Жаҳон | 19:10 / 01.04.2018
15150
3 дақиқада ўқилади

Митинг иштирокчиларидан тиз чўкиб кечирим сўраган амалдор Кемеровога вақтинча губернатор этиб тайинланди

Россия президенти Владимир Путин Кемерово губернатори Аман Тулеевнинг истеъфосини қабул қилди ва унинг ўрнига биринчи ўринбосари Сергей Цивилевни сайловлар ўтказилгунга қадар вилоят губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлади.

Кемеровода губернаторлик сайлови жорий йилнинг 9 сентябрида бўлиб ўтади.

Цивилев «Зимняя вишня» савдо марказидаги ёнғиндан кейинги митинглар вақтида машҳур бўлиб кетганди. 

У митинг иштирокчилари қаршисига чиқиб, аввалига ёнғин вақтида 5 нафар яқин кишиси, хотини, синглиси ва 3 фарзандини йўқотган Игорь Востриковни юз берган ҳодисадан «ўзини пиар қилишда фойдаланаётганликда» айблаганди. Аммо ўша куни у митинг иштирокчилари қаршисида тиз чўкиб, узр сўраганди.

Янги лавозимга тайинлангач, Цивилев Кемерово аҳолисига «ушбу қўрқинчли фожиада айбдорларнинг барчаси жазоланиши учун қўлидан келган ишни қилиши»ни билдирди.

Бундан олдинроқ Кемерово вилоятига 21 йилдан буён губернаторлик қилиб келган Аман Тулеев Россия президенти Владимир Путинга ўз ихтиёрига кўра истеъфога чиқиши юзасида мурожаат қилганди.

У «Зимняя вишня» савдо марказидаги ёнғиндан сўнг одамлар қаршисига чиқмади ва бугун, 1 апрель куни истеъфо берди.

«Буни бирдан-бир тўғри қарор деб биламан. Чунки бундай оғир юк билан губернатор лавозимини эгаллаб туриш мумкин эмас. Ҳаммамиз Кемеровода 25 март куни рўй берган фожиадан изтиробдамиз. Аксарияти болалар бўлган 64 кишини йўқотдик. Бу йўқотиш дардини ҳар бир одам юрагидан ўтказди. Яна бир бор чуқур ҳамдардлик билдираман. Бироқ йўқотганларимиз хотирасини ёдда тутиш учун ҳам яшашда давом этишимиз керак», — деди Тулеев видеомурожаатида.

73 ёшли Аман Тулеев Кемерово вилоятини 1997 йилдан бери бошқариб келган, губернаторлик лавозимига тўрт маротаба қайта сайланганди. Унинг бу галги ваколати 2020 йилда ниҳоясига етарди.

Кемеровода 25 март куни «Зимняя вишня»да юз берган ёнғин оқибатида 64 одам ҳалок бўлди, шундан 41 нафари болалар. Айни вақтда ҳодиса юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда, очилган жиноий иш доирасида ўндан ортиқ киши қўлга олинган.

Мавзуга оид