Жамият | 17:00 / 15.03.2018
29247
6 дақиқада ўқилади

Бир асрдан кейин ҳам авлодлар дабдабали тўйларга қарши курашиб юрмаслиги учун нималар қилмоқ керак?

Фото: Ижтимоий тармоқ

14 март куни Халқаро Пресс клубда тўй, марака маросимлари мавзусига доир навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Унда бир аср аввал жадидлар ҳам омма фикрини мазкур муаммога қаратишга урингани, бугунги кунда бу муаммо янада долзарб тус олгани хусусида фикрлар айтилди. 

Спикерлар ҳамда модератор Шерзодхон Қудратхўжаев ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашиб, муаммо ечимини топишга уринишди. Айниқса, Шайхонтоҳур тумани бош имом-хатиби Одилхон Исмоиловнинг Ислом динида исрофгарчилик қораланиши, унинг оқибатлари, исроф қилувчиларни Аллоҳ ҳам севмаслиги, яъни исроф қилувчилар ҳалок қилиниши ҳақида Қуръони каримдан оятлар билан асослаган фикри таъсирчан чиқди. 

Унда иштирок этган барча, дабдабабозлик, кибр-риё, кимўзарга айланиб қолаётган тўйларни ихчамлаштириш борасида ўз фикрларини, таклифларини илгари сурди. Халқ тақиққа ўрганиб қолган экан, тўйларни ихчамлаштириш, тўкин-сочин тўй ўтказишни тақиқлаш мақсадга мувофиқ экани, бу иш юқоридан бошланаётгани тўғри бўлаётгани, Сенат томонидан ишлаб чиқилаётган Низом айни муддао бўлишини таъкидланди. 

Мен шу ўринда, ХПКда айтолмаган (имкон ва вақт бўлмади) мулоҳазаларимни айтишга қарор қилдим. Албатта, сессияда жаранглаган барча фикрларни эътироф этиш жоиз. Уларнинг барчаси муаммони ижобий томондан ҳал этишга қаратилган. Спикерлар ва сўз имкони берилганлар муаммонинг сабабини топишга ҳаракат қилишди. Тўй-ҳашамга ўзимиз сабабчи эканимиз ёки масала тарбияда экани ва бошқа жиҳатларга эътибор қаратилди. Аммо айни ўша муаммоларнинг асосий негизини айтишга, наздимда кўпчилик эътибор бермади, айтмоқчи бўлганларда журъат етишмади.

Биринчидан, барчамизга яхши маълумки, кўп миллатли Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти Ислом динига эътиқод қилувчилар, мусулмонлардир. Қолаверса, ўзбек ота-онаси борки, фарзандининг камолини кўргиси, яхши жой билан қуда-анда бўлиб, чиройли тўй бергиси келади. Аммо айни шу орзу-ҳавас масаласида ҳаддан ошмаслик, исроф қилмаслик борасида айнан ўзлари эътиқод қилувчи муқаддас динлари нима дейишини яхши англамасликлари ёки билмасликлари сабабли биз ҳозирда тўй-маросимларни ихчамлаштириш муаммосини давлат сиёсати даражасида муҳокама қилмоқдамиз. 

«Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир», деган эди Абдулла Авлоний. Афсуслар бўлсинки, дунё давлатлари, бошқа мамлакатлар технологик тараққиётга эришган бугунги кунда, биз ҳамон 100 йил аввалги муаммо, тарбия масаласини аниқ йўлга қўя олмаганимиз туфайли, 100 йил аввалги муаммони кун тартибига чиқармоқдамиз. Шуни таъкидлашни истардимки, наздимда, бугунги кунда тақсимланганидек, тарбиянинг диний-дунёвийлиги бўлмайди. Аксинча, иккисини, яъни диний ва дунёвий таълимни мувофиқлаштириш ҳамда бирлаштириш орқали юксак натижаларга эришиш мумкин бўлади. Буни айнан бизнинг юртимиздан, Ислом диёрларидан чиққан, дунё фанининг тамал тошини қўйган олиму фузалоларимиз исботлаб бўлишган. 

Биз эса, тайёр қолип турганида, янги усулларни ихтиро қилиб, дунёвий давлатлигимизни рўкач қилиб, Исломдан узоқлашиб келдик. Бунинг оқибатида ёшлар катталарни ҳурмат қилмайдиган бўлди, катталар ўзаро баҳс қилиб, ҳою-ҳавас ортидан қувиб, кимўзарга тўйлар қилиб, исроф қилиб, ёшларга намуна бўлишдек ҳолатга келиб қолдик. Ўйлайманки, улар ҳам бу даражада ортиқча сарф-харажатлар гуноҳ эканлигини билмаганлари учун шундай қилишмоқда. 

Хўш, Исломий одоб-ахлоқ, ҳалол-ҳаром меъёрларига доир дарслар мактабларда йўлга қўйилганида ҳолимиз қандай бўлиши мумкин эди? У ҳолда нафақат тўй-ҳашамлар билан боғлиқ муаммолар, балки сўнгги вақтларда бот-бот айтилаётган бошқа ижтимоий муаммолар қисқа фурсатда ижобий ҳал этилар эди. Коллеж ўқувчи қизининг фарзандини ўлдириб, ташлаб кетгани, фоҳишаларнинг маъмурий жарима қўлланганига қарамай, ўзларини бозорга солишлари барҳам топмаётгани, ўғрилик, порахўрлик, тамагирлик, фирибгарлик, қўйинг-ки, жамиятдаги жами иллатлар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетар эди.

Шундай экан, айтишим мумкинки,тўй-ҳашамлар, халқ кўриши учун қилинаётган дабдабабозлик ва исрофгарчиликларнинг, умуман, ўзбек жамияти дуч келган барча муаммоларнинг асл негизи барча соҳада соф Исломдан узоқлашганимиздадир. Буни рўй-рост айтадиган, тан оладиган вақт келди. Сессияда таниқли актёримиз ёшлар катталарга қулоқ солмаётганини таъкидлади, бунинг ҳам асл сабаби Исломий одоб-ахлоқ мезонларидан ёшларга таълим берилмаётганидадир. 

Мактабларда «Дунё динлари тарихи»дан машғулотлар ўтилса-ю, исрофгарчилик, ҳалол-ҳаром, ибо, ҳаё, одобдан дарс бериш хусусида фарзандларнинг суяги қотишини, вояга етиши (18 ёшга кириши)ни кутсак, яқинда шов-шув бўлганидек, вояга етмасдан (16-17 ёш) туғиб қўйиб, фарзандини ўлдириб, ташлаб кетадиган қизларимиз, ХПКда айтилганидек, «алфоньс» йигитларимиз кўпайса, кўпаядики, асло камаймайди. Бунда Сенат низоми ҳам иш бермайди. Яна бир асрдан кейин келадиган зурриёдларимиз ҳам айни масалани муҳокама қилиб ўтираверади. Чунки, барчамиз билганимиздек, айнан Исломда жамиятдаги барча муаммолар, исрофгарчилик, ҳаёсизлик, одобсизлик ва ҳакозоларга нисбатан ечим мавжуд. Шундай экан, фақат динимиз Ислом экани, шундай динга эътиқод қилишимизни айтиб, фахрланиб, унинг тинчлик дини экани билан кифояланиб қолмасдан, унинг тамойиллари, талаблари ҳақида фарзандларимизга болалигидан сингдириб борсак, айни муддао бўлар эди.

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид