Жаҳон | 00:00 / 02.03.2018
83609
3 дақиқада ўқилади

Путин Россиянинг энг янги қуролларини тақдим қилди

Россия президенти Владимир Путин Федерал йиғинга мурожаатида унинг айтишича дунёда аналоглари йўқ бўлган энг янги стратегик ҳарбий ишланмаларни тақдим қилди. Қуроллар тақдимоти уларнинг имкониятларини намойиш қилиш мақсадида кўплаб видеороликлар билан олиб борилди. Қуйида Путин томонидан таништирилган қуроллар намуналари ҳақида қисқача маълумотлар берилган.  

“Сармат” баллистик ракетаси  

Янги қитъалараро ракета “Воевода” мажмуаси ўрнига келади. Унинг синовлари бошлаб юборилган. Ракета 200 тонна келади ва парвоз узоқлиги бўйича деярли чекловга эга эмас. “Сармат” ядровий ва катта кучга эга гипертовушли ўқ-дорилар кенг спектри ҳамда ракеталарга қарши мудофаа тизимини (РҚМТ) енгиб ўтувчи энг замонавий тизимлар билан жиҳозланган.

Ядровий двигателга эга янги қанотли ракета

Ядровий энергетик қурилмага эга қанотли ракета муваффақиятли синовдан ўтказилди. Ушбу ракета ҳам чекланмаган таъсир қилиш доирасига ва олдиндан айтиб бўлмас парвоз траекториясига эга бўлади. Ракета нишонга яқинлашганда баллистик парвоз траекториясини қўлламайди, шу сабаб РҚМТ унга қарши ожиз бўлади.

Қитъалар орасида ҳаракатлана олувчи сув ости дронлари 

Сув ости кемалари, замонавий торпедо ва энг тезкор сув сирти кемалари тезлигидан бир неча марта каттароқ тезликка эга, қитъалар орасида ҳаракатлана олувчи бошқарувчисиз сув ости қурилмалари ишлаб чиқилган.

“Кинжал” гипертовушли ракета мажмуаси

2017 йил 1 декабрда Россиянинг Жанубий ҳарбий округида юқори аниқликдаги гипертовушли авиация-ракета мажмуаси “Кинжал” жанговар навбатчиликка қўйилган. Самолёт-ташувчи ракетани уни ташлаш нуқтасига саноқли дақиқаларда етказа олади. Ракета парвоз вақтида траекториянинг барча қисмларида манёврлар бажаради ва товуш тезлигидан 10 карра каттароқ тезлик билан ҳаракатланади. Унинг таъсир қилиш доираси 2 минг кмдан кўпроқни ташкил қилади.  

Ўзи учиб юрувчи қанотли блокка эга “Авангард” ракета мажмуаси

Янги стратегик қурол – ўзи учиб юрувчи қанотли блокка эга “Авангард” ракета мажмуасининг серияли ишлаб чиқарилиши бошланди. Бу тизим атмосферанинг зич қатламларида қитъалараро парвозларни Мах сонидан 20 марта каттароқ гипертовушли тезликда амалга оширишга имкон беради. Блок узоқ вақт ёнувчи оловли шар каби манёвр қила олади.

Жанговар лазер мажмуалари

Россияда янги физик тамойилларга асосланган истиқболли қурол – жанговар лазер мажмуалари яратилган. 2017 йилда бу мажмуалар Россия қўшинларига етказила бошланди. Путин унинг кўрсаткичларини айтиб ўтирмаган ва Россия бу масалада бошқа давлатларга нисбатан битта қадам олдинлаб кетганини айтган. 

Путин ўз чиқишини якунлар экан, Россиянинг энг янги ракета қуроллари АҚШ РҚМТини ва НАТОнинг шарққа кенгайтирилишини бефойдага айлантиришини таъкидлаб ўтган. 

Мавзуга оид