Жамият | 22:08 / 06.04.2018
15727
3 дақиқада ўқилади

Фарзандига шифо тилаб йиғлар оналар  

Яшашни дарахтдан ўргансак бўларкан. Чунки дарахт умрининг сўнгига қадар ва ҳатто илдизидан узишганидан кейин ҳам одамларга хизмат қилади, фойдаси тегади.  Худо берган кун. Худо берган тақдир. Худо берган ризқ. Бу ўткинчи дунёда қаерда насибамиз бўлса, ўшани, албатта, олгувчимиз. Ҳар бир тирик мавжудот борки бу қисмат унинг тақдирида бор. Оддий қушни олинг. Насибасини олиш учун онгли мавжудот бўлмиш инсонлар оёғи остига келиб, ризқ теради. Демоқчимизки, умр йўлимизда нимаики бўлса Яратганга исён қилмаймиз. Итоат этамиз. Зеро итоатда мукофот бор. 

Таслим бўлмаган нигоҳлар бугун яна қувончга тўлди. Яхши инсонларнинг ҳадяси ўз эгаларига берилди. Аммо жигарбандлари оққон касалига йўлиққан икки аёл билан суҳбатлашар эканмиз, яна ўйга толдик.

- Болам биринчи синфга чиққач, орадан икки ой вақт ўтиб, ҳолсизланадиган, кўп ухлайдиган бўлиб қолди, - деди улардан бири Нодира Абдуқодирова. – Шундан сўнг шифокорга олиб борсам ревматизм ташхисини қўйди ва биз бир йил ревматизмга қарши даволандик. Аммо самарасиз бўлди. Шундан сўнг яна шифохонага йўл олдик. Шифокорлар бу менинг касалим эмас, дея аниқ ташхис қўя олишмади.

Шарипова Нилуфар

Қизим билан роса сарсон бўлдик. Унинг ўқишлари қолиб кетди, саломатлиги оғирлашиб борди. Шунда гематолог унинг оққон бўлганини айтди ва мана биз шу ерда даволаняпмиз. Турмуш ўртоғим мавсумий ишларда ишлайди. Шароитмиз яхши эмас. Ҳеч кимнинг фарзанди бу ҳолга тушмасин экан...

Расулова Зайнура ва унинг онаси Ирода Расулова

Иккинчи аёл – Ирода Расулова қизи ҳақида йиғлаб гапирар экан шундай дейди:

- Қизимда бу касаллик 2017 йилнинг март ойида бошланган. 14 март куни Андижондаги шифохонада текширтирганимизда унинг қонидан шу касаллик келиб чиққан. Ўшандан буён шифохонадамиз. Қариндош-уруғлар ёрдам қилишди, аммо дори-дармонлари учун барибир қўлимиз калталик қиляпти. Шифокорлар айтишяптики, агар биз даволаниш курсини тўлиқ ўтасак у яхши бўлиб кетар экан. Аммо бунинг учун бизда маблағ етарли эмас. 

Азиз дўстлар! Акциямиз давом этади. Ҳар бир сония ғанимат. Ҳар бир дақиқа қадрли. Бир ҳақиқат бор: яшашни истаётганлар сизни кутмоқда! Бизнинг сафимизда бўлинг!

Қўшимча маълумотлар:

Шарипова Нилуфарнинг онаси Нодира Абдуқодирова
Расулова Зайнура ва унинг онаси Ирода Расулова

Қўшимча саволлар учун сайт ишонч телефони: +998 95 146 23 23

Ушбу хайрия натижасида керакли маблағ йиғилди. Хайрияда иштирок этган барча инсонларга миннатдорчилик билдирамиз. 22.04.2018

Мавзуга оид