Жаҳон | 20:00 / 22.03.2018
18237
3 дақиқада ўқилади

Савченконинг қўлга олиниши видеоси пайдо бўлди. У теракт тайёрлашда гумонланмоқда

Интернетда Украина Олий радаси депутати Надежда Савченко қўлга олингани тасвирланган видео пайдо бўлди. Ролик журналист Ян Доброносов томонидан Facebook тармоғида эълон қилинган.

Видеода Савченкога унинг қўлга олиниш сабаби ўқиб берилади, унга ҳуқуқ ва мажбуриятлари эслатилади.

Бугун Украина Олий радаси депутат Надежда Савченкони жавобгарликка тортиш, қўлга олиш ва ҳибс қилишга розилик берди, шундан сўнг у мамлакат парламенти биносида қўлга олинди. У Киевдаги Украина Хавфсизлик хизмати бошқармасига пиёда келган.

Фото: Эльдар Сарахман / "Украинская правда"

Парламент Савченкодан депутатлик дахлсизлигини олиб қўйиш бўйича таклифга рози бўлган.

Депутатни жиноий жавобгарликка тортиш учун 291 депутат «ҳа» деб овоз берди. Савченкони қўлга олишга 277 депутат рози бўлган бўлса, ҳибс қилиш учун – 268.

Бош прокуратура Савченкони парламент биноси ҳудудида теракт содир этишга уринишда гумонламоқда.

Бугун Савченко Украина Олий радаси қўмитаси йиғилишига иккита анор (гранат) билан келди. Бу йиғилишда  Савченкони дахлсизликдан маҳрум этиш, жавобгарликка тортиш, қўлга олиш ва ҳибс қилишга розилик бериш масаласи кўриб чиқилди. 15-март куни Украина Бош прокурори Юрий Луценко уни ҳибсга олишни сўраганди. Ўшанда у терговда Савченко Радада теракт уюштиришни режалаштиргани бўйича «рад этиб бўлмас» далилларга эгалигини айтганди: икки ложани «ҳарбий гранаталар билан йўқ қилиш», «минорани миномётда уриб тушириш» ва «омон қолганларни автомат билан қириб ташлаш». 

«Сизларга ҳозир ўлимга нақадар яқин бўлганингизни айтишим керак. Сизларни қўрқитишган, сумкамда гранаталар бормиди? Ҳа, гранатлар бор эди. Гранатлар бўлганди. Мана улар», – дея иккита анорни столга ташлади Савченко. Унинг айтишича, 15 март куни Радада ҳам унинг ёнида шундай «граната»лар бўлган.

Фото: РИА «Новости»

Мавзуга оид