Спорт | 15:40 / 04.03.2018
17911
2 дақиқада ўқилади

Енгилмас Уайлдер навбатдаги жангда ҳам нокаут билан ғалаба қозонди

© AP Photo/Frank Franklin II

Америкалик боксчи Деонтей Уайлдер супероғир вазнда WBC камарини ҳимоя қилди. Нью-Йоркдаги бокс кечасида кубалик Луис Ортисга қарши 12 раундлик жангда у 10-раундда техник нокаут билан ғалаба қозонди.

Ушбу боксчилар жангни ўтган йил ноябридаёқ ўтказишлари керак эди, аммо Ортис допинг-тестдан ўтмади ва дисквалификация қилинди. Ўшанда Уайлдер канадалик Бермейн Стивернга қарши рингга чиқиб, биринчи раунддаёқ уни нокаутга учратганди.

Уайлдер Ортисни 5-раундда нокдаун ҳолатига туширди. Аммо 7-раундда унинг ўзи кучли зарбани ўтказиб юборди ва полга қулашига бир бахя қолди, гонг чалиниб қолгани уни қутқарди. Саккизинчи раундни у бой берди, тўққизинчи раундда эса ташаббусни ўзига қайтарди. 10-раундда Уайлдер кубалик боксчини икки бор нокдаун ҳолатига туширди ва рефери жангни тўхтатди, америкалик боксчи ҳисобига техник нокаут билан ғалаба ёзилди.

Айни вақтда 32 ёшда бўлган Уайлдер профессионал рингда мағлубиятсиз давом этмоқда - 40 ғалаба, шундан 39таси нокаут билан. Америкалик боксчи еттинчи марта жаҳон чемпиони камарини муваффақият билан ҳимоя қилди. 38 ёшли Ортис учун бу фаолиятидаги илк мағлубият бўлди, шу вақтгача у 28 жангда 28 ғалаба (24 - нокаут) қайд этганди.

Бу жанг учун Уайлдер 2,1 млн доллар ишлаб олди, Ортиснинг улуши 500 минг доллар.

Британиялик жаҳон чемпиони Энтони Жошуа (WBA ва IBF) ҳамда янги зеландиялик Жозеф Паркер (WBO) ўртасида 31 март куни Кардиффда жанг бўлиб ўтади.

Мавзуга оид