Ўзбекистон | 14:52 / 14.05.2018
72379
5 дақиқада ўқилади

Оролга фотосаёҳат: Чекинаётган денгизни излаб

Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасидаги Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ҳамда туман ҳокимликлари қўллови ва иштирокида Қорақалпоғистон Республикасининг Оролбўйи ҳудуди ва Орол денгизига медиа тур ўтказилди.

Унда Ўзбекистондаги кўплаб оммавий ахборот воситалари ходимлари (жумладан, Kun.uz мухбири), фотомухбирлар, блогерлар, Сув хўжалиги вазирлиги ва ФВВ қошидаги Ўзгидромет ходимлари, асли канадалик блогер Лорен Чан, МОМЭМ ходимлари иштирок этишди.

Медиа турдан кўра формати экспедиция кўринишини олган саёҳатга қорақалпоғистонлик профессионал гид, тарих фанлари номзоди, археолог Октябр Дўспанов ҳамроҳлик қилди.

Орол денгизи… Ярим асрдан буён чекинаётган, Марказий Осиё халқларининг қалб оғриғига айланган мавзу.

«Ҳар сафар келганимда Оролни қариб-қартайиб, бир бурда бўлиб қолган, соч-соқоллари оқариб кетган мўйсафид чолга менгзайман, — дейди Октябр Дўспанов. — У билан товуш чиқармасдан сўзлашаман. Кетаётганимда у мени қўйиб юборишни истамаётгандек бўлаверади…»

Тошкентдан Нукусга 1 соату 20 дақиқалик парвоздан сўнг, меҳмонхонада медиа тур аъзолари кечки таомланиш устида эртанги қилинадиган ишлар режасини тузиб чиқишди.

Эрта тонгдан 12та йўл танламас Toyota машиналарида турнақатор бўлиб Орол сари йўл олдик.

Қўнғиротдан ўтганимиздан сўнг бир пайтлар Орол мавжланган, бироқ ҳозирги кунда саксовулу шувоқлар ўстирилаётган жойда бизни Қўнғирот тумани ҳокими ўринбосари Бахтиёр Камолов кутиб олди. У журналист ва блогерларга қисқача интервью бериб, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлади.

Шундан сўнг гуруҳимиз Устюрт платоси томон йўл олди. Устюрт қоялари кўриниш бера бошлади. Чинк деб аталувчи қоялар узра юқорига ўрлар эканмиз, Октябр Дўспанов ўша ерда кичик танаффус қилиб, юқоридан туриб бир пайтлар Орол денгизи ости бўлган бу майдонлар қай тариқа саксовулзорларга айлантирилаётгани ҳақида гапириб берди. Авваллари Ан-2 самолётлари орқали саксовул уруғи сепилган майдонлар энди техника билан ҳайдалиб саксовуллар экилмоқда: қаердадир уруғидан, қаерлардадир кўчатидан.

Бироз олдинга ўтиб таъкидлаш жоизки, ҳозир Амударёнинг суви Орол денгизига қуйилмаяпти. Чунки дарёнинг ниҳоятда озайиб қолган суви денгизгача етиб бормасдан, иссиқда буғланиб ва қум қаърига сингиб йўқ бўлиб кетади. Шу сабабли Амударё дельтасида турли кўллар юзага келган. Ана шундай кўллардан бири Судочье кўли бўлиб, биз ўша масканга йўл олдик.

Кўлга бораётиб, сигнал берувчи қадимий маёқ вайронлари олдидан ўтдик. Октябр аканинг айтишича, бу маёқ денгизчиларга эмас, Буюк ипак йўли бўйлаб ҳаракат қилган савдо карвонларига белги бериш учун хизмат қилган экан.

Судочье кўли ёқасидаги Урга қўналғасига борар эканмиз, мутаассиб православларнинг қабристонига дуч келдик. Улар ўз вақтида Чор Россияси томонидан бу ерларга сургун қилинган, Орол бўйида балиқчилик ортидан кун кўришган экан. Гуруҳимиз билан Судочье кўли олдидаги қадимий балиқчилик заводи олдида балиқ тановул қилдик.

Яна кетма-кет тупроқ чангитиб, йўлга отландик. Қайд этиб ўтиш керак, бизга Устюртда айни баҳор ҳукмронлик қилган кунлари бориш насиб қилди. Ҳаммаёқ ям-яшил. Ўсимликлар гуллаган. Бир ойлардан кейин улар сувсизликдан қуриб, атроф сап-сариқ рангга бўялар экан.

Собиқ иттифоқ даврида Комсомольск-на-Устюрте деб номланган қишлоқчага етиб келдик. Бу ерда бир пайтлар аэродром фаолият кўрсатган, ўша ерда тўхтаб нафас ростладик. 12та машинада йўл олганимизни унутманг: дам бадам тўхтаб, ҳеч ким адашиб қолмаганига ишонч ҳосил қилиб, барча етиб келишини кутиб юрардик. Бизни кўргани қишлоқ ёшлари етиб келишди. Айни пайтда қишлоқ яқинида газ қазиб олинмоқда. Қишлоқда барча коммунал шароитлар мавжудлигига қарамасдан, улар сифатли тиббий хизматга муҳтож эканликларини айтишди.

Нафас ростлаб олганимиздан сўнг, Орол бўйига экспедициямиз ўз йўлида давом этди.

(Давоми бор)

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz журналисти

Мавзуга оид