Спорт | 17:46 / 29.10.2024
22113
1 дақиқада ўқилади

Аббосбек Файзуллаев — Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси!

Бугун, 29 октябр куни Жанубий Корея пойтахти Сеулда Осиё Футбол Конфедерацияси томонидан қитъа футболининг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтмоқда.

Фото: Tribuna.uz

ОФК томонидан йил якунларига бағишланган тақдирлаш маросимида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда ЦСКА клуби футболчиси Аббосбек Файзуллаев Осиёнинг 2024 йилдаги энг яхши ёш футболчиси деб топилди. 

Ўзбекистонлик 21 ёшли футболчидан ташқари, Япония ёшлар жамоаси аъзоси Гаку Навата ҳамда Жанубий Кореянинг «Тэжон Ситизен» клуби аъзоси Ба Жун Ҳо ҳам ғолибликка номзод эди ва якунда Файзуллаев уларни ортда қолдириб, совринга эга чиқди.

Маълумот учун, Файзуллаев 2023 йилнинг ёзида ЦСКА сафига қўшилгач, ўтган бир йилда Россия Премьер лигасида жами 33 ўйинда 6та гол ва 9та ассистга муаллифлик қилди. Шунингдек, Ўзбекистон миллий жамоаси сафида Қатардаги Осиё кубогида 5 ўйинда 2та гол, ЖЧ-2026 саралаш босқичида эса 10та ўйинда майдонга тушди.

Мавзуга оид