Жамият | 21:10 / 22.03.2018
50023
3 дақиқада ўқилади

Эркин Воҳидовнинг уй-музейи билан боғлиқ муаммо: Рустам ака нима қилсин энди?

Инсон қалбининг таржимони, адабиётнинг фидойиси, халқ хизматчиси, оила қўрғони, ишқнинг шайдоси. Эркин Воҳидовни яна кўп бора эътироф этсак бўлади. Халқ дардининг куйчиси бўлган шоир том маънода миллатпарвар эди. Узоқ йиллар тақдирнинг машаққатларига дош берган Эркин Воҳидов умр бўйи ўзбек элининг ташвиши билан яшади. 

1936 йилнинг 28 декабрда Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида, ўқитувчи оиласида туғилган шоир 2016 йил 30 май куни ёруғ оламни тарк этди. Шу йили 7 декабрь санасида чиқарилган Президент қарори билан Эркин Воҳидовнинг 80 ёшлик юбилейи мамлакатимизда кенг нишонланди.

Юбилей тадбирлари доирасида, жумладан, шоир таваллуд топган Олтиариқ туманидаги хонадонда уй-музейи ташкил этилди.

Эркин Воҳидов таваллуд топган Олтиариқ туманидаги хонадон
Эркин Воҳидов таваллуд топган Олтиариқ туманидаги хонадон

Ижодий жамоамиз Фарғона вилояти Олтиариқ туманида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов туғилиб ўсган хонадонда бўлди. Ташкил этилган уй-музейида истиқомат қилаётган шоирнинг амакиваччаси Рустам Воҳидов билан суҳбатлашдик.

Суҳбатимиз илиқ ва самимий ўтди. Кўнглимиз таскин топди. Бироқ ўзбек адабиёти дарғаси Эркин Воҳидовнинг уй-музейи билан боғлиқ бир чигал муаммо борлигини, Фарғона вилоят ҳокимлигининг мутасаддилари мазкур муаммога ҳамон сансалорлик билан ечим топмаётгани дилни хира қилди.

Жумладан, Рустам Воҳидов истиқомат қилиб келган хонадоннинг учта хонаси атоқли шоирнинг уй-музейи учун ажратилган бўлиб, Рустам ака, у кишининг умр йўлдоши, катта ўғли хотини ва тўрт фарзанди билан, шунингдек Рустам аканинг ҳали уйланмаган кенжа ўғли музейдан ортган учта кичик хоналарда истиқомат қилишмоқда экан.

Эркин Воҳидов амакиваччаси Рустам Воҳидов

Рустам ака вилоят мутасаддилари, жумладан, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевдан шахсан кам таъминланган оилалар учун ажратиладиган кўп қаватли уйлардан икки хоналигини ажратишни сўраган ва барча тўловларни амалга оширишга рози эканлигини билдирган.

Юқорида таъкидлаганимиздек, Рустам акани қийнаб келаётган муаммо шу кунгача ҳал бўлмай келаётир. Тўғри, давлат уйни таъмирлаб берган, бироқ музей учун ажратилган хоналарда яшаб бўлмайдику?! Боз устига, ҳамон музейга келувчи зиёратчилар бор.

Азиз ва ҳурматли Фарғона вилояти ҳокимлиги. Ўтганларнинг руҳи тинч бўлиши учун, ўзбек адабиёти ва халқи учун хизмат қилган улуғ бир шоир ҳурматидан, Эркин Воҳидов шахсига Президент ва ҳукуматимиз кўрсатаётган эътиборни инобатга олиб, ушбу муаммо ижобий ечим топишида камарбаста бўласиз, деган умиддамиз.

Хуршид Далиев, Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбирлари.

Мавзуга оид