Жаҳон | 13:27 / 03.04.2018
46450
11 дақиқада ўқилади

World Travel Awards: Дунёнинг энг зўр 10 меҳмонхонаси

World Travel Awards мукофоти 1993 йилдан буён мавжуд ва у туризм соҳасида "Оскар"га тенгдир. Овоз бериш жараёни бир неча босқичда ўтади - онлайн-саралашдан бошлаб, то туристик бизнес, ОАВ ва жонли аудитория вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъатигача.

2017 йилда тақдирлаш маросими Вьетнамда бўлиб ўтди. Совриндорларнинг тўлиқ рўйхати анча узун. У энг яхши авиакомпаниялар, брендлар ва бир неча ўнлаб меҳмонхоналарни ўз ичига олган. Қуйида World Travel Awards'га кўра дунёнинг энг яхши 10 меҳмонхонаси ҳақидаги маълумотлар тақдим этилади.

Фото: World Travel Awards

1. Етакчи меҳмонхона — The Oberoi Udaivilas, Ҳиндистон

  • Қаерда жойлашган: Удайпур, Ражастон штати, Ҳиндистон.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун - кунига 471,25 АҚШ доллари.
  • Расмий сайти: oberoihotels.com.

Oberoi мажмуаси Удайпур шаҳрида собиқ махаражалар авлодининг овчилик билан шуғулланилган ҳудудларида жойлашган. Меҳмонхонанинг ҳар еридан ям-яшил боғ ва Пичола кўлига қараган ажойиб манзара очилади. Меҳмонхонанинг ўзи саройга ўхшайди, меҳмонлар у ердаги ҳаётни ҳинд эртакларига ўхшатишади.

Oberoi'нинг қадимий интерьерлари плазма экранли телевизорлар ва электрон сейф каби техник янгиликлар билан уйғунлашган. Меҳмонхонада бўш вақтингизда йога, Ражастон халқ рақслари билан шуғулланиш ва маҳаллий таомларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарсларига таклиф қилишади.

Фото: World Travel Awards

2. Дунёнинг энг романтик курорти — Baros Maldives, Мальдив ороллари

  • Қаерда жойлашган: Мале, Мальдив ороллари.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун - кунига 716,96 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: baros.com.

Меҳмонхона бешинчи марта ушбу мукофотга лойиқ деб топилди. Baros Maldives'ни бошқа меҳмонхоналардан фарқли жиҳати, унинг фақат катта ёшлиларга мўлжалланганидадир. Бу ерда 8 ёшдан кичик болалар қабул қилинмайди, зеро бу жой сокинликни хуш кўрувчиларга мосланган.

Меҳмонхонада персонал сузиш ҳавзалари, спа-марказ ва сув спорти ҳамда снорклинг учун ҳамма нарса бор. Бу ерда қирғоқдаги пальмалар орасидаги виллада ёки сув устидаги сваяларда жойлашиш мумкин.

Baros Maldives'да, айниқса, деликатеслар танлови кенг. Бунга бетакрор сервис ва тропик душни қўшсангиз, орзулар маскани деяверинг. Яна бир муҳим ижобий жиҳати: аэропортгача атиги ярим соатда етиб олиш мумкин.

Фото: World Travel Awards

3. Энг яхши дизайнерлик меҳмонхонаси — Armani Hotel Dubai, БАА

Қаерда жойлашган: Дубай, БАА.

Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун - кунига 394,37 АҚШ долларидан бошланади.

Расмий сайт: armanihoteldubai.com.

Меҳмонхонанинг бетакрор дизайни машҳур модельер Жоржио Армани томонидан ишлаб чиқилган. Номерлар Дубай марказидаги осмонўпар бинонинг 11 қаватини эгаллаган. Меҳмонхона лифтидан тўғри машҳур Dubai Mall савдо марказига чиқишингиз мумкин. Деразалардан шаҳар ва мусиқий фавворалар манзараси кўринади.

Меҳмонхона ресторанида маҳаллий таомлардан ташқари, муаллиф тақдимоти билан япон таомларини ҳам татиб кўриш таклиф этилади. Шунингдек, бинонинг 125-қаватида ресторан бўлиб, унинг манзараси ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Armani Hotel Dubai люкс шоппинг, пойтахт ҳаёти ва интерьерларда геометрияни хуш кўрувчилар учун айни муддао.

Фото: World Travel Awards

4. Энг яхши курорт комплекси — Mriya Resort & Spa, Россия

  • Қаерда жойлашган: "Оползневое" қишлоғи, Ялта, Қрим Республикаси, Россия.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун - 253,52 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: mriyaresort.com.

Меҳмонхона яқинида пляж бўлиб, унга 5 дақиқада пиёда етиб олиш мумкин. Mriya Resort & Spa меҳмонлари хизматига 9 бар ва ресторанлар ҳамда тунги клуб шай. Очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, спа-маркази, сауна, ҳаммом ва жакузи сув муолажаларини яхши кўрувчилар учун айни муддао. Бу ерда, шунингдек, теннис, сквош билан шуғулланиш ёки боулинг ўйнаш мумкин. Отелда бепул кинотеатр фаолият кўрсатади.

Mriya Resort & Spa'да нафақат дам олиш, балки саломатлик ҳақида қайғуриш ҳам мумкин. Мутахассис ва шифокорлар ҳар бир мижозга бальнеологик, тиббий ёки косметик муолажаларни танлаб беришади. Комплекс диагностика ва даволаш муолажалари учун зарур барча жиҳозлар билан таъминланган. Швед столи ва хушмуомала персоналларга-ку гап йўқ!

Фото: World Travel Awards

5. Энг яхши классик меҳмонхона — Dukes London, Англия

  • Қаерда жойлашган: Лондон, Англия.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун - 486,96 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: dukeshotel.com.

Реставрация қилинган Dukes тарихий меҳмонхонаси Вестминстерда Мейфейр туманида жойлашган. Энг қизиқ музейлар, саройлар ва бренд дўконлари - жуда яқин масофада. Dukes меҳмонхонаси — бу замонавий қулайликлар билан тўлдирилган инглиз классикаси. Бу ердаги мармар ҳаммом эса итальян услубида ишланган.

Dukes ресторани ва барида Британиянинг классик таомлари ва энг яхши ичимликлар тақдим этилади. Маҳаллий шеф-ошпаз Мишлен юлдузига сазовор бўлган.

Агар сиз Англия тарихига "шўнғиш"ни, нонуштага тостлар ва сули ёрмасидан татиб кўришни, каминли меҳмонлар хонасида чой ичишни истасангиз, Dukes London сизнинг хизматингизда.

Фото: World Travel Awards

6. Энг яхши тарихий меҳмонхона — Peninsula, Франция

  • Қаерда жойлашган: Париж, Франция.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун - кунига 940,08 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: paris.peninsula.com.

Меҳмонхона Парижда, машҳур Arc de Triomphe ёнида жойлашган. Peninsula биринчи навбатда - ҳашамат ва нафислик демак. Номерлар ва холлар кенг, баланд шифтли ва албатта, санъат асарлари билан безатилган. Кўпчилик Peninsula'ни Европанинг энг яхши отели, деб ҳисоблайди.

Қулайликлар орасида — алоҳида гардероблар, тропик душлар, мармар ванналар, тирноқ қуритгичлар ва ҳатто L’Oiseau Blanc элита косметикасини санаб ўтиш мумкин. Бу ерда, шунингдек, анъанавий спа-салон ҳамда 22 метрли шаҳарга қараган сузиш ҳавзаси ҳам бор.

Том қисмида жойлашган ресторандан пойтахтни томоша қилиш мумкин. Эйфель минораси эса меҳмонхонанинг деярли барча деразаларидан кўринади. Минорагача худди Елисей далаларигача пиёда бориш мумкин.

Фото: World Travel Awards

7. Энг яхши эко-меҳмонхона — Finch Bay Galapagos Hotel, Эквадор

  • Қаерда жойлашган: Пуэрто-Айора, Галапагос, Эквадор.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун 459,16 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: finchbayhotel.com.

Бу экзотик флора ва фаунани хуш кўрувчилар учун қулайгина кичик меҳмонхона. Бу ерда кечқурунлари шовқин бўлмайди, лекин бу жиҳат серманзара табиат ва экскурсиялар кўплиги билан қопланади. Баъзи номерларда гамакли балконлар бор. Finch Bay Galapagos Hotel — сокинлик истаганлар учун ажойиб маскан.

Шаҳарда ҳордиқ олишни истаганлар у ерга атиги 5 дақиқада катерда етиб олишлари мумкин. Меҳмонлар бу меҳмонхона ошхонаси таомлари жуда мазали эканини эътироф этишади: бу асосан маҳаллий ва Осиё таомлари. Кечки овқатга ҳар бир мижозга 4 хил таом берилади.

Экскурсия пайтида бу атрофда ёввойи ҳайвонларни кўп кўриш мумкин: улкан тошбақалар, игуаналар, денгиз шерлари, китлар. Шунингдек, велосипедлар ижараси йўлга қўйилган. Бунга каякинг ва дайвингни қўшсак, 2017 йилнинг энг яхши эко-меҳмонхонаси кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Фото: World Travel Awards

8. Энг яхши ресторанлар ва кўнгилочар марказларга эга меҳмонхона — The Venetian Macao Resort Hotel, Хитой

  • Қаерда жойлашган: Макао, Хитой.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун - кунига 240,84 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: venetianmacao.com.

The Venetian Macao — 39 қаватли осмонўпар бино, шаҳар марказида қад кўтарган дунёнинг энг баланд еттинчи биноси. Бу болалар билан дам олиш учун энг зўр жой, деб бўлмайди, бироқ катталар бу ерда мазза қилиб ҳордиқ чиқаришади. Бу нафақат меҳмонхона, балки катта казино, 15 минг кишига мўлжалланган кўнгилочар арена, кўплаб кўргазма ва конференция заллари ҳамдир.

Меҳмонхона эгалари унинг бир қаватини ҳақиқий Венецияга айлантиришган: истаган одам гондолда каналлар бўйлаб саёҳат қилиши мумкин. The Venetian Macao ҳудудида 30 дан ортиқ ресторан ва 350 дўкон фаолият юритади.

Кўнгилочар дастур жуда ажойиб: концертлар, спорт беллашувлари, Cirque du Soleil, рус балети. Бундан ташқари, меҳмонхонага жаҳон юлдузлари кўп ташриф буюришади.

Фото: World Travel Awards

9. Энг яхши сарой меҳмонхонаси — San Clemente Palace Kempinski Venice, Италия

  • Қаерда жойлашган: Венеция, Италия.
  • Жойлашув нархи: икки кишилик номер учун кунига 619,21 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: kempinski.com/en/venice/san-clemente-palace-kempinski.

Kempinski — беш юлдузли меҳмонхоналарнинг энг машҳур тармоғи, тармоқ фаолиятига 100 йилдан ошди. San Clemente Palace меҳмонхонаси Венецияда хусусий оролда жойлашган. Бу жойда илгари ибодатхона жойлашган бўлган - ундан XII аср черкови қолган. Келишувларга кўра, унда унаштирув маросимлари ўтказилади. Оролнинг катта қисмини парк эгаллайди, унда мижозлар офтобда тобланиши, йўлакларда югуриши ёки коктейль ичиб дам олишлари мумкин.

Очиқ сузиш ҳавзаси, теннис кортлари ва мини-гольф майдони хизматга тайёр. San Clemente Palace'нинг ҳашаматли интерьерлари ҳақиқатда қироллик саройлари ҳақидаги тасаввурларга мувофиқдир. Ҳар соатда оролда бепул сув таксиси меҳмонларни 10 дақиқада Сен-Марко туристик майдонига етказиб қўяди.

Фото: World Travel Awards

10. Энг яхши алкоголсиз меҳмонхона — Angel’s Marmaris, Туркия

  • Қаерда жойлашган: Мармарис, Туркия.
  • Жойлашув жойи: икки кишилик номер учун - кунига  169,37 АҚШ доллари.
  • Расмий сайт: angelsmarmaris.com.

Angel’s Marmaris меҳмонхонаси — соғлиқ ҳақида қайғуриш ва ором олиш учун айни муддао. Меҳмонлар хизматида - турк ва буғ ҳаммоми, сауна, жакузи ва мўъжизавий таъсирга эга "шўр" хона. Меҳмонхонанинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири фақат эркаклар ёки аёллар учун мўлжалланган алоҳида сузиш ҳавзалари ва пляжларининг мавжудлигидир. Бундай шароитларда ҳар бир инсон ўзини қулай ҳис қилади.

Меҳмонлар ҳам асосий корпусдаги номерга, ҳам алоҳида виллага жойлашишлари мумкин. Аксарият хоналардан қирғоқнинг ҳашаматли манзараси очилади. Отелнинг яна бир афзаллиги — қирғоқда энг тоза оппоқ қумларнинг мавжудлиги. Angel’s Marmaris — ҳам оила аъзолари билан, ҳам ёлғиз дам олиш учун муносиб жой.

 

Мавзуга оид