Жаҳон | 22:30 / 11.03.2018
45644
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонликка шифохонада ёстиқ ўрнига унинг кесиб ташланган оёғи берилди (видео)

Фото: twitter\Rohan Dua

Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги шифохоналардан бирида оёғи кесиб ташланган беморга ёстиқ ўрнига унинг кесилган оёғи берилди. Ушбу ҳолат видеоси твиттерда жойлаштирилди. Видеода оёғи тиззаси пастидан кесилган эркак кушеткада томизғич (капельница) остида ётганини, унинг кесиб ташланган оёғи эса боши остига қўйилганини кўриш мумкин.

NDTV телеканалининг маълум қилишича, ушбу воқеа Жханси шаҳридаги давлат тиббиёт коллежи қошидаги шифохонада юз берган. Шифохонада ушбу ҳолат юзасидан текширув бошланган ва у ўтказилиши вақтида воқеага алоқадор 2 шифокор ишидан вақтинчалик четлатилган. Махсус комиссия айнан ким бемор боши остига унинг оёғини қўйганини аниқлаши керак. Агар шифокорлар айбдор бўлсалар, уларга нисбатан жиддий чоралар кўрилади.

Шу билан бирга беморнинг яқинлари ва шифокорлар версиялари фарқ қилмоқда. Шифокорларнинг айтишича, йўл-транспорт ҳодисасида жабрланган Гханшям исмли эркакка шифохонада шошилинч ёрдам кўрсатилган. Шундан кейин шифокор бемор боши остига қўйишга нарса қидира бошлаган ва беморнинг яқинларидан бири унинг кесилган оёғини қўллашга қарор қилган. Бемор яқинларининг айтишича эса, оёқни эркак боши остига шифокорлар қўйишган ва уни ёстиқ билан алмаштиришдан бош тортишган. Натижада беморнинг яқинлари бозордан ёстиқ сотиб олишган.

Эркакнинг оёғи йўл транспорт ҳодисаси оқибатида узилиб кетгани ёки шифокорлар уни олиб ташлашга мажбур бўлганлари борасида ҳам аниқлик киритилмаган.

200 млндан кўпроқ одам яшайдиган Уттар-Прадеш Ҳиндистоннинг энг ночор штатларидан бири ҳисобланади. Таъкидланишича, бу ердаги шифохоналарда кичик даволанишни ҳам анча узоқ кутишга тўғри келади, тиббий масъулиятсизлик эса кенг тарқалган ҳодисадир.


 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид