Спорт | 16:43 / 11.05.2018
11105
9 дақиқада ўқилади

Европа чемпионатларида мавсум якунланмоқда. Асосий интригалар

Навбатдаги евромавсум ҳам ниҳоясига етиб бормоқда. Англия, Германия ва Россияда бу ҳафта чемпионат ўйинлари якунига етади. Франция ва Италияда 37-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Эътиборингизга дам олиш кунлари ушбу чемпионатларда бўладиган аҳамиятли ўйинлар ҳақида маълумотларни ҳавола қиламиз.

АНГЛИЯ

Ҳафта ўртасидаги ўйинлар натижаси жуда кўп масалага ойдинлик киритди. Энди «Манчестер Юнайтед»га қўшилиб, «Тоттенҳэм» ҳам келаси мавсумда ЕЧЛда иштирок этиш йўлланмасини расман қўлга киритди. Сўнгги йўлланма учун «Ливерпуль» ва «Челси» сўнгги турда кураш олиб боради. Ҳозирда «Ливерпуль»да 72, «Челси»да 70 очко мавжуд. 

«Челси»нинг чоршанба куни ўз майдонида «Ҳаддерсфилд» билан дуранг ўйнаши 4-ўрин учун курашдаги имкониятни пасайтириб юборди. Энди «Ливерпуль» сўнгги турда «Брайтон» билан дуранг ўйнаса кифоя. Биринчи навбатда, тўплар нисбати эътиборга олинишини ҳисобга олсак, лондонликлар тўплар нисбати бўйича 4-ўринга кўтарилишлари учун сўнгги турда 15 гол фарқи билан ғалаба қозонишларига тўғри келади.

Бундан ташқари, АПЛни тарк этувчи охирги жамоа номи ҳам сўнгги турда расман маълум бўлади. Ҳа, фақат расман. Зеро асосий рақибига ўз майдонида мағлубиятга учраган «Суонси» энди «Саутҳэмптон»га етиб олиши қийин. Орада фарқ уч очко. Тўплар нисбати бўйича эса, «Саутҳэмптон» 9 голга устун бўлиб турибди. Демак, сўнгги турда «Суонси» ғалаба қозониши, «Саутҳэмптон» мағлубиятга учраши, бу ҳам етмасдан, яна, бу икки ўйинда умумий олганда +9 йўқолиши керак. Акс ҳолда, лигани тарк этадиган учинчи жамоа «Суонси» бўлади.  

ИТАЛИЯ

Италияда бу ҳафта сўнгги эмас, 37-тур бўлиб ўтади. Айтиш мумкинки, кучли бешликда энг кескин интрига айнан «А Серия»да бўлиб қолмоқда. Биринчидан, Чемпионлар лигаси учун икки йўлланмага уч жамоа қаттиқ кураш олиб боришяпти. Иккинчидан, биратўла 6 жамоада А Серияни тарк этувчи 18-ўринга тушиб қолиш хавфи бор – 14-ўриндаги «СПАЛ 2013» ва 18-ўриндаги «Кальяри» орасидаги фарқ атиги 2 очко холос.

Айниқса, мана шу олтиликдаги «Верона» ва «Удинезе» ўртасидаги ўйин ҳам жуда қизиқарли кечиши кутилмоқда.

Бу ҳафта бир катта учрашув бор. «Рома» ўз майдонида «Ювентус»ни қабул қилади. «Ювентус» ўтган ҳафтада чемпионликни, куни кеча эса, кубокни қўлга киритганидан сўнг, катта эҳтимол билан бу ўйинда бироз кучсизланган таркиб билан ўйнаши кутилмоқда. «Рома» учун эса, бу ўйиндаги ғалаба жуда зарур. Римликлар 3 очкони қўлга киритишса, ЕЧЛ йўлланмасини ҳал қилади.

4-ўрин учун эса, «Интер» ва «Лацио» даъвогарлик қиляпти. Ҳозирча «Лацио» 2 очко олдинда бормоқда. Сўнгги турда бу икки жамоа ўзаро куч синашишади. Демак, ўша «финал» ўйинида етарли имкониятга эга бўлиш учун бу турда ҳар икки жамоа ғалаба қозонишга уринади.

Дарвоқе, «Аталанта» – «Милан» ўйини ҳам эътиборга моликдир. Чунки, «Милан» 60 очко билан олтинчи ўринда, «Аталанта» эса, 59 очко билан уларни таъқиб қиляпти. Бу ўйин Европа Лигаси йўлланмаси масаласини ҳал қилиши мумкин.

ИСПАНИЯ

Испанияда асосий саволларга жавоб топиб бўлинган. Чемпион номи ҳам, бу йил лигани тарк этадиган учлик ҳам, ЕЧЛда қатнашадиган тўртлик ҳам аллақачон аниқ бўлиб улгурган.

«Бетис» уй учашувларини ўтказадиган «Бенито Вилламарин»да Андалус дербиси бўлиб ўтади. Бу ўйин нафақат дерби, балки Европа Лигаси йўлланмаларидан бирининг эгаси аниқладиган тўқнашувдир. «Бетис» ҳозирда 59 очко билан 5-ўринда, «Севилья» эса, 54 очко билан 7-ўринда бормоқда. Демак, бу ўйинда «Бетис» мағлубиятга учрамаса, «Севилья» билан ўртадаги фарқ қисқармайди ва жамоанинг келаси мавсумда еврокубокларда қатнашиши расман аниқ бўлади.

ГЕРМАНИЯ

Бундеслигада сўнгги тур олдидан уч жамоа биргина ЕЧЛ йўлланмаси учун имкониятга эга бўлиб туришибди.

«Ҳоффенҳайм» ва «Байер»да 52, «Лейпциг»да 50 очко бор ва улардан фақат бири келаси мавсум ЕЧЛда иштирок этади. Демак бу саволнинг жавобини топиш учун биратўла уч ўйин натижасини таъқиб қилиш керак бўлади.

Яқиндагина мамлакат чемпиони бўлган ва қаторасига бир неча йил Чемпионлар Лигасида ўйнаган «Вольфсбург» эса, Бундеслигани тарк этиш арафасида турибди. Жамоа «Фрайбург»дан 3 очко кам жамғарган, яъни хавфли зонани тарк этиш «бўрилар»нинг ўзига боғлиқ эмас. Уни майли, ўтиш плей-оффида иштирок этиш имконини берадиган, ҳозирда «Вольфсбург» эгаллаб турган 16-ўринда қолиш учун ҳам жамоа сўнгги турда очко олиши шарт. Зеро 17-ўриндаги «Ҳамбург» «бўрилар»дан 2 очко кам жамғаришган холос.

ФРАНЦИЯ

Яхшиям, ЕЧЛ деган мусобақа бор, шу турнир йўлланмаси ҳам лигаларда қандайдир интригаларни ҳосил қилиб турибди, акс ҳолда аллақачон бу чемпионатларни кузатишдан тўхтаган бўлардик.

Франциядан ЕЧЛда 3 жамоа қатнашади. «ПСЖ» рақобатдан холи, қолган икки ўрин учун «Лион», «Монако» ва «Марсель» ўртасида шиддатли кураш кечмоқда. Лионликлар 75, «Монако» 74 ва «Марсель» 73 очкога эга ва 2 тур қолганда бу жамоаларнинг ҳар бирида имконият мавжуд.

Айниқса, бу турда «Страсбур» – «Лион» ўртасидаги учрашув жуда шиддатли кечса керак. Сабаби, «Страсбур»  17-ўринда бормоқда ва лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун бор кучи билан ҳаракат қилади. «Страсбур» ушбу мавсумда «ПСЖ» устидан ғалаба қозонган илк жамоа бўлганини ҳам эътиборга олсак, уларда «Лион»га муносиб қаршилик кўрсатиш салоҳияти бор.

РОССИЯ

Айтсак ишонмайсиз, лекин Россияда ҳам шу муаммо. ЕЧЛ да қатнашадиган учинчи жамоа ким бўлади?

Якшанба куни сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтади. ЦСКА 55 очко билан ҳозир учликни банд қилиб турибди. «Краснодар» ҳисобида 53 очко мавжуд.

«Армиячилар»  уйда «Анжи»ни, «Краснодар» эса «Рубин»ни қабул қилади. ЦСКА учун бу ўйинда дуранг ҳам кифоя қилади. Сабаби, Россия чемпионати регламентига кўра очколар тенг бўлиб қолганда, дастлаб, ўзаро ўйиндаги натижаларга қаралади. ЦСКА бу мавсум ҳар икки ўйинда ҳам «Краснодар» устидан ғалаба қозонди.

МУҲИМ ЎЙИНЛАР:

11 май.

23:45. «Генгам» – «Марсель»

12 май.

18:30. «Байер» – «Ҳанновер», «Ҳоффенҳайм» – «Боруссия Дортмунд», «Ҳерта» – «Лейпциг»

21:30. «Бетис» – «Севилья»

23:59. «Страсбур» – «Лион», «Монако» – «Сент Этьен» 

13 май.

16:00. ЦСКА – «Анжи», «Краснодар» – «Рубин»

19:00. «Ливерпуль» – «Брайтон», «Ньюкасл» – «Челси»

21:00. «Аталанта» – «Милан»

23:45. «Рома» – «Ювентус»

Мавзуга оид