Жаҳон | 09:08 / 16.04.2018
18715
3 дақиқада ўқилади

Ғарб Яқин Шарқни остин-устун қилиб ташлади – Чехия президенти 

Фото: РИА Новости / Павел Лисицын

Ғарб давлатлари аввал Ироқ ва Ливияда содир этганлари ҳисобга олинса, Яқин Шарқни  остин-устун қилиб ташлади. Бу ҳақда 15 апрелда Чехия президенти Милош Земан F1 радиосида Сурияга берилган зарбаларга изоҳ бериши вақтида айтиб ўтди.

“Ғарб Яқин Шарқни тасаввур қилиб бўлмас даражада остин-устун қилиб ташлади. У дастлаб Ироқда оммавий қирғин қуроли борлигини таъкидлаб, Ироққа бостириб кирди, ваҳоланки у ерда бундай қурол охир-оқибат топилмаган. Бу операция кўплаб қурбонларга, жумладан америкалик ҳарбийларнинг ҳалок бўлишига олиб келди. Энди у ерда курдлар ироқликлар билан, ироқлик шиалар ва суннийлар бир-бирлари билан урушмоқдалар. Мен улкан моддий зиёнлар ҳақида гапирмаяпман”, деб айтган Земан.

Земаннинг айтишича, Ғарб бу бемаъниликдан хулоса чиқариш ўрнига Ливия деб аталган кейинги хатога йўл қўйди. “Франция бошчилигида Европа иттифоқининг “ажойиб аралашуви” туфайли ҳозирда Ливияда нафақат нормал ҳукумат мавжуд, балки унинг ҳудуди орқали Европага минглаб ва минглаб ноқонуний муҳожирлар йўл олмоқда”, деб ўз сўзларини давом эттирган Земан. 

“Зиёли одам бир хато қилиб, кейин уни бошқа қайтармайди. Онги пастроқ, тўғрироғи тентакроқ одам эса бир хатони қаторасига икки марта такрорлайди. Бироқ бир хатони 3 марта такрор қайтарадиганлар ҳақида нима дейиш мумкин? Эфирда ёмон сўзлар айтмаслик учун яхшиси мен буни айтмайман. Бунда қўллаш мумкин бўлган энг “юмшоқ” сўз – “аҳмоқлик”дир”, деб айтган Чехия етакчиси.  

Унинг фикрича, бирор давлатга қуролли ҳужум фақатгина БМТ Хавфсизлик кенгаши розилиги билан содир этилиши керак. Бундан ягона истисно, мисол учун, Афғонистондаги террорчиларга зарба бериш ҳисобланади.

“Бироқ Сурия ундай ҳолат эмас. Чунки бу ерда, биринчидан, радикаллар президент Асад томонида эмас, унга қарши урушмоқдалар. Иккинчидан, улар бу ерда бурчакка тақалганлар. Бундан ташқари, Сурияга биринчи қочқинлар қайтмоқда. Агар қандайдир ковбойча лойиҳа бу тенденцияни тормозлаётган бўлса, унда бу хатодан бўлак нарса эмас”, деб таъкидлаб ўтган Земан.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид