Жаҳон | 09:42 / 06.04.2018
5944
2 дақиқада ўқилади

Панама ва Венесуэла ўртасидаги сиёсий муносабатлар ўта кескинлашди

Фото: Ariana Cubillos/AP

Панама ҳукумати Венесуэладан элчисини чақиртириб олиши ҳақида маълум қилди ва бу давлат расмийларига ўз дипломатик вакилини чақиртириб олиш талабини қўйди. Бу ҳақда ушбу мамлакат ТИВ сайтида хабар берилган.

«Бу қадам Венесуэланинг панамалик кўплаб амалдорлар ва компаниялар, жумладан президент Хуан Карлос Варела билан тижорий муносабатларни тўхтатиб қўйиш бўйича қарорига жавоб бўлди. Улар бизни пул ювишда иштирок этганликда гумонламоқда», - дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Панама ўтган ойда Венесуэла президенти Николас Мадурони пул ювишга алоқадор бўлган шахсларнинг «юқори таҳдидли» рўйхатига қўшиб қўйган.

Ўз навбатида Венесуэла расмийлари Панама билан савдо-иқтисодий муносабатларни 90 кунга тўхтатиб қўйди.

Венесуэла ҳукумати Панамага тегишли Copa Airlines авиакомпаниясининг мамлакатга барча рейсларини ҳам тўхтатди. Бу Панамага қарши молиявий ва иқтисодий санкциялар доирасида юз берди, деб хабар қилмоқда РИА «Новости» ҳукумат баёнотига асосан.

«2018 йилнинг 6 апрелидан бошлаб 90 кунлик муддатга Compañía Panameña de Aviación’нинг (Copa Airlines) мамлакат ҳудудига барча парвозлари тўхтатилади. Бу Венесуэла молиявий тизимини қўллаб-қувватлаш чораси бўлади», - дейилади хабарда.

Шунингдек, Венесуэла ҳукумати Панамадаги ўз элчисини маслаҳатлашувлар учун чақиртириб олишга қарор қилган. Бу ҳақда мамлакат вице-президенти Тарек Ал-Аиссамий твиттердаги саҳифасида хабар берди.

«Президент Николас Мадуро Венесуэла халқининг муқаддас манфаатларини ҳимоя қилиш учун Панама республикасидаги элчимиз Хорхе Дуран Сентенони маслаҳатлашувларга чақиртириб олиш ҳақида қарор қабул қилди», - дея ёзган у.

Мавзуга оид