Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«ЛУКОЙЛ» Қандимдаги газни Хитойга экспорт қилади
Бугун, 19 апрель куни Россиянинг «ЛУКОЙЛ» гуруҳи Бухоро вилояти ҳудудида жойлашган Қандим конида газни қайта ишлаш мажмуасини ишга туширди. Бу мажмуа барпо этилиши учун жами 3,4 миллиард доллар сарфланган.
Янги заводни ишга тушириш санасининг айнан 19 апрелга тўғри келиши бежиз эмас. Роппа-роса икки йил муқаддам, 19 апрель куни ушбу завод қурилиши бошланган эди. Hyundai Engineering бошчилигидаги компаниялар консорциуми барча ишларни муддатидан 8 ой илгари якунлашди.
Қандим мажмуаси йилига 8 миллиард кубометр газни қайта ишлайди. Бу ерда таркибида водород сульфиди бўлган газдан тоза табиий газ, газ конденсати ва олтингугурт олинади. Заводда тайёр маҳсулотни магистрал қувурлар орқали экспортга йўллаш ва транспортга юклаш тизимлари мавжуд.
Мажмуага газ хом ашёси Қандим гуруҳининг 6та газ конларидан етказиб берилади: Қандим, Қувачи-Олот, Аккум, Парсанкўл, Ҳожи, Ғарбий Ҳожи. Ушбу конлар Туркманистон билан чегара яқинида жойлашган. У ерда 77та газ қудуқлари ковланган.
Бу ердан газ Хитойга экспорт қилиниши режалаштирилган.
«Бундай кенг кўламли лойиҳанинг амалга оширилиши жаҳон сиёсатидаги турбулентлик шароитларида постсовет ҳудудидаги умидли ҳамкорлар билан алоқаларнинг ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганини намойиш этади», дейилган «Лукойл» хабарида.
«Лукойл» Ўзбекистондаги Қандим-Ҳавзак-Шоди-Қўнғирот ва Жанубий-Ғарбий Ҳисор лойиҳалари бўйича шерикчилик қилишга эришиш устида ҳам иш олиб бормоқда.
Ўтган йилда компания Ҳисор конлари гуруҳида «Жануби-Ғарбий Ҳисор» лойиҳасининг асосий ишлаб чиқариш объектларини фойдаланишга топширганди. Унинг лойиҳавий қуввати йилига 5 миллиард кубометрга яқин. Ҳозирга келиб Ўзбекистонда «Лукойл» бошқаруви остидаги лойиҳаларда газ қазиб олиш ҳажми 51 миллиард кубометрга етган. «Лукойл» Ўзбекистонга киритадиган инвестицияси ҳажми 10 миллиард доллар атрофида, шундан 7 миллиард долларни компания инвестиция қилиб бўлган.
2020 йилгача «Лукойл» Ўзбекистонда йилига 16 миллиард кубометр газни қайта ишлашга эришишни режалаштирган - шундан 8 миллиард кубометри Қандимда, 5 миллиард кубометри Ҳисорда, яна 3 миллиард кубометр Ҳавзакда.
Эслатиб ўтамиз, «Лукойл» компанияси Ўзбекистон бозорида 15 йилдан буён ишлаб келмоқда.
Қандим газни қайта ишлаш заводи қурилиши маҳсулотни бўлиш шартномасига кўра амалга оширилган. Дастлаб шартнома муддати 35 йил (2039 йилга қадар) белгиланган эди. 2015 йилда унинг муддати яна 7 йилга (2046 йилга қадар) узайтирилганди.
Мавзуга оид
11:02 / 23.05.2025
4 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланган метан заправка аниқланди
10:53 / 21.05.2025
Ўзбекистон асални асосан икки давлатга экспорт қилмоқда
11:57 / 19.05.2025
Россиядан Ўзбекистонга қорамол экспорти ҳажми ошди
13:37 / 07.05.2025