Жамият | 15:07 / 20.05.2018
25349
4 дақиқада ўқилади

Рамазон – Қуръон ойи. Уни кўпроқ ўқиш икки дунё саодатини беради

Рамазон – Қуръон ойи. Бу ойда Аллоҳнинг каломи нозил этилган. “Ислом нури” дастурининг бу галги мавзуси ҳам шу ҳақда. Суҳбатдошимиз пойтахтдаги “Новза” жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов.

YouTube'да томоша қилиш

Tas-IX'да томоша қилиш

- Аллоҳ таоло ўз китобида шундай марҳамат қилади: “Биз Рамазон ойида Қуръони каримни нозил қилдик”. Демак Рамазон – бу Қуръон ойи. Қуръон нима? У мўмин-мусулмонларга бу дунёнинг бахти ва охират саодатини кўрсатувчи илоҳий таълимот. Қуръони каримнинг икки хил маъноси бор: биринчиси, “ўқимоқ”, иккинчиси “жамламоқ”. Ўқимоқдан мурод каломуллоҳни ўқишлик билан банда ибодат даражасига кўтарилади. Жамлаш эса Одам алайҳиссаломдан Пайғамбаримиз алайҳиссаломгача юборилган ҳамма динларнинг ҳикматини, қаймоғини жамлаган таълимотлар йиғиндиси ҳисобланади.

Бундан ташқари, бу ойнинг баракаси Қуръони каримнинг нозил этилиши бўлса, Қадр кечасида у Лавҳул маҳфуздан Ер осмонига битта китоб шаклида нозил қилинган ва 23 йил мобайнида Аллоҳнинг иродаси ила бу таълимот пайғамбаримиз алайҳиссаломга етказилган. Қуръоннинг ҳақи, уни бир йилда камида икки марта хатм қилишликдир. Бу одат пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)дан мерос бўлиб қолган. Бу китоб уйларнинг бурчагига осиб қўйиш ёки жавонларни безаш учун эмас, балки уни ўқиб, айтганларига риоя қилиш учун керак.

Мана, яқинда Ўзбекистонда ажойиб байрам ўтказилди – Қуръон мусобақаси. Мана шу мусобақа бизга Қуръони каримни ўқишга, ўрганишга ва ёшларимизга кўпроқ тарғиб қилишга жуда катта малака ҳосил қилиб берди. Чунки халқимиз Қуръонга мухлис халқ ҳисобланади. Мусобақада ёш-ёш ўғил-қизларнинг ўқишлари кўпчиликка ибрат бўлди. 

“Новза” жоме масжиди имом хатиби Жалолиддин Ҳамроқулов

Бир нарсани алоҳида таъкидлаш керак. Каломуллоҳ бизга Аллоҳ таоло томонидан берилган улуғ неъмат, бойлик ҳисобланади. Имом Аъзамнинг энг катта шогирдларидан бўлмиш Ҳазрат Абу Юсуф Аббосийлар давлатида энг катта қози бўлиб турганларида эр-хотин бир масала билан ёнларига келибди. “Биз анча вақт фарзанд кўрмаганмиз. Бу Худойимнинг синови эди. Худодан сабр билан фарзанд сўраб, охири қизлик бўлганмиз. Тирноққа зор бўлиб юрганимизда агар фарзандли бўлсак, уни уйлаётган ёки узатаётганимизда сепига дунёнинг бойлигини қўямиз, деб ният қилгандик. Мана, қизимизга совчилар келяпти, бизда эса бунча бойлик йўқ, атаган назримизни қилолмаяпмиз”, дейишибди улар. Ҳазрат Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўйланиб туриб, шундай дебдилар: “Уйингизда Аллоҳнинг китоби - Қуръони карим борми?”. “Ҳа, бор”. “Шуни қизингизнинг сепига қўйинг. Бу китоб сиз айтаётган дунёнинг бойлиги эмас, бу охиратнинг ҳам бойлиги. Бу билан қизингизнинг сепига нафақат дунё бойлиги, балки охират бойлигини ҳам қўйган бўласиз”.

Рамазон ойида барчамизга Қуръони каримни ўқишлик ва уқишликни насиб этсин, - деб тилак билдирди Жалолиддин Ҳамроқулов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид