қобилиятларини ривожлантиради.

Илмга инвестиция киритиш

Таълимга маблағ ажратиш ва фарзандлари ўқишини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратиш ҳам Ҳиндистоннинг ютуғи. Буни Alphabet компанияси (Google) бош директори Сундар Пичаи мисолида кўриш мумкин.

Пичаи Ҳиндистондаги ўртаҳол оилада, 2 хонали уйда катта бўлади. Унинг ухлаш учун ўз хонаси ҳам, оиласининг шахсий машинаси, ҳатто телевизори ҳам бўлмаган.

Лекин отаси боласи қалбида технологияларга қизиқиш уйғота олади. У Ҳиндистондаги Британиянинг General Electric компаниясида оддий ходим бўлиб ишлаган. Мана шу рағбат сабаб Ҳиндистонда технология йўналишида ОТМни тугатган Сундар Стенфорд университетидан стипендия ютиб олади.

“Бироқ Америкага самолёт чиптаси нархи дадамнинг бир йиллик маоши билан тенг эди. Ўшанда мен илк марта самолётга чиққанман”, дея ўзига оид ҳикояни айтиб беради 2020 йил карантин вақтида таълим муассасаларини тугатган битирувчиларга йўллаган табригида.

Ҳозир эса Сундар Пичаи дунёдаги энг йирик компаниялардан бирини бошқаради.

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Зилола Ғайбуллаева
Тайёрлаган Зилола Ғайбуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид