Ўзбекистон | 19:30 / 17.04.2018
25793
8 дақиқада ўқилади

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» гилос экспорти нархлари оширилишини изоҳлади

«Kun.uz» сайтида «Ўзбекистон гилос экспорти хавф остида (ми?)» сарлавҳаси остида гилос меваси экспорти мавсумига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинган, унда «Ўзагроэкспорт» акционерлик жамияти томонидан бу йилги экспорт нархлари, мамлакатимиз экспорти тизимидаги айрим муаммолар таҳлили баён этилганди.

«Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси томонидан «Ўзбекистон гилос экспорти хавф остида(ми?)» сарлавҳаси остидаги мақолага муносабат билдирилди.

Ўзбекистон мева ва сабзавот маҳсулотлари экспорти бўйича жаҳонда етакчи позицияларни эгаллаш учун барча шароитларга эга ҳисобланади. Мамлакатда ўз ерини ардоқловчи меҳнаткаш халқ яшайди. Иқлим катта миқдорда турфа хил мева ва сабзавотларни етиштириш учун қулай. 

Бу йил биз мева ва сабзавот маҳсулотлари аграр сектори ривожининг янги стратегиясини амалга ошира бошлаймиз. У икки асосий мақсадга эга. 

Биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни кучли энергия билан тўлдириш. Улар ажойиб сифатли маҳсулотларни етиштиришади. Бизнинг маҳсулотларимизга хос бўлган хусусиятлар бутун дунёда талабгирдир. Биз 100 фоиз экологик соф маҳсулот етказамиз, кўп халқаро аграриялар табиий чекловлар даражасига эришиш учун катта куч сарфлайди, бизда эса бу аллақачон бор.  

Мева ва сабзавотларнинг асосий ишлаб чиқарувчилари ҳануз деҳқон хўжаликлари ҳисобланади. Улар қоидага кўра, у қадар катта бўлмаган ер участкаларини қайта ишлашади ва ўз ҳосилини мустақил равишда экспорт қилиш имкониятига эга бўлишмайди. Шу боис уни олибсотарларга сотиб юборишади. Айнан улар ўз диди ва тажрибасидан келиб чиқиб, харид нархини шакллантиришади.

Ўтган йиллар тажрибаси бундай нарх белгилаш доим ишлаб чиқарувчилар манфаатига зид эканини кўрсатмоқда. Улар арзимаган пулларга эга бўлишади, асосий даромад эса воситачилар чўнтагига тушади. Бироқ воситачилар бу пулларни мева ва сабзавот маҳсулотларини етиштириш соҳаси ривожи учун сарфлашмайди, зеро улар бундан манфаат кўришмайди. Инвестициялар ишлаб чиқарувчиларга ўз майдонини кенгайтириш, ҳосилни кўпайтириш, шунингдек, йирик, бадавлат ва мустақил ишлаб чиқарувчига айланиш имконини беради. 

Агар шундай бўлса, олибсотарнинг хизматларига ҳожат қолмайди, ишлаб чиқарувчи ўз ҳосилини ўзи сотиш имконига эга бўлади. Чайқовчилар ишсиз қолади ёки уларнинг ўзи ишлаб чиқарувчилар қаторига қўшилишига тўғри келади. 

Биз, аксинча, ер эгалари сонини кўпайтирмоқчимиз. Ахир, шунинг учун харид нархларини сезиларли даражада оширдик. Қўшимча даромад ишлаб чиқарувчиларга ўз ишини ривожлантиришда стратегик масалаларни ҳал қилиш - ер участкаларини кенгайтириш, кўпроқ кўчат ва ўғитлар, механизмлар ва бошқа фойдали нарсаларни харид қилиш имконини беради. 

Биз амалга оширган яна бир хайрли иш - ҳар қандай тоифа ва навдаги маҳсулотни олишимиз ҳақида эълон қилдик. Олибсотарга эса бунинг кераги йўқ, унга энг яхшиси керак - олибсотарлар энг яхшисини олиб, экспорт қилишга одатланишган. Ишлаб чиқарувчи қолган мева-сабзавотларни қаерга қўйишни билмайди. Ёки билади, лекин етишмовчилик сабаб буни ўзига эп кўра олмайди. Яқин-яқинга қадар ҳосилнинг деярли ярми йўққа чиқар эди. Биз шунингдек фақат қайта ишлашгагина яроқли бўлган маҳсулотларни ҳам харид қиламиз. Бунинг ҳисобига ишлаб чиқарувчининг ҳосил ортидан йўқотишлари камаяди ва сифатсиз маҳсулотни сотиш йўлини излашдек бош оғриқдан қутулади. 

Мева ва сабзавотчилик соҳасини ривожлантиришдаги иккинчи муҳим вазифа - тўғри ва самарали сотувларни йўлга қўйиш. Экспорт позициялари даромадларини ошириш ва бутун дунё истеъмолчиларида бизнинг маҳсулотимизга доир ижобий имижни шакллантириш. «Ўзбекистонда етиштирилган» - юқори сифатли маҳсулот кафолати бўлиши керак. 

Ҳозир мева ва сабзавотлар экспорти хаотик тартибга эга. Турли минтақаларга етказиш бўйича логистикалар йўлга қўйилмаган. Етказиб бериш ҳажми «бобом айтганидек» тамойилига кўра тақсимланади - мева-сабзавотлар ортилган юклар гоҳ Сибирга, гоҳ Москвага йўлланади. Шунинг учун биз кўпинча бир географик нуқтада бозорнинг ҳаддан ортиқ тўлиб кетишини кузатамиз. Етказиб берувчиларимиз бундай вазиятда ўзлари нархларни туширишади. Тез бузилувчи товарларини шошилинч сотиб, катта йўқотишларни қайд этишади.

Бизнинг мева ва сабзавотларимиз етказиб бериладиган асосий бозор ҳануз Россия эди, маҳсулотларимизнинг катта қисми шу мамлакат бозорларида сотиларди. Бизнинг машинамиз бозорга борганида у ерда уни муайян бозордаги сотув нархлари ва шартларини белгиловчи, вазиятни назорат қилувчи олибсотарлар кутиб олишарди. Етказиб берувчиларимизнинг уларга сотишдан бошқа чораси йўқ, улар ўзининг сифати тез бузилувчи товарини ҳар қандай шароитларда сотишга мажбур.

Ушбу тор доирадан чиқиш учун биз замонга ҳамнафас равишда сотишимиз керак. Тўғри логистикани йўлга қўйиш учун uzagrotorg.com сайти очилди. Унинг ёрдамида ҳар қандай сотувчи уйида ўтириб, реал вақт режимида турли шаҳарлар бозорларидаги нархларни текшириши ва шу билан бирга, йўлга чиққанидан сўнг ҳам ўз юки йўналишига ўзгартириш киритиши мумкин. 

Шундан кейин биз мева ва сабзавот маҳсулотларини замонавий қадоқлашни йўлга қўямиз. Бир марталик пластик контейнерлар йўқотишларни камайтириш имконини беради - бутун қути йўқолмайди, фақат контейнер билан чекланган маҳсулот. Бундан ташқари, ресторанлар, кафе ва элита дўконлар эгалари учун бундай қадоқларни олиш жуда қулай. Контейнерлар Uzagro миллий бренди туширилган картон қутиларга қадоқланади ва барча ритейлларда қабул қилинувчи европалетларга юкланади. 

Биз сархил мева ва сабзавотларимиз сотувларининг катта оқимини чакана тармоқларга ва ҳозир янги бозорларни ўзлаштиргандан кўра яхшироқ йўналтиришимиз керак. Хитой, Жанубий Корея, Араб амирликларида бизнинг маҳсулотларимиз шу йилнинг ўзидаёқ Россиядагидек одатий қабул қилиниши керак.

Биз рақобатдан қўрқмаймиз, маҳсулотларимиз сифатига ишонамиз. Ҳозирнинг ўзидаёқ мева ва сабзавотларимизнинг экспорт ҳажми жаҳон экспортида етакчи позицияларни эгалламоқда. Гилос экспорти бўйича биз дунёда бешинчи ўриндамиз, ўрик экспорти бўйича - учинчимиз, хурмо экспорти бўйича эса - тўртинчи. Бизнинг олхўриларимиз, узум, анорларимиз дунёнинг турли мамлакатлари дўконларида осон танила бошлаши керак.

Мева ва сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми бизга нархларни шакллантирувчи экспортчи бўлиш имконини беради. Шунинг учун экспорт нархлари оширилди. Яқин кунларгача бизнинг аксарият экспорт позицияларимиз бюджет ва ультрабюджет жабҳаларни эгаллаганди. Бироқ бир хил ёки ҳатто ёмонроқ сифатда ҳам, айниқса экологик кўрсаткичлар бўйича, мева ва сабзавотларни экспорт қилувчи мамлакатларнинг маҳсулотлари нисбатан юқори нархларда савдо қилинади. Бунинг сабаби нимада? Тўғри йўлга қўйилган маркетингда. Масалан, Янги Зеландия - ажойиб табиатли жаннатмакон жой имижини шакллантирувчи узоқ мамлакат. Ҳа, Ўзбекистонда гилос бюджет эмас. Бироқ у - фақат қуёш ва деҳқоннинг меҳнати ёрдамида етиштирилган ҳақиқий табиат инъоми. Бугунги кунда соғлом овқатланиш ҳар қачонгидан-да долзарб. Ҳамма истеъмол қилаётгани маҳсулотининг сифатига эътиборли ва унинг қаердан экани, нимадан иборат эканига қизиқади. 

Мева ва сабзавот маҳсулотлари сотувлари бўйича фаолиятнинг стандарт схемасига риоя қилар эканмиз, Россияга сотувларнинг муайян ҳажми камайиши мумкин, бироқ биз жаҳон бозорига чиқамиз. Шу боис валюта даромади барибир ошади. Бу эса давлатга мамлакат ичидаги турмушни яхшилаш учун янада кўпроқ сотиш, шунга яраша даромад топиш ва қўшимча фойда келтиришга ёрдам беради.

«Kun.uz» гилос мавсумидан сўнг «Ўзбекозиқовқатхолдинг» компанияси мутасаддилари билан очиқ мулоқот ўтказади.

Мавзуга оид