Ўзбекистон | 17:30 / 11.05.2018
19243
4 дақиқада ўқилади

Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазони ўташ тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 майдаги қарори билан Мажбурий жамоат ишлари тариқасидаги жазонинг ижросини ташкил этиш тартиби ҳақидаги низом ҳамда Мажбурий жамоат ишлари турларининг рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали хабар берган.
 
Низомга кўра, мажбурий жамоат ишлари деганда маҳкумни ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга мажбурий тарзда жалб қилиш тушунилади.

Маҳкум суднинг ҳукми, ажрими ёки қарори тегишли инспекцияга келиб тушган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жазони ўташга жалб қилинади.

Маҳкумни мажбурий жамоат ишларига жалб қилишда содир этилган жиноят тури, маҳкумнинг касбий кўникмалари, асосий иш ва (ёки) ўқиш жадвали (агар мавжуд бўлса), маҳкумнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, иш жойининг транспорт учун яқинлиги инобатга олинади.

Низомда маҳкумнинг мажбурий жамоат ишларидан бўйин товлаши деб ҳисобланадиган ҳолатлар, маҳкумга нисбатан қидирув эълон қилиш тартиби, ушбу турдаги жазони ўташдан бўйин товланган тақдирда уни бошқа жазо тури билан алмаштириш тартиби, шунингдек жазони ўташдан озод этиладиган ҳолатлар батафсил белгилаб берилди.

Мажбурий жамоат ишлари бир юз йигирма соатдан тўрт юз саксон соатгача бўлган муддатга тайинланади. Низомга кўра, ушбу жазо тури кунига тўрт соатдан ошмаган, бироқ ҳафтасига ўн икки соатдан кам бўлмаган ҳолда, вояга етмаганлар томонидан эса, уч соатдан, бироқ ҳафтасига уч кундан ошмаган ҳолда ўталади. Истисно ҳолатларда муддатлар ўзгартирилиши мумкин.

Мажбурий жамоат ишларининг ўталиши меҳнат қонунчилиги бўйича тартибга солинмайди, маҳкум билан меҳнат шартномаси тузилмайди ва у жазони ўтайдиган ташкилотнинг ишчиси ҳисобланмайди. Жазони ўташ вақти меҳнат стажига қўшилмайди.

Низомда ички ишлар органлари жазоларни ижро этиш инспекциясининг, жазони ўташ жойидаги ташкилот (орган)нинг ва маҳкумнинг, шунингдек маҳаллий ҳокимият органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Унга кўра, инспекция маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилган ҳолда маҳкумга мажбурий жамоат ишларининг камроқ миқдорини ишлаб беришга, даволаниши ва яқин қариндоши вафот этганлиги муносабати билан Ўзбекистон ҳудудидан четга чиқишга рухсат бериши мумкин. 

Инспекция маҳкумларнинг ҳисобини юритиши, уларга жазони ўташ тартиби ва шартларини тушунтириши, жазонинг ижро этилишини назорат қилиши, маҳкумлар ишлаган вақт ҳисобини юритиши, маҳкум жазодан озод қилингани ёки жазони ўтаб бўлгани ҳақида маълумотнома тақдим этиши ва бошқа вазифаларни бажариши лозим.

Маҳкумлар жазони ўтаётган ташкилотнинг (органнинг) маъмурияти маҳкум бажарадиган ишни ташкил этиши, ишларни бажариш учун тегишли шароитларни таъминлаши, маҳкум меҳнат интизомини бузган тақдирда бу ҳақда инспекцияни хабардор қилиши ва бошқа вазифаларни бажариши шарт.

Маҳкум суднинг ҳукми қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида яшаш жойидаги инспекцияда ҳисобга туриши, жазони ижро этиш ва ўташ шартларига риоя этиши, жазони ўташ учун бириктирилган ташкилот (орган)даги ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиши, яшаш жойи ўзгарганлиги ҳақида инспекцияни хабардор қилиши шарт.

Маҳкумларнинг авариялар, табиий офатлар ва шунга ўхшаш бошқа ҳодисалар оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ фаолият турларига жалб қилинишига йўл қўйилмайди.

 

Мавзуга оид