Жаҳон | 11:06 / 12.03.2018
50446
16 дақиқада ўқилади

Иккинчи Мао. Рақибларини қамоққа ташлаган ва Хитой етакчисига айланган «камгап Си»

Фото: REUTERS/Tyrone Siu

Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши депутатлари (БХВЙ) - қонун чиқарувчи олий орган - Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимини эгаллашга чекловларни бекор қилди. Бугунги кунга қадар ушбу лавозимларни кетма-кет икки муддатдан ортиқ эгаллаш мумкин эмас эди. Энди эса, бош котиб Си Жинпинг иккинчи муддати тугагач, 2023 йилдан кейин ҳам ўз лавозимида қолиши мумкин. Хитойнинг ҳозирги етакчиси таржимаи ҳолидан баъзи тафсилотларни келтирамиз.

Кўпчилик ҳозирги Хитой ҳақида фақат икки нарсани билади: у ерда жуда кўп одам яшайди ва у ерда, катта эҳтимол билан, ҳамон коммунизмни қуришмоқда, аммо капиталистик жиҳат билан. Бироқ, аксарият Хитой президентининг номини эслай олмайди, айнан унинг позицияси ҳозирда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётига таъсир кўрсатмоқда.

Бироқ, хитойликларнинг ўзи ҳам ўз етакчилари ҳақида кўп нарсани билишмайди.

«Индамас Си» - Си Жинпинг беш йил олдин Хитой етакчиси бўлганида кўпчилик уни шундай атаган. Бундан ташқари, Хитой бош котибининг ғазаб отига минганини кўриш деярли имконсиз, дейишган - нима бўлишидан қатъи назар, унинг юзида доимо қатъий табассум ўйнайди ва бу минг йиллик Хитойнинг ташқи дунёга бўлган муносабатини ўзида акс эттиради.

Катта сакраш қурбони

Си Жинпинг 1953 йилнинг 1 июнь куни Пекинда, партия етакчиларидан бири Си Жунсуннинг оиласида туғилган. Си Жунсун партия МҚ мафкура бўлими бошлиғи бўлган. У 1959 йилда, партиянинг VIII қурултойида Сиёсий бюро таркибига сайланган ва ХХР Давлат кенгаши раиси ўринбосари этиб тайинланган – яъни Маодан сўнг мамлакатдаги иккинчи шахс.

Си Жинпинг (чапда) отаси ва укаси билан, 1958 йил. Фото: wikipedia.org

Бироқ Си Жунсуннинг партиядаги фаолиятига адабиётга бўлган муҳаббати зарар етказди. У 50-йиллар бошида ёшликдаги дўсти – қизиқ қўмондон Лю Жидан ҳақида китоб ёзган. Ҳаммаси ҳам ёмон эмасди, бироқ “қизил баҳодир Лю”нинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида у Гао Ганни тилга олган – ХХР Давлат режа қўмитаси собиқ раиси – китоб чиққанидан икки йил ўтиб у халқ душмани сифатида эълон қилинди. Си Жунсуннинг китоби ҳақида фақат 1962 йилда, Хитой партиясида “катта тозалаш” вақти келганида эслашди.

Аммо, Сининг қулашига сабаб бўлган бошқа нарса ҳам бор эди. Мао 50-йиллар охирида Катта сакраш янги стратегияси бошланганини маълум қилди. Якунда ушбу Катта сакраш иқтисодий фалокат билан тугади: мамлакатда очарчилик бошланди, у бир неча йил ичида 45 млн одамни ҳаётдан олиб кетди.

Фото: wikipedia.org

Албатта, Катта сакрашнинг муваффақиятсизликка учрашига кимдир жавоб бериши керак эди, ҳамда Маода партияда тозалаш бошлади, ўшанда ўн минглаб партия раҳбарлари халқ душмани сифатида эълон қилинди. Улар орасида Си Жунсун ҳам бор эди.

Халқ душманининг ўғли

Фото: REUTERS/Jason Lee

Лекин Си Жунсунга омад кулиб боқди – уни отиб ҳам ташлашмади, қамоқда ҳам чиритиб юборишмади. Уни шунчаки барча лавозимлардан озод этиб, Хэнань провинциясидаги Лоян шаҳрида қурилаётган тракторсозлик заводига директори қилиб жўнатиб юборишади.

У лагерга фақат 1967 йилда тушди, Хитойда Маданий инқилоб бошланган пайтда. Ўшанда Маонинг сиёсий рақиблари “ички ва ташқи ревизионизм билан кураш” ниқоби остида йўқ қилина бошланди. Душманлар билан эса ёш хунвейбинлар кураш олиб борди. Улар Сига ҳам ҳужум қилиб, уни чала ўлик ҳолатга келгунича дўппослашди, сўнг лагерга жўнатиб юборишган.

Ўшанда ёш Си Жинпинг энди 13 ёшда эди. У онаси Си Синь, синглиси Цяоцяо ва укаси Юаньпин билан Шаньси провинциясига қочиб ўтди. Қишлоқда эса улар барибир маҳаллий хунвейбинларнинг қўлига тушишди.

“Аксилинқилобчи”нинг ўғли сифатида Си Жинпинг укаси билан чўчқаларга қараши ва чўчқахонада яшаши керак эди.

Си Жинпингнинг ўзи орадан анча йиллар ўтиб Хитой журналларидан бирига берган интервьюсида шундай эслаган:

- Ёшлигим ҳақида нима эслай оламан? Фақат доимий очлик ва совқотиш ҳисси. Яна ҳар кунлик оғир меҳнат, доимий калтаклашлар ва ёлғизликни эслайман. Етти йил давомида чўчқахонада яшадим. Ғиштлардан қилинган каравотда ётардим, устимга эса бургалар билан тўлиб тошган адёлни ёпганман. Мен чўчқалар билан битта пақирдан чув ичганман...

Чўчқахонадан - партия князларидан бирига

Фото: REUTERS/Minh Hoang

Ҳаммаси 1976 йилда, Мао Цзедуннинг ўлимидан сўнг ҳукумат тепасига ислоҳотчи Дэн Сяопин келганида ўзгарди. Кичик Си сиёсий курс ўзгарганини дарҳол пайқади. Гарчи отаси ҳамон халқ душмани бўлиб, меҳнат лагерларида қолаётган бўлсада, унга чўчқахонани тарк этишга рухсат берилди. Бундан ташқари, сиёсий репрессиялар қурбонларини реабилитация қилиш бўйича кампания доирасида кичик Си компартияга қабул қилинди ва ўша чўчқахона бригадасиги партия ташкилоти котиблигига тайинланди. Бироқ, орадан кўп ўтмай у Пекинга кетиб, Синхуа университетининг кимё-технология факультетига ўқишга кирди.

1978 йилда катта Си реабилитация қилинди. У Сяопиннинг қўллаб-қувватлови билан Гуандун провинцияси губернаторига айланди. 1980-йилларда, ХКП МҚ котибиятига сайланган Жунсун иқтисодий либераллашув сиёсатини бошлади. Шунингдек, катта Си “махсус иқтисодий зона” пойтахти – Шэньчжэнь шаҳри қурилишига куратор бўлди.

"Отасининг ўғли" халққа кириб борди

Фото: REUTERS/Fred Dufour

Кичик Си кимё-муҳандиси дипломини олиб, партиядаги карьерасини бошлади. Сўнг отасининг ёрдами билан ХХР Давлат кенгашининг ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Гэн Бяо котибига айланди. Отасининг кўрсатмаси билан у Хитойнинг Буюк Британиядаги элчиси қизи - Кэ Сяоминга уйланди. Бироқ, бу никоҳ кичик Сига тўғри келмади. Уларнинг ўша пайтдаги қўшнилари хотирасига кўра, ёшлар ҳар куни жанжаллашишган. Олий маълумотли ва жуда гўзал Кэ Пекиндаги ҳаётдан чарчаганди, бунда деярли ҳар бир қадам партия органлари ва махсус хизматлар назоратида бўлган. У эрини ҳаммасини ташлаб, Ғарбга қочиб кетишга чақирарди, лекин кичик Си бу қочиш отаси ва бутун оиласига салбий таъсир кўрсатишини яхши тушунарди.

1982 йилларда улар ажрашишди. Кэ мамлакатни тарк этди ва Англияга кўчиб ўтди, Жинпинг эса Хитойда қолди. Кичик Си барча лавозимларни тарк этиб, Жэндин шаҳрига жўнаб кетади.

Тяньаньмэндан кейинги вазият

Фото: wikipedia.or/Derzsi Elekes Andor

Жэндинда кичик Си уч йил ишлаб, бу қашшоқ шаҳарни йирик туристик марказга айлантира олди. Бироқ, Си Жинпингнинг ўзи муваффақиятларига катта баҳо бермайди:

- Жэндинда мен одамлар билан ишлашни бошладим, - деганди у интервьюларидан бирида.

1985 йилда кичик Си Сямэнь шаҳри мэри ўринбосари бўлди. Бироқ, бу ерда Жинпинг қатъий қадамларга қодир эканини кўрсата олди – 1986 йилнинг ёзида у шаҳарда талаблар намойишларига кескин нуқта қўйди.

Си Жинпингнинг қатъийлиги ва кескин ҳаракатларга қодир экани уч йилдан сўнг – Тяньаньмэнь майдонидаги ҳодисаларда янада аниқ кўринди. Ушбу ҳодисалардан сўнг мамлакат провинцияларида оммавий ҳибсга олишлар юз берди.

Якунда Си Жинпингнинг карьераси вертикал жиҳатдан ривожланди – 1989 йилда Фуцзянь провинцияси партия етакчисига ва Хитой Халқ-озодлик армияси округ партия ташкилоти биринчи котибига айланди. Бироқ, шундан сўнг унинг фаолиятида катта танаффус юз берди. Хитойнинг янги етакчиси Цзян Цзэминь асосан ўз одамларини катта лавозимга қўйди.

Вазият фақатгина 2002 йилда ўзгарди, ўшанда Хитойда Ху Жинтао ҳокимият тепасига келди ва Пекинда кичик Си номзоди ҳақида эслаб қолишди. Орадан кўп ўтмай у Жецзян губернатори лавозимига тайинланди.

Фото:REUTERS/Tyrone Siu

Шу билан бирга, Си Жинпинг 90-йиллар бошида иккинчи марта уйланди – бу сафар “Хитой армияси олтин овози” хонанда Пэн Лиюанга. Пэн Лиюаннинг тўйи ҳақидаги хабар портлаб кетган бомба эффектини берди – ҳеч ким у бу “индамас Си”нинг нимасини ёқтириб қолганини тушунмасди.

1992 йилда улар қизли бўлишди. Бугун Хитой етакчисининг қизи ҳақида кўп нарса маълум эмас. Ҳозирда у Пекинда яшайди, бир неча йил давомида Ҳарвардда ўйлаб топилган тахаллус остида ўқиган.

Иш Шангҳайда бўлганди

Фото: flickr/mariusz kluzniak

Хитойда ҳокимият учун кураш аста-секин кечади. Мамлакатда ҳар беш йилда партия қурултойлари бўлиб ўтиб, уларда кадрлар бўйича қабул қилиб бўлинган қарорлар тасдиқланади. Ҳеч қандай кутилмаган ҳолатлар ва жиддий ўзгаришлар йўқ – Хитойда ҳеч ким яна битта “маданий” ёки бошқа инқилобларни истамайди. Бироқ, баъзи ўзгаришлар барибир юз беради. Масалан, 2002 йилда Хитойнинг янги етакчисига Ху Жинтао айланди, у – мамлакат Конституциясига кўра – ҳокимият тепасида 10 йилдан кўп қолиши керак эмасди, яъни 2012 йилгача. Бироқ Ху Жинтаонинг вориси номзоди Пекинда 2007 йилда муҳокама этила бошланди – навбатдаги партия қурултойи арафасида. Бу ердаги мантиқ тушунарли ва оддий: давлат раҳбари айнан партия қурултойида ворисларни илгари суриш ва уларни мамлакат олий раҳбарияти тор доирасига киритишни бошлайди. 

Ўшанда Чэнь Лянъюй – ХКП МҚ Сиёсий бюроси аъзоси ва Шангҳай ХКП вилоят қўмитаси раҳбари асосий номзод эди. У собиқ бош котиб Цзян Цзэминнинг қудратли “Шангҳай тўдаси” вакили эди. Чэнь Лянъюй "тўда" кучига шу қадар ишонганки, ҳаттоки бир неча марта Сиёсий бюро йиғилишларида Ху Жинтао билан очиқдан-очиқ баҳсга киришган. Бироқ Сиёсий бюрода бундайлар кечирилмайди.

2006 йилда Чэнь Ланъюй Давлат хавфсизлик вазирлиги агентлари томонидан маҳаллий Пенсия жамғармасидан 400 млн долларни талон-торож этиш айблови билан кутилмаганда ҳибсга олинди. Ишни суриштирувдан ўтказиш Шангҳай ҳокими лавозимига тайинланган "индамас Си"га топширилди. Якунда Чэнь Лянъюй 18 йилга қамалди, “тўда”дан бўлган бошқа ўнлаб йирик амалдорлар ҳам ҳибсга олинди.

2007 йилда мамлакат Ху Жинтаонинг эҳтимолий вориси номини билди. Бироқ, тахт тепасига даъвогарлар рўйхатида Си Жинпингдан бошқалар ҳам бор эди. Асосий рақиб – Лаонин провинциясида ХКП қўмитаси собиқ котиби Ли Кэцян. Бошқа бир даъвогар – “Шангҳай тўдаси” аъзоси, ХХР жамоат хавфсизлиги вазири бўлган Жоу Юнкан эди.

Аммо, ҳаммасини 2008 йилги Пекиндаги Олимпия ўйинлари ҳал қилди – уни Хитой Халқ Республикаси раисининг ўринбосари этиб сайланган Си Жинпинг назорат қилди. Хитой терма жамоасининг спортдаги зафаридан сўнг, ҳеч кимда Хитойни келажакка олиб борадиган шахс борасида шубҳа қолмади.

Бешинчи авлод тўртинчига қарши

Фото: REUTERS/Jason Lee

Хитой сиёсати четдан қараганда анъанавий маҳаллий театр - "цзинси"ни эслатади, бунда саҳнада нимадир юз беради, бироқ айнан нималар бўлаётгани – умуман тушунарсиз. Ҳар ҳолда, вазиятдан хабардор бўлмаган томошабинлар учун. Хабардорлар эса рўй бераётган ҳодисани тушунтиришмайди. Хитой сиёсатида ҳам шундай ёзилмаган қонунлар бор – барча асосий воқеалар омма кўзидан яширин жойда, ичкарида, йўлаклар ва кабинетларда рўй беради. Баъзида "цзинси" театри қонунлари бузилади, ҳамда ўшанда томошабинлар саҳна ортидаги барча механизмларни кўришади.

Си Жинпинг билан 2012 йилнинг сентябрида, ХКП 18-Бутунхитой қурултойи арафасида шундай бўлди – Си ва хитойлик бошқарувчиларнинг “бешинчи авлоди” айнан шу қурултойда ҳокимият тепасига келди.

Си Жинпинг қурултой арафасида бир неча ҳафтага йўқолиб қолди. Бундан ташқари, у АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Сингапур бош вазири, Россия вазирлари билан учрашувларини бекор қилди. Бироқ, Американинг The Washington Post нашрининг ҳонгконглик манбаларга асосан хабар беришича, аслида Си Жоу Юнканнинг “армия гуруҳи” вакиллари билан йиғилишда дўппосланган. Гўёки, йиғилиш пайтида мунозара ҳақиқий муштлашувга айланган, ҳамда дарғазаб бўлган генераллар ХХР раиси ўринбосарини стул бўлаклари билан ўлдириб қўйишларига оз қолган.

Шунинг учун, америкалик журналистларнинг иддао этишича, Си Жинпинг кўкарган жойлари йўқолишини кутиб, бир неча ҳафта уйда ётишга мажбур бўлган.

Бироқ, Си Жинпинг ўзини хафа қилганлардан аёвсиз ўч олди. Қурултойдан ярим йил ҳам ўтмай Жоу Юнкан қатор коррупцион жиноятларда айбланиб ҳибсга олинди.

Си биринчи муддатида коррупция билан кураш мавзуси асосий кун тартибига айланди, у Ли Кэцянь билан иттифоқ тузиб, аввалги элита вакилларини қатъий равишда таъқиб қила бошлади. Коррупцияга қарши кураш кампанияси кўлами ҳайратланарли: тўрт йилда махсус хизматлар 1,35 млн амалдор ва партия арбобларини “тозалаб ташлашди”, юз минглаб амалдорлар – асосий ҳокимиятнинг юқори “қаватларидан” – умрбод озодликдан маҳрум этилди ёки ўлим жазосига маҳкум қилинди.

Фото:  REUTERS/Jason Lee

Қамоққа олинган “оғир вазнлилар” орасида Марказий ҳарбий кенгаш бошлиғи ўринбосари Го Босюн, Марказий ҳарбий комиссия раиси ўринбосари Сюй Цайхоу, собиқ бош котиб Ху Жинтаонинг собиқ бош ёрдамчиси Линг Жихуа ва собиқ тижорат вазири Бо Силай бор эди.

Дарвоқе, айтишларича, Си Жинпингда Бо Силайга нисбатан шахсий адоват бўлган – Бо Маданий инқилоб вақтида пойтахтдаги хунвейбинлар отрядларидан бирига қўмондон бўлган, улар кекса авлод вакилларига ов эълон қилишган. Миш-мишларга кўра, Бо Силай ҳаттоки ўз отасини ҳам аямай, сўроқ чоғида унинг барча қовурғаларини уриб синдирган. Бо Силай билан биргаликда унинг рафиқаси Гу Кайлай ҳам ҳибсга олинди, у хитойлик амалдорларнинг миллиардлаб пулларини офшордаги рақамларга ўтказишда ёрдам берган британиялик тадбиркор Нил Ҳэйвуднинг ўлдирилишида айбланди. Якунда Гу Кайлай отувга ҳукм қилинди, Бо Силай эса умрбод озодликдан маҳрум қилинди.

Учинчи муддатга

Фото: REUTERS/Aly Son

Си Жинпингнинг эҳтимолий вориси ҳақида кўплаб гап-сўзлар чиққанди, бироқ 2017 йилнинг октябрида бўлиб ўтган 19-Бутунхитой компартия қурултойи бунга ҳеч қандай аниқлик киритмади. Агарда Си Жинпингда “олтинчи авлод”дан вакиллари борасида ўз фикрлари бўлган бўлса ҳам, уларни очиқламасликка қарор қилди – провинциялар ёш губернаторлари ёки Си лавозимга қўйганлардан бирортаси ҳокимиятнинг юқори эшелонларига кириш ҳақида “махсус” таклифнома олмади. Боз устига, “ворис” бўлмоқчи бўлган баъзиларга қарши жиноий ишлар очилди. Масалан, Чунцин шаҳар қўмитаси собиқ раҳбари Сунь Жэнцай қурултой арафасида барча лавозимлардан олинди ва Циньчэн қамоқхонасига жойлаштирилди.

Сининг ўзи 2022 йилда атиги 69 ёшда бўлади. Масалан, Дэн Сяопин 73 ёшда Хитой етакчисига айланган. Мао Цзедун эса 70 ёшида мамлакатни энди бошқара бошлаган.

Хуллас, Бутунхитой халқ вакиллари йиғилиши депутатларининг Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимини эгаллаш муддати борасида чекловларни бекор қилгани шуни англатадики, Си Жинпинг 2023 йилдан сўнг ҳам ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолиши мумкин.

Мавзуга оид