Жаҳон | 21:40 / 14.03.2018
10866
2 дақиқада ўқилади

Москвада эркак сохта валюта айирбошлаш шохобчасида 1 млн долларидан айрилди

Москва полицияси долларларини рублларга алмаштиргани валюта айирбошлаш шохобчасига келган эркакдан 1 млн доллар ўғирлашда гумон қилинганларни ушлади.

Жабрланувчининг айтишича, у шохобчага катта миқдордаги валютани рублга алмаштиргани ўз танишлари билан келган. Эркак пуллар солинган сумкани шохобча ходимига бергандан кейин у гўёки пулларни санаб олиши кераклиги важи билан дарчани ёпиб қўйган ва пуллар билан бирга захира чиқишдан қочиб қолган.

Полиция 43 ва 46 ёшли икки эркак шохобча жойлашган хонани ижарага олганини аниқлаган. Уларда валюта айирбошлаш амалиётларини бажариш учун рухсатномалар бўлмаган.

“Жиноятчиларнинг шериклари жабрланувчига ушбу шохобчани энг мақбул курсга эга шохобча сифатида тавсия қилишган”, деб айтилган ички ишлар вазирлиги хабарида.

Гумонланувчиларга нисбатан Россия Жиноят кодексининг “Бир гуруҳ шахслар томонидан амалга оширилган ёки ўта йирик миқдордаги фирибгарлик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ушбу модда бўйича 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилади. 

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу фирибгарликка алоқадор бўлган қолган шахсларни қидиришда давом этмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид