Жамият | 21:55 / 09.03.2018
70126
3 дақиқада ўқилади

Рўмол ва ҳижоб билан боғлиқ муаммолар тегишли қонун ёки низом даражасида ўз ечимини топишига умид билдирилди

Фото: Azon.uz

9 март куни Ёшлар Пресс-клубида диний қўмита вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда рўмол ва ҳижоб масаласи кўтарилди. Кўп сонли юртдошларимизнинг мавзуга оид саволларига жавобан рўмол ва ҳижоб билан боғлиқ муаммолар тегишли қонун ёки низом даражасида ўз ечимини топишига умид билдирилди. 

"Рўмол масаласининг кўтарилиши табиий ҳолат, биз буни тўғри жараён, деб қабул қиламиз. Бугунги кунда юртбошимиз ташаббуси билан муаммоларнинг тубига етиб, уларни бартараф этишга доир қатор ислоҳотлар ўтказилмоқда ва улар қонун ё низомлар даражасида ўз ечимини топмоқда. Демак, бу масала ҳам секин-аста қонун ё низом даражада ўз ечимини топади деган умиддамиз", - деди мутахассислардан бири. 

Яна бир мутахассис буни сиёсий тазйиқ деб тарғиб қилиш нотўғри эканини таъкидлади. "Ҳозир муаммо кўтарилди, жараён кечяпти ва ўз-ўзидан диний идорага ҳам шунга доир мурожаатлар тушади. Бу масалани сиёсийлаштириш нотўғри ташвиқот бўлиб қолади", - деди у. 

"Кўриб турибмиз, кўча-кўйда ҳижобли опа-сингилларимиз юришибди, бу албатта яхшилик аломати. Лекин шунча одам шу масалани кўтарган экан, демак қаердадир бу муаммо бор, - дейди учинчи мутахассис. - "Қонунда таҳдид йўқлигига қарамай, шу нарса бор" дейиляпти саволнинг ўзида. Демак, қонунда тақиқ йўқ. Барча вилоятларимизда опа-сингилларимиз рўмол ўраб юришибди, ҳеч ким ҳеч нарса демаяпти. Ҳижоб масаласида ҳам тақиқ йўқ, агар қаердадир бу билан боғлиқ муаммо бўлса, бугунги кўрсатувнинг ўзиёқ уни ҳал қилишга туртки беради".

Бундан ташқари, улар ҳижоб сўзининг ўзини тўғри талқин қилиш кераклиги, ҳижобда юз ва қўл соҳалари очиқ бўлиши лозимлигини қайд этишди. Қора либосларга салбий муносабат билдирилди. Бундай кийимлар Саудия Арабистонидан кириб келгани, унинг ўрнига ўзимизнинг миллий кийимларни кийиш мумкинлиги айтилди. 

Мавзуга оид