Ўзбекистонда илк бор орган кўчириб ўтказиш операцияларини бошлаган доктор билан суҳбат
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва бевосита топшириғи асосида мамлакатда илк бор дунё тиббиётида энг мураккаб ва нозик амалиётлардан ҳисобланган органлар трансплантацияси бўйича замонавий операциялар амалга ошира бошланди.
Ўтган йилдан эътиборан академик Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, жорий йилдан ушбу марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди.
Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши — ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди.
Куни кеча Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида Туркиянинг Башкент тиббиёт университети билан ҳамкорликда янгийўллик 13 ёшли бемор Умиджон Абдумаджидовга 35 ёшли отаси Илғор Абдуқаюмов донорлигида буйрак кўчириб ўтказиш операцияси бажарилди.
Kun.uz Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати кўмагида мазкур мураккаб жарроҳлик амалиётини бажарган профессор Меҳмет Ҳаберал билан эксклюзив интервью уюштирди
Профессор кейинги вақтларда туркий халқлар ўртасида яхши муносабатлар қайтганини мамнуният билан эътироф этган.
«Раҳматли Ҳайдар Алиевнинг бир гапи бор эди. «Бир миллат, икки давлат». Ҳолбуки энди «Бир миллат, етти давлат» деса бўладиган ҳолга келдик. Чунки, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбойжон... бари Туркия билан бирга бир бутун бўлдик. Бу ерга иккинчи марта келганимдан жуда хурсандман. Мени бу ерга таклиф қилган қадрли қардошим Абдуҳакимга ва унинг дўстларига миннатдорчилигимни билдираман.Туркий улуслар баъзан қийинчиликлар давридан ўтиб келди. Бугун бизнинг вазифамиз давлатларимизнинг янада юксалиши учун ҳиссамизни қўшишдир», деди у.
У кейинроқ хотиржам келиб, Самарқандга, Бухорога бориш, Ибн Сино туғилган жойларни кўриш орзуси ҳақида гапириб, келгусида ўзбеклар билан таржимонсиз ҳам мулоқот қила олишига умид билдирган.
Профессор Жаҳон трансплантологлари жамиятининг президенти сифатида бу ердаги ҳамкасбларимизга ҳам халқаро миқёсдаги алоқаларни ўрнатишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган ва 2022 йили Истанбулда ўтказиладиган Жаҳон трансплантологлари конгрессига барча туркий давлатлар трансплантологлари, жумладан, ўзбекистонлик мутахассислар таклиф этилишини маълум қилган.
У шунингдек, Ўзбекистон тиббиётида Президент Шавкат Мирзиёв бошчилигидаги ислоҳотларга муносабатини билдириб ўтган.
«Абдуҳаким Хожибоев давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг трансплантация масаласига катта эътибори ҳақида айтди. Бу жуда аҳамиятлидир. Чунки давлат раҳбарларининг сизнинг қилаётган ишларингизга ишончи бўлса, соҳанинг ривожи тез бўлади. Бизнинг вазифамиз уларга етарли маълумот беришдир. Мен ҳам худди шундай йўл тутдим, Сулаймон Демирел бизнинг ишларимиз ривожи учун барчани сафарбар этганди. Муҳтарам президентингизга ҳам ўз ташаккурларимни билдираман, бу соҳага эътибори учун.
Трансплантация қонуни қабул қилиниши керак сизда ҳам. Чунки бемор кўп, лекин органлар етарли эмас. Шунинг учун вафот этган инсонларнинг органларидан фойдаланиш учун қонун керак. Аллоҳ айтадики, бир кишини қасддан ўлдирган барча инсонларни ўлдиргандай гуноҳга ботади, бир кишига яхшилик қилган барча инсонларга яхшилик қилгандай савоб олади. Исломда шунчалик катта яхшилик қилишга даъват бор. Буни айтганим, Ислом дини вафот этган кишиларнинг органларидан фойдаланишига қарши, деган нотўғри фикр шаклланмаслиги керак. Зеро, Аллоҳ Бақара сурасида яна айтадики, яхшилик бу – юзини ғарбга ва шарққа буриш эмас, яхшилик бу – сизнинг амалларингиздир. Бу борада дин пешволари, имомлар катта ёрдам бердилар, сизнинг имомлар ҳам бу борада сизнинг фаолиятингиз учун керакли дастакни беришади, деб ўйлайман. Лекин президентингиз ўзи бу соҳага катта эътибор бераётган бўлса, сизлар учун Трансплантация қонуни қабул қилиш масаласи янада осон бўлади», дейди у.
Таъкидлаш керакки, Туркия ва Европанинг бир қатор давлатларида трансплантология йўналишига асос солган ушбу профессор буйрак кўчириб ўтказиш бўйича 1832та, жигар кўчириб ўтказиш бўйича 344та операцияга бевосита раҳбарлик қилган.
Умид қиламизки, мазкур ҳамкорлик ришталари бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боради.
Мавзуга оид
18:33
“Жудаям мураккаб савол” — Қўчқоров тиббиёт ходимларининг маоши ҳақида
15:56 / 08.10.2024
Туғуруқхоналардаги ўлимни қандай камайтириш мумкин? – Саудияда ишлаётган ўзбек шифокори билан суҳбат
17:35 / 03.10.2024
Сирдарёда ногирон боланинг онасидан тиббий хулоса учун пул олган шифокорга ҳукм ўқилди
11:50 / 17.09.2024