Ўзбекистон | 22:24 / 09.04.2018
33949
4 дақиқада ўқилади

Янги сайёҳлик манзили: Амир Темур дунёга келган Хўжа Илғор қишлоғи

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Буюк соҳибқирон, давлат арбоби Амир Темурнинг 682 йиллиги Ўзбекистонда ўзгача руҳда нишонланмоқда - бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар фонида барча бу санани аъло кайфиятда нишонламоқда.

9 апрель куни Амир Темур дунёга келган Хўжа Илғор қишлоғига кўплаб меҳмонлар ташриф буюришди. Қишлоқнинг тарихий бурчагида - Хўжа Илғорнинг марказий майдонига уланиб кетган, буюк соҳибқироннинг туғилиши билан боғлиқ бўлган қадимий қудуқ мавжуд. Халқаро Пресс-клубнинг Сайёр Пресс-клуб форматидаги "Хўжа Илғор: қайта кашф қилинган тарих – янги сайёҳлик йўналиши" мавзуидаги сессияси айни шу маконда бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва қатор оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ўтказилди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Тадбир халқ сайли форматида бўлиб ўтди. Ажойиб об-ҳаво, ёқимли ҳис-туйғулар, ям-яшил табиат - буларнинг бари Хўжа Илғорга ташриф буюрган ҳар бир меҳмонга хушкайфият улашди. Майдонда Амир Темур яшаган даврни ёдга солувчи миллий ҳунармандчилик намуналари, миллий ўйинлардан лавҳалар ва этнографик саҳналарни кўриш мумкин, ўтовлар-ку чет эллардан ташриф буюрган сайёҳларда катта таассурот қолдирди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

"Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Амир Темур шахсига ҳурмат, Соҳибқирон бобомиз ва темурийлар даврини қайтадан кашф қилиш, Амир Темур даврининг нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқлари давлатчилигида тутган ўрнининг ўзига хос хусусиятларини очиб бериш, бу жиҳатларнинг ёшларимиз ҳаётидаги тарбиявий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда, – дейди Халқаро пресс-клуб раиси Шерзодхон Қудратхўжаев. – Биз давлатимиз раҳбарининг бу ғоят муҳим аҳамиятли ташаббуси ва саъй-ҳаракатларидан илҳомланган ҳолда, Хўжа Илғор қишлоғида сайёр пресс-клуб сессияси ўтказмоқдамиз. Мақсадимиз сиёсий таҳликали, халқ мўғуллар истилосидан зулм чекаётган бир даврда дунёга келган ва озодлик учун курашиб, буюк давлатга асос солган бобомиз сиймосини қайта кашф қилиш, Хўжа Илғорда янги сайёҳлик манзилини яратиш".

Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Тарихий тадбирда театрлаштирилган саҳналарга гувоҳ бўлиш мумкин. Улардан Амир Темурнинг ҳаёти билан боғлиқ воқеалар ўрин олган - соҳибқироннинг туғилишидан бошлаб то мамлакат бошқаруви тепасига келишигача...

Шунингдек тадбир давомида миллий таомлар тайёрланди, таниқли хонандалар иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Амир Темур дунёга келган Хўжа Илғор қишлоғида соҳибқироннинг ёшлик йилларига бағишланган музей экспозициясини ташкил этишга доир лойиҳасини тақдим этгани ҳақида хабар берилган эди. Қўмита раиси Азиз Абдуҳакимов бу борада KUN.UZ'га қуйидагиларни маълум қилган:

"Президентимиз Қашқадарёга ташриф буюрганларида Амир Темур туғилган қишлоқни туризм масканига айлантиришга доир тақдимот ўтказган эдик. Шу йўналишда қатор таклифлар киритилганди. Халқаро тажрибаларда ҳам шундай лойиҳалар кўплаб амалга оширилганини кўриш мумкин. Шунга мувофиқ соҳибқирон туғилган Хўжа илғор қишлоғида унинг ёшлик йилларига бағишланган ёдгорлик ўрнатиш, атрофдаги ҳудудни ободонлаштириш ва туристик масканга айлантириш ғояси берилди. Ушбу таклифлар юртбошимиз томонидан маъқулланди".

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси

Азиз Абдуҳакимов томонидан тақдим этилган лойиҳага кўра, музей биноси ўзбек халқининг анъанавий уй-жой меъморчилиги сифатида қурилиб, ҳовлисида турли хил мевали ва манзарали дарахтлар экилади, катта ишком яратилади. Ишком остида чорпоялар ва ўриндиқлар қўйилади. Ҳовли ҳақиқий ўзбек хонадонини акс эттиради.

Мавзуга оид