Жамият | 09:06 / 06.03.2018
11289
2 дақиқада ўқилади

Тадбиркордан пул олмоқчи бўлган товламачилар ушланди

Тошкент вилоятида тадбиркордан пул ундирмоқчи бўлган товламачи аёллар қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси хабар бермоқда. 

2018 йил 2 март куни соат 18:30 да Юқоричирчиқ туманида жойлашган «Standart food sales» хусусий корхонасининг раҳбари, Ўртачирчиқ туманида яшовчи С.Н.га тегишли савдо дўконида З. Ва Н. исмли аёллар сунъий равишда жанжал кўтариб, савдо дўконидан ҳарид қилинган маҳсулотлар учун харид чеки бермаганлиги ҳамда моддий ва маънавий зарар ундириш мақсадида солиқ идораларига ариза ёзиш билан кўрқитиб, эвазига товламачилик йўли билан 10.000.000 сўм миқдорида пул беришни талаб қилганлар.

С.Н.нинг товламачи аёлларга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраб ёзган мурожаати асосида туман прокуратураси ва Тошкент вилоят ИИБ ходимлари томонидан тадбир ўтказилган. Бунинг натижасида Паркент туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун судланган Г.Р. ва Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи, муқаддам фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун судланган Н.Э. талаб қилинган пуллардан 1.500.000 сўм миқдорида пул олишга келишиб, Юқоричирчиқ туман давлат солиқ инспекцияси биноси ёнида ушбу пул маблағларини С.Н.дан олишган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланганлар. 

Ҳозирда Г.Р. ва Н.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, Юқоричирчиқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов олиб борилмоқда. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид