Ўзбекистон | 17:40 / 02.03.2018
207184
3 дақиқада ўқилади

Улуғбек Суннатов ва Жамшид Файзиев қўлга олинган. Прокуратура хабар «сир тутилгани»га изоҳ берди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси яна икки прокурор қўлга олингани ҳақида расман маълумот берди.

Прокуратура расмий сайтида маълум қилинишича, Тошкент вилоятининг собиқ бош прокурорлари Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов айни вақтда ҳибсда.

Фото: Ўзбекистон24/чапда Улуғбек Суннатов

«Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Ж.Файзиев ва У.Суннатов ушланган», дейилган хабарномада.

Хабарда интернет нашрларида Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Рашид Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши ортидан тарқатилаётган кўплаб ахборотлар фойдаланувчиларда тергов тафсилотлари борасида турли фикр ва мулоҳазаларни келтириб чиқараётгани қайд этилган.

«Шу муносабат билан, Бош прокуратура Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ тергов органи дастлабки терговни олиб бориш вақтида жиноят ишидаги барча маълумотларни ёки унинг муайян қисмидаги маълумотларни ошкор қилинмайдиган деб эътироф этишга ҳақли эканлигини маълум қилади.

Бу турдаги маълумотлар терговнинг сифатли, тўла ва холисона ўтказилишини таъминлаш, шунингдек жиноят изларининг йўқ қилиниши, жиноий йўл билан топилган ашёлар, воситаларнинг яширилиши, тергов органларининг ҳақиқатни аниқлаш борасидаги фаолиятига тўсқинлик қилиниши ёки тергов жараёнини қийинлаштирувчи бошқа қонунга хилоф ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ошкор қилинмайди.

Бу каби ахборотларни эълон қилиш тезкор тадбирлар ва дастлабки терговга зиён етказиши, айбдор шахсларни ўз вақтида фош этиш ва ушлашга тўсқинлик қилиши мумкин», дейилган хабарда.

Улуғбек Суннатов ва Жамшид Файзиев иши бўйича тергов сирини ташкил қилмайдиган қўшимча ахборотлар вужудга келиши баробарида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг расмий сайтида тегишли маълумотлар чоп этиб борилиши маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Рашид Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 221-моддаси тартибида ушланганлиги ҳақида 24 февраль куни хабар берилган эди. У қўлга олингани ҳақида 22 февраль куниёқ хабарлар тарқалганди. Қодировга нисбатан «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари бўйича жиноят иши очилган.

Кейинроқ «Kun.uz» сайтида Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ҳам қўлга олингани, аммо бу маълумот расман тасдиқланмаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид