Жаҳон | 11:23 / 15.05.2018
8065
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея Пхунгери ядровий полигонини бузишни бошлаб юборди – ОАВ

Фото: AFP / PEDRO UGARTE

Шимолий Кореяда Пхунгери ядровий полигонининг бартараф этилиши бошлаб юборилди. Бу ҳақда АҚШнинг 38North сайти 7 май кунида сунъий йўлдошлар томонидан олинган суратларга таяниб таъкидламоқда. Полигоннинг бузилиш маросими 23-25 май кунларига белгиланганди.

“7 майдаги сунъий йўлдошдан олинган суратлар синов полигонининг демонтажи тўлиқ бораётганига ишончли исботлар келтиради”, деб ёзмоқда нашр. 

Порталнинг таъкидлашича, бир нечта ёрдамчи бино бузиб ташланган. Шунингдек, вагонеткалар учун рельслар олиб ташланган. 

Баъзи муҳимроқ иншоотлар, жумладан иккита энг катта бино – қўмондонлик пункти ва маъмурий бинога тегилмаган. Шунингдек, туннелларга кириш жойлари очиқ қолган. Порталнинг тахминича, бу полигоннинг ёпилиши маросимида журналистлар иштирок этиши ва туннеллар уларнинг кўз ўнгида портлатилиб бузилиши ва уларга кириш йўллари ёпиб ташланиши билан боғланган бўлиши мумкин.

Маълум қилинишича, полигондан барча илмий ходимлар ва қўриқчилар олиб чиқилади. Полигоннинг синов шахтаси портлатилиб, сўнгра ер сиртидаги барча бинолар бузиб ташланади. Маросимда Жанубий Корея, Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Россиядан журналистлар иштирок этиша олади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид