Спорт | 16:33 / 05.04.2018
26115
2 дақиқада ўқилади

КОНКАКАФ ҳакамлар департаменти бошлиғи: «Равшан Эрматовнинг ҳакамлик қилиши — тарихий воқеа»

Фото: Getty Images

ОФК ҳакамлар департаменти раҳбари Шамсул Майдин ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовнинг КОНКАКАФ чемпионлар лигаси ярим финали доирасидаги «Торонто» - «Америка» учрашувига тайинлангани борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Осиёнинг элит ҳакамларидан бири бўлган Равшан Эрматовнинг КОНКАКАФ чемпионлар лигаси ярим финалида ишлашидан ОФК фахрланади. ОФК ҳам КОНКАКАФ ҳам сўнгги йилларда ҳакамлик борасида кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Эндиликда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, мусобақаларни ташкил қилиш, бошқариш каби масалалар юзасидан тажриба алмашиш кўзда тутилмоқда», дея Майдиннинг сўзларини келтиради ОФК расмий сайти.

Шунингдек, КОНКАКАФ ҳакамлар департаменти директори Брайан Ҳолл ҳам Равшан Эрматовнинг фаолиятига юқори баҳо берган.

«Уч карра жаҳон чемпионати иштирокчиси, мусобақа рекордчисининг КОНКАКАФ чемпионлар лигаси ярим финалини бошқариб бориши минтақамиз ҳакамлигида тарихий воқеа. «Ацтека»дек стадионда мана шундай иқтидорли ҳакамнинг ўйинни бошқариши биз учун фахр. Эрматовнинг тайинланиши иккала Конфедерация ўртасидаги тажриба алмашиш учун катта йўлни очиб беради», деган Ҳолл.

Эслатиб ўтамиз, Эрматов бошқариб борадиган ярим финал ўйини 10 апрель куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид