Жамият | 00:04 / 18.05.2018
5516
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Россия олийгоҳлари балиқчилик соҳаси бўйича ўзаро онлайн дарс ўтишди

Астрахан давлат техника университети билан Тошкент давлат аграр университети ўртасида англашинув меморандуми, йўл харитаси имзоланган кундан бошлаб ўз самарасини бермоқда. Ҳозирги кунда Республикамизда балиқчи-ихтиолог, гидробиолог, балиқчи селекционер, сервис хизматини кўрсатиш, ихтиопатолог хориж технологиялари асосида совуқ сувда яшовчи балиқларни иқлим шароитимизга мослаштириш, етиштирилган балиқчилик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш каби соҳаларда кадрлар тайёрлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Россия Федерацияси Астрахан давлат техника университетининг “Балиқчилик хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш” институти ва Тошкент давлат аграр университети ўртасида келишилган ҳамкорлик шартномаси ҳамда “Йўл харитаси”га биноан балиқчилик соҳаси мутахассислари учун 2018 йил 17 май куни “Аквакультурани ривожлантириш истиқболлари” мавзусида онлайн тизимида вебинар маърузалари ташкил этилди.

Вебинар маърузаларни Астрахан давлат техника университетининг балиқчилик институти Ўқув ишлари бўйича проректори С.Виноградов ҳамда Тошкент давлат аграр университети Ўқув ишлари бўйича проректори С.Исламовлар олиб боришди.

Вебинар маърузаларда Астрахан давлат техника университетининг балиқчилик институти профессори Ю.Егорова балиқчиликнинг ҳозирги кундаги ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари тўғрисида онлайн тизимда мазмунли маъруза қилиб берди. Маърузадан сўнг соҳанинг муаммо ва истиқболлари тўғрисида савол-жавоб тарзида фикр алмашинилди. Тошкент давлат аграр университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари “Балиқчилик хўжалиги, биология ва табиатдан фойдаланиш” институтида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишишди.

Ташкил этилган онлайн маърузада университетнинг “Зоотехния ва балиқчилик” факультети профессор-ўқитувчилари, докторантлар, магистрантлар ва балиқчилик таълим йўналиши талабалари ҳамда “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси мутахассислари иштирок этиб, маърузадан ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича маълумотлар олишди. Келгусида онлайн дарсларни кўпроқ ўтказиш бўйича келишиб олинди.

Мавзуга оид