Ўзбекистон | 20:58 / 05.03.2018
6167
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси спикери Туркия делегациясини қабул қилди

Бугун, 5 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддинжон Исмоилов Туркия Республикаси Буюк миллат мажлисининг "Туркия-Ўзбекистон" парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. 

Учрашув давомида Қонунчилик палатаси спикери Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йилнинг 25-26 октябрь кунлари Туркияга амалга оширган давлат ташрифи давомидаги олий даражадаги музокараларда парламентлараро ҳамкорликни ташрифлар алмашинуви ва қўшма тадбирлар ўтказиш орқали қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилганини ёдга олди. Шунингдек Ўзбекистон раҳбарининг Туркия Буюк миллат мажлиси спикери Исмоил Қаҳрамон билан учрашувининг амалий натижаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолангани муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаб берганини алоҳида қайд этди.

Туркиялик меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Таъкидланганидек, бугунги кунда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ Ўзбекистонинг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор ҳудудий ва давлат дастурлари амалиётга изчил татбиқ этилмоқда. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, мулоқотларда ҳар иккала томон учун муҳим ҳисобланган хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, савдо-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Буюк Миллат Мажлисининг “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳи раиси Ҳайдар Али Йилдиз самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги пайтларда икки мамлакатнинг олий вакиллик органлари ўртасидаги алоқалар фаол ривожланаётганини алоҳида таъкидлади. Бу каби амалий мулоқотлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва албатта парламентлараро соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришда катта туртки бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

Мавзуга оид