Жаҳон | 10:00 / 13.05.2018
20661
3 дақиқада ўқилади

76 ёшли эркак Apple Watch туфайли ўлимдан қутулиб қолди 

Япониялик 76 ёшли Гастон Д'Акино унинг Apple Watch соати юрак уриши юқорилигидан хабардор қилгандан кейин шифохонага мурожаат қилди. Эркак бу вақтда черковда бўлган. У аввал бу билан боғлиқ муаммолар ҳақида эшитгани сабаб дарҳол шифохонага мурожаат қилишга қарор қилган. Шифокорлар унда ўлимга олиб келиши мумкин бўлган юрак хуружини бартараф эта олишган. Бу ҳақда South China Morning Post нашри хабар берди

ЭКГ эркакда юраги билан жиддий муаммо борлигини кўрсатган. Шундан кейин шифокорлар қўшимча таҳлиллар ўтказиб, эркакнинг 3 та юрак томиридан 2 таси тўлиқ, 3-томири эса деярли 90 фоизга тўсилиб қолганини аниқлашган. Бу эса ўлимга олиб келиши мумкин бўлган.

Фото: South China Morning Post /Nora Tam

Эркакнинг айтишича, у бунгача кардиологга мурожаат қилган. Кардиолог унга қанд касаллиги, юқори даражадаги холестерин ва қон босимидан дорилар ёзиб берган, бироқ унинг юрагида жиддий муаммолар борлигига ҳеч нарса ишора қилмаган. Эркак шифохонада кўрикдан ўтказилгандан кейин ангиопластика – юракка қон оқимини тўсилиб қолган томирларга кичик стентлар жойлаштириш орқали тиклаш амалиётига рози бўлган. 

Эртаси куни қария уйига қўйиб юборилган. Унинг айтишича, у ўзини анча яхши ҳис қилган.

“Янги ҳаётга имкон олиш ажойибдир. Сен эрталаб уйғониб, атрофга қарайсан ва ҳаммаёқ янада гўзалроқ кўринади. Бир неча кун кўтаринки кайфиятда бўлиш ажойиб ҳисдир”, деб айтган қария.

Фото: South China Morning Post /Nora Tam

Эркак Apple раҳбари Тим Кукка электрон почта орқали мактуб йўллаган. У мактубида соат ўша куни у ҳали ҳеч нарсани ҳис қилмасидан унда юрак тез уриши ҳақида илк бор огоҳлантирганини маълум қилган. 

Эркак Кукни Apple Watch’ни юраги билан муаммоларга эга одамлар учун мўлжалланган қурилма сифатида реклама қилишда давом этишга чорлаган. Кук жавоб хатида қариянинг ҳозирги ҳолати яхшилигини эшитишдан хурсандлигини ва бундай воқеалар “Apple’ни янада шижоат билан ишлашга илҳомлантиришини” айтган.

Юрак тез уришидан огоҳлантирувчи функция watchOS 4’да пайдо бўлган. Бу функция ёқиқ бўлганда, соат эгасининг тинч ҳолатда юрак уриши маълум кўрсаткичдан ошиб кетса, бу ҳақда уни огоҳлантиради. Ушбу функция Series 1 ва ундан янгироқ барча Apple Watch’ларда ишлайди.

Мавзуга оид