Жамият | 10:19 / 21.04.2018
135905
3 дақиқада ўқилади

20 йил эътикофда ўтирган мўйсафид: «Президент қариндошлар ўртасидаги силаи раҳмга сабабчи»

Ҳар куни ишга, ўқишга шошиб юрарканман, бир ўй хаёлимдан ўтиб туради: халқ юз бераётган жараёнларга қандай муносабат билдирмоқда? Ислоҳотлар тўлқини кишини қувонтираётгани рост, аммо бир чеккада ундан жабр кўриб қолаётганлар йўқми?! Шундай қилиб, журналистнинг нигоҳи турли хил манзарадаги манзилларга тушади.

Бир куни қадрдон танишим сўз орасида айтиб қолди: «олис қишлоқ, узоқ йўл юриб, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманига борилса, у ерда бир мўйсафид кишига дуч келасиз». Маълум бўлишича, 94 ёшни қоралаб қўйган Файзуллоҳ бобо тумандаги «Миёна» масжидида эътикоф айлаб ўтирибди. Мана 20 йилдирки, қария ёлғиз Аллоҳ розилигини истаб, масжиддан чиқмай, куну тун тоат ибодатда.

Youtube'да кўриш

Биз ана шу киши ҳақдаги маълумотлардан хабар топгач, зудлик билан Қашқадарё вилоятига ошиқдик. Буни қарангки, отахон суҳбатимизнинг бош сўзини Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабат билдиришдан бошлади.

«Мен президентнинг нақадар катта савобли ишларга қўл ураётганини эшитиб, хурсанд бўлиб ўтираман. Уларнинг ҳақига дуо қиламан. 

Гап шундаки, бир неча ўн йил давомида қўшни Тожикистон билан алоқаларимизга совуқлик тушганди. Давлат раҳбари бир ташаббус билдирди, унинг ҳосиласи ўлароқ, қариндошлар ва яқин биродарлар яна дийдор кўришди. Бу Ислом динида жуда улуғланади. Аллоҳ у кишини яқин қариндошлар ўртасида силаи раҳмни яна мустаҳкам бўлишига сабабчи қилиб қўйибди. Албатта, қалби иймон нурига тўлган бу кишининг ишларидан мамнунман», дейди Файзуллоҳ бобо суҳбат бошида.

Мўйсафиднинг таъкидлашича, биз яшаб турган диёр узоқ йиллардан буён Ислом қуббаси бўлиб келганди.

«Атеистлар ёпирилиб келгач, бу юртда намоз ўқиш, ибодат қилиш айб санала бошлади. Мени ҳам жанозада иштирок этганим учун Сибирга сургун қилишди. Эҳҳ... Бу азоб, бу қийноқлар... Аллоҳга шукр, ўтиб кетди. Халқ манфаатини ўйлаб, эртамизни ўйлаб, яна ўтмишда боболаримиз қолдирган меросни ўрганишимиз керак. Ҳар бир болага диний билим беришда шарт-шароит яратиш лозим. Қалбида эътиқодни жо қилган кишидан ёмонлик чиқмайди, шундай экан, ёш авлодни тарбияли, интизомли ва меҳнаткаш бўлиб улғайишида ўз вазифамизни бажаришимиз лозим», деб сўзларини давом эттирди бобо.

Mover.uz'да кўриш

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид