Онамдай эркалаб шивирлар, Самарқанд, Самарқанд, Самарқанд...
Самарқанд - Темурийлар давлатининг пойтахти бўлган гўзал, қадимий ва латиф шаҳар. Дунёга машҳур тарихий шаҳар номи баҳсларга эга. “Самарқанд” сўзининг келиб чиқиши тўғрисида бир қанча тахмин ва гипотезалар мавжуд. Шарқ муаллифлари “Самарқанд” сўзининг биринчи қисми, яъни “Самар” сўзи шу шаҳарга асос солган ёки шаҳарни босиб олган кишининг номи шарафига аталган, деб ҳисоблаб келишди. Бироқ тарихда бундай исмли киши тўғрисида маълумотлар аниқланмаган. Сўзнинг иккинчи қисми “кент” (канд) — қишлоқ, шаҳар деган маънони билдиради. Баъзи европалик олимлар бу ном қадимдан қолган санскритча “Самаря”га яқин, яъни “йиғилиш, йиғин” сўзидан келиб чиққан, деб изоҳлайдилар. Антик муаллифларнинг асарларида шаҳар Мароканда деб аталган. Бу ҳақиқатга анча яқин бўлиб, Мароканда — Самарқанд атамасининг юнонча айтилишидир. 11-аср олимларидан Абу Райҳон Беруний ва Маҳмуд Кошғарий шаҳар номининг келиб чиқишини “Семизкент”, яъни “семиз қишлоқ” сўзининг бузиб талаффуз қилиниши, деб тушунтирадилар.
Самарқанд қадимий тарихи ва меъморий ёдгорликлари туфайли бутун дунё тан олган ҳақиқий музей шаҳарга айланди. Шу боис ҳукумат қарори билан 1982 йилда Самарқанднинг Афросиёб шаҳристони, ўрта асрларда бунёд этилган меъморий ёдгорликлар ва 19—20-асрларда қурилган “Янги шаҳар”даги бинолар, тарих ва ўлкашунослик музейлари асосида “Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморий музей қўриқхонаси” тузилди. Ўша йилда шаҳарнинг тарихий қисмини муҳофазалаш чегаралари белгиланди.
Самарқанднинг меъморий-тарихий ёдгорликлари 2001 йилда ЮНEСКОнинг Финляндияда ўтказилган 25-сессиясида Жаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Самарқандда 73та йирик тарихий меъморий ёдгорлик: Регистон ансамбли, Шоҳи Зинда ансамбли, Амир Темур мақбараси, Улуғбек расадхонаси, Бибихоним жоме масжиди, Руҳобод мақбараси, Абдидарун мажмуаси, Хожа Аҳрор масжиди, Ҳазрати Хизр масжиди ва бошқалар сақланган. Ўзбекистон Республикаси президенти И.А.Каримов ташаббуси билан Самарқандда Абу Мансур ал-Мотуридий ас-Самарқандий дафн этилган Чокардиза қабристони ҳудудида Мотуридий ёдгорлик мажмуи мозорига мақбара қурилди, қабристон обод этилди, Бурҳониддин Марғиноний вафотининг 800 йиллиги (1997), таваллудининг 910 йиллиги (ҳижрий сана бўйича) (2000) кенг нишонланди (Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонида дафн этилган). Самарқанднинг марказий майдонига Амир Темур ҳайкали ўрнатилди. Шаҳардаги тарихий обидалар Хитой, Ҳиндистон, Юнонистон (Афина), Италия (Рим) ёдгорликлари каби ўзининг гўзаллиги билан инсон эътиборини ўзига тортади. Самарқандга ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб сайёҳлар келиб кетади.
Ҳозирги кунда ҳам давлат томонидан ички ва ташқи туризмни ривожлантириш муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Шаҳарга бутун дунёдан сайёҳлар ташриф буюради. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг турли чеккаларидан маҳаллий аҳоли вакиллари келиб тарихий обидаларни томоша қилиб, мақбараларни зиёрат қилиб кетишмоқда.
Шу ўринда халқ суйган шоир Хуршид Давроннинг кўҳна ва ҳамиша навқирон шаҳарга атаб битилган шеъри ёдга тушди.
САМАРҚАНД
Бир шивир мисоли Самарқанд
Бисмиллоҳ каби ложувард
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Соғинчим тимсоли
Сочлари шамолда ёйилган
Навбаҳор тоширган Ёйиқдай
Симобий либосга ўранган
Темур эркалашларига ўрганган
Улуғбек қонидай сочилган
Қизғалдоқлардай очилган
Юлдузлар остида дунёнинг
Энг гўзал аёли мисоли
Дунёнинг энг гўзал шеърини
Болалик чоғимдан қучоқлаб
Онамдай эркалаб шивирлар
Самарқанд Самарқанд Самарқанд
Бир шивир мисоли мунгли дард
Бисмиллоҳ мисоли ложувард
Зафарбек Солижонов
Мавзуга оид
08:10 / 21.11.2024
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятини ривожлантириш юзасидан йиғилиш ўтказди
08:51 / 20.11.2024
Тўрт туманда 614 млн сўмлик электр ва газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланди
13:49 / 14.11.2024
Самарқандда ўқувчи автобус уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди
17:37 / 12.11.2024