Жамият | 22:35 / 18.04.2018
24749
7 дақиқада ўқилади

Шифохона таъмирланиши сабаб Жаҳон банкидан кредит олган фирма банкрот бўлиши мумкин

Ўзбекистон ўз ривожланишининг жадал ислоҳотлар босқичига кирди. Ҳар бир соҳада ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Тадбиркорлик учун кенг имкониятлар тақдим этиш борасида давлат раҳбарияти томонидан жадал ислоҳотлар олиб бориляпти. Президент Шавкат Мирзиёев деярли ҳар бир чиқишида “битта иш ўрни яратган тадбиркорни бошимда кўтариб юришга тайёрман”, дея тадбиркорлик билан шуғулланишга катта туртки бермоқда. Буни эътироф этиш керак, аммо... баъзи нохуш ҳолатларни ўрганиш чоғимизда, айрим идораларнинг тадбиркор муаммосига бармоқ орасидан қараётгани тадбиркорнинг асаб бузишига, вақт ва салоҳиятини бизнесини ривожлантиришга эмас, муаммони ҳал қилишга сарфлаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. 

Тошкент шаҳрининг Миробод тумани, Меҳржон кўчаси, 35-А уй манзилида жойлашган “Ravshan Yodik Production” МЧЖ картон қутилари, плёнка маҳсулотлари ва гранулалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Фирмада асосан ёшлардан иборат 51 киши меҳнат қилиб, улар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар республикадаги мижозлар қаторида хориждаги харидорларга ҳам етказиб берилмоқда. Хусусан, Исроил ва Хитойга 100 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар экспорт қилинган. 

Афсуски, сўнгги вақтларда ушбу фирма осмонини “қора булутлар” қоплаган, десак муболаға бўлмайди. МЧЖ жойлашган ҳамда Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банкидан олинган жами 1 млн АҚШ долларига яқин кредит учун кафолат сифатида қўйилган манзил, яъни ишлаб чиқариш ва бошқа ёрдамчи бинолари Тошкент Руҳий касалликлар шифохонаси таъмирланиши муносабати билан бузилишга тушган. Фирма жойлашган ҳудуд бинолардан тозаланиб, унинг ўрнида очиқ турдаги автомобиль тураргоҳи барпо этилиши кўзда тутилган. Буни 2018 йил 26 январь куни Тошкент шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг бориши тўғрисида Бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтказилган сайёр йиғилиш баёнидаги қайддан ҳам билса бўлади. 

 

Биз вазиятни ўрганиш мақсадида “Ravshan Yodik Production” фирмасига ташриф буюрдик. Кичик корхонада ишлаб чиқариш жараёни деярли автоматлаштирилгани, ишчилар ўз меҳнатидан кўнгли тўқлиги, улар учун тақдим этилган шарт-шароитлар, ойлик иш ҳақлари қаноатлантираётгани, 3 маҳал иссиқ овқат, узоқдан келувчилар учун транспорт воситаси мавжудлиги ҳам тадбиркорлик фаолияти тўғри ташкил этилганини кўрсатади. Гапнинг индаллосини айтганда барчаси рисоладагидек йўлга қўйилгани кишини қувонтирди. Ишчиларнинг 60 фоиздан ортиғи ёшларни ташкил этади. 

Маълум бўлишича, конвертация очилиб, сўм девальвация бўлганидан сўнг, МЧЖ кредит олган банкига мурожаат қилиб, кредит муддатини 5 йилдан 10 йилга узайтиришни сўраган. Шу вақтда, банк ходими мижозига уларнинг кафолатга қўйилган ишлаб чиқариш корхонаси бузилишга тушганини билдирган. Биз фирма муаммоларига ойдинлик киритиш ниятида МЧЖ раҳбари Рустам Бўриев билан суҳбатлашдик.

“Бизнинг муаммомиз нимадан иборат? Фирмамиз Жаҳон банкидан импорт ўрнини босувчи қоғоз ва картон маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз, деб 500 минг АҚШ доллари миқдорида технологиялар олиш учун кредит олганмиз. Ҳозирда, 20 вагонда келтирилган асбоб-ускуналар жойлаштирилмоқда. Корхонамиз жойлашган бино ва иншоотлар банкка кафолатга қўйилган. Жами 920 250 АҚШ доллари миқдорида кредит олинган”, - дейди Рустам Бўриев. 

Унинг айтишича, айни вақтда Тошкент шаҳар Бинолардан фойдаланиш департаменти корхонани бузиш кераклигини айтмоқда, бироқ ишлаб чиқаришни қаерга кўчириш борасида жўяли фикр ёки таклиф билдира олгани йўқ. Бўриевга кўра, Департамент 0,018 га майдондаги яқиндагина таъмирдан чиқарилган бино ва иншоотлар учун Сергели тумани Дўстлик мавзеси 27-А уй, 7-мавзе 31-А уй ва Яшнобод тумани Оқдарё кўчаси 120-уй манзили бўйича жойлашган 1 ва 2 хонали квартираларни таклиф қилган.

Мазкур маълумотни Тошкент шаҳар Бинолардан фойдаланиш департаментининг биз суҳбатлашган ходими ҳам тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Департамент ўз ихтиёрида бўлган бино ва ҳар қандай кўчмас мулкни биноси бузилиши режалаштирилаётган тадбиркорга таклиф қилади. Қабул қилиш ёки қилмаслик, тадбиркорнинг ихтиёрида бўлади. Департамент корхона асбоб-ускуналарини жойлаштириш ва ишлаб чиқаришни давом эттириши учун “ноль” қийматда бинолар таклиф қилмагани бизни ажаблантирди. Ташкилот ходими, бундай бинолар йўқлигини билдирди. 

Фирма раҳбари, айни вақтда қандай йўл тутишни билмаётганини ёзғириб сўзлар экан, корхона бузилса, ишлаб чиқариш тўхташини, кредит бўйича тўлов яқинлашиб келаётгани (ҳар олти ойда 50 минг АҚШ доллари тўлангани) боис, ҳар бир сония ҳисобда экани, бинолар бузилса, банкнинг кафолатини, кредитини ким тўлашини ўйлаб, ўйига ета олмаётганини таъкидлайди. Бу эса, яхшигина фаолият юритиб, ишлаб келаётган корхонанинг касодга учрашини англатади.

Ҳолат янада аниқроқ бўлиши учун тасвирчимиз билан Тошкент Руҳий касалликлар клиник шифохонасига бориб, қандай таъмирлаш ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда, деган савол билан бош шифокор, тиббиёт фанлари номзоди Хайрулла Ҳусанхўжаевга мурожаат қилдик. 

Бош шифокор сўзларидан барчаси белгиланганидек олиб борилаяпти, деган хулосага келиш мумкин. Лекин “Ravshan Yodik Production” МЧЖ дуч келган ҳолатга жиддийроқ ёндашилса, нафақат 50 дан ортиқ ишчининг келажакдаги иш билан боғлиқ тақдири, балки фирманинг касодга учраш эҳтимоли, унинг халқаро молия муассасаларидан олган кредитини тўлаш каби ўта муҳим масала ҳам кун тартибига чиқади. 

Чунки, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун биноси бузилаётган шу каби фирмалар мисолида Ўзбекистондаги инвестициявий муҳитга ҳам баҳо берилади. Хорижий сармоядор Ўзбекистонга сармоя ётқизишдан аввал янада эҳтиёткорроқ бўла бошлайди, назаримизда, халқаро банк муассасалари ҳам кредит ажратишдан аввал талабларни янада кучайтира бошлаши эҳтимоли ортади. Ўзбекистонга хориж инвестицияларини жалб этиш устида ислоҳотлар олиб борилаётган бир вақтда халқаро банклардан кредит олган ушбу фирма муаммосига жиддий эътибор бериш лозим бўлади. 

Мазкур мақола ёзилиши жараёнида “Ravshan Yodik Production” МЧЖ раҳбари билан телефон орқали яна бир бор суҳбатлашдик. Рустам Бўриев Бош вазир Абдулла Арипов қабулида бўлгани, Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоровга ҳам ўз муаммосини шахсан тушунтирганини билдирди. Унинг айтишича, Ж.Қўчқоров масалани ижобий ҳал этиш мақсадида топшириқлар берган.

KUN.UZ сайти “Ravshan Yodik Production” МЧЖ дуч келган муаммо ўзининг ижобий ечимини топишига ишонч билдириб қолади ҳамда бу масалага яна қайтади. 

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид