Жамият | 09:27 / 19.05.2018
90808
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда автосалонлардан бирининг директори қўлга олинди

Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ ходимлари пора эвазига автомобиль таклиф қилган шахсни қўлга олиш бўйича операция ўтказди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят-қидирув бошқармаси Иқтисодий хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан қўлга киритилган маълумотга кўра, пойтахтлик икки шахс «Nexia-3» русумли автомобилни 3 минг АҚШ доллари устама ҳақи эвазига қисқа муддатда етказиб беришни таклиф қилгани маълум бўлган. Улардан бири бевосита шу соҳага алоқадор шахс эканлиги аниқланган.

Олиб борилган тезкор тадбир натижасида талаб қилинган суммани олаётган вақтда ижтимоий фондлардан бирининг ишчиси, 63 ёшли А.Г. ҳамда унинг шериги – «Ўзавтотеххизмат» МЧЖ автосалонларидан бирининг директори М.У. қўлга олинди.

Мазкур ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 168-модда 2-қисми («фирибгарлик») ва 211-модда 2-қисми («пора бериш») бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Мавзуга оид