Спорт | 15:04 / 22.05.2018
7916
12 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Сербия

СЕРБИЯ
Мустақиллиги: 2006 йил 5 июнда Черногориядан ажралган
Бошқарув шакли: Парламент республикаси
Пойтахти: Белград
Тили: Серб
Аҳолиси: 7.2 миллион (98-ўрин)
Пул бирлиги: Серб динори

СЕРБИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби: Оқ бургутлар
Либоси: Қизил -оқ
Конфедерация: УЕФА
Федерация: Сербия Футбол Иттифоқи
Терма жамоа таркибида энг кўп ўйин -  Деян Станкович  (103)
Энг кўп гол киритган футболчи – Степан Бобек (38)

Фото: Википедия

Ўтган асрнинг 90-йилларидаги фуқаролик уруши Европада ўзига хос эътиборга эга бўлган Югославиядек давлатни парчалаб ташлади. Ўша даврда мамлакат футболи бирмунча ривожланиш босқичига чиққан, «Црвена Звезда» Европанинг чемпионлари ичидан тенгсиз топилган бўлса, терма жамоа Италияда ўтган мундиалда кучли ўйин намойиш этганди. Ҳатто чорак финалда жаҳон чемпиони ва бўлажак финалчи Аргентинага қарши ўйиннинг асосий қисмини бир киши кам бўлиб ўйнаганликларига қарамасдан, учрашувни пенальтилар сериясига олиб боришнинг уддасидан чиққандилар. Драган Стойкович эса турнирнинг энг яхши ўйинчиларидан бири бўлган. Айтганча, ўйиндан кейинги пенальтилар сериясида айнан Стойкович аниқ зарба йўллай олмаганди. Шарҳловчи «Стойкович попадает в стойку!» дея бақирганди. 

Швецияда ўтган Европа чемпионати финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини эса, ўша фуқаролар уруши оқибатида Данияга қўшқўллаб топширгандилар. Ўша йўлланма кейинчалик олтин медалга айланганлигини жуда яхши биламиз.

Аммо Сербия терма жамоасини ўша 90-йилларгача бўлган Югославиянинг тўлақонли  вориси деб атай олмаймиз. Бу жиҳатдан қайсидир маънода Россия-Украина ҳолатига ўхшаб кетади. Хорватия ва Словения давлатлари ажралиб чиққач, Европада дастлабки йилларда натижа кўрсатиш бобида хорватлар сербларни ортда қолдиргани туфайли, аслида Югославиянинг асосий юкини хорватлар кўтарган экан, деган тасаввур ҳам уйғонганди. Аммо Сербия (у пайтда Югославия) ўзи қатнашган илк мундиалдаёқ муносиб ўйин намойиш қила олди. Германия, АҚШ ва Эрон билан бир гуруҳдан жой олган қаҳрамонларимиз фақат Германия билан дуранг ўйнашди ва кейинги босқич масаласини ҳал қилишди. Нимчоракда эса Нидерландия терма жамоаси рақиб бўлди ва ўйиннинг 92-дақиқасидаги Эдгар Давидснинг голи ҳал қилувчи аҳамият касб этди – 1:2

Бельгия ва Нидерландияда ўтган Европа чемпионатида ҳам Югославия иштирок этди. Гуруҳ босқичида муваффақиятли ўйнаб, кейинги босқичга чиққан бўлишса-да, майдон эгаларига қарши кечган чорак финал шармандали кўриниш олганди. Голландлар олти тўп киритди, Югославия эса ўша турнир тўпурарларидан бирига айланган Савол Милошевичнинг бир голи билан жавоб бера олди холос.

Фото: УЕФА

Бундай шармандали натижа мамлакат футболида олти йил ўтиб, яъни жамоа иштирок этган кейинги йирик мусобақада ҳам кузатилди. Яна ўша голландларга қарши ўйинда. Аргентина, Нидерландия ва Кот-Д`Ивуар каби жамоалар билан бир гуруҳдан жой олган серблар бошида аутсайдер саналишмади, фавортиларга муносиб қаршилик қила олишлари тахмин қилинганди. Аммо Нидерландия билан ўйиндаги 0:6 ҳисоби терма жамоа ҳақидаги барча тасаввурларни чирпирак қилиб юборди. Кейинги ўйин Аргентинага 0:1 ҳисобида бой берилди, африкаликларга қарши ўйин олдидан ҳар икки жамоада очколар сони нолга тенг бўлса-да, илк турлардаги ўйин савиясидан келиб чиқиб кўпчилик сербларнинг мағлубиятига шубҳа қилмаслик даражасига келиб бўлганди. Шундай бўлди ҳам, Дрогба жамоадошлари 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди ва Сербия (у пайтда Сербия ва Черногория) ўша мундиалда очко олишнинг уддасидан чиқа олмаган ягона Европа жамоаси бўлиб тарихга кирди.

Кейинги натижалар ҳам, айниқса, қўшни Хорватия терма жамоаси фонида жуда ёмон томонга қараб кетди. Сўнгги уч Европа чемпионатида биз Сербия терма жамоасини кўрмадик. Кейинги уч жаҳон чемпионатида ҳам фақат бир марта финал босқичига чиқишди ва ўшанда ҳам гуруҳда сўнгги ўринни банд этишди. Кимсан Германия терма жамоаси устидан ғалаба қозонилган бўлса-да, Австралия ва Ганага қарши ўйинларда серблар мағлубиятга учрашди.

Мураббий: Младен Крстаич

44 ёшли мураббий ҳақида аниқ баҳо бериш қийин, чунки у ҳали ҳеч қачон бош мураббий сифатида бирор жойда ишламаган. Сербия терма жамоасини ҳам бирор расмий ўйинда майдонга бошлаб тушмади.

Аслида бошқа мураббий, бизга яхши таниш бўлган Славолюб Муслин терма жамоани 2016 йилдан бери бошқарган ва Сербияни мундиалга олиб чиққанди. Аммо кутилмаганда мамлакат футбол федерацияси вазифани жуда яхши бажарган тажрибали мураббийни истеъфога чиқарди. Сабаб ҳақида ҳар икки томон ҳам аниқ гап айтмади. Муслин терма жамоанинг жаҳон чемпионатидаги ҳолати ҳақида федерация билан зиддиятли фикрлар пайдо бўлганига ишора қилган бўлса, федерация жим қолишни афзал билди. Баъзи журналистлар очиқ ва ҳужумкор ўйнашга ўрганган Сербиянинг саралаш ўйинларидаги натижага мослаштирилган зерикарли ўйини истеъфонинг ҳақиқий сабаби бўлди, дейишса, яна бошқалар Муслиннинг фикрларидан келиб чиқиб, терма жамоага чақиралаётган ва чақирилмаётган футболчилар борасида Муслин ва федерация ўртасида келишмовчиликлар борлигини тахмин қилдилар.

Хуллас, ўтган даврда Муслинга ёрдамчилик қилиб келган Младен Крстаич бош мураббий вазифасини вақтинча бажарди, ўтган йилнинг декабрида эса, тўлиқ шу вазифани қабул қилиб олди.

«Шальке 04», «Партизан» ва Сербия терма жамоаси сафида тўп сурган Младен Крстаич мураббийлик ишини 2016 йилда, айнан Муслинга ёрдамчи сифатида бошлаганди. Унинг ўз ғоялари, қарашлари қандай ва бу собиқ устозидан қанчалик фарқ қилишини мундиалда билиб оламиз.

Дарвоқе, машҳур немис мураббийи Юпп Хайкесс Крстаичнинг мураббийлик салоҳиятига жуда юқори баҳо берган. 

Бугунги Сербия

Фото: The Indian Express

Терма жамоа таркиби гўёки хорват қўшнилари сингари Модрич, Ракитич каби ҳамманинг кўз ўнгида бўлиб турган юлдузлардан иборат бўлмаса-да, яхшилаб эътибор берилганда бир неча ажойиб футболчини учратиш мумкин.

Масалан, ҳимоя чизиғида Коларов, Настасич каби ўз вақтида «Манчестер Сити»да тўп сурган тажрибали футболчилар, шунингдек, яна бир машҳур футболчи Бранислав Иванович сербиялик. Ўнг қанотда «Вильяреал»нинг асосий ҳимоячиларидан бири 34 ёшли Антонио Рукавина ҳам жуда ишончли номзод. Умуман Сербия ҳимоясига «тажриба» деб баҳо бериш мумкин.

Ўйин темпини бошқариш ва ҳужумларни бошлаш «Манчестер Юнайтед» аъзоси Неманья Матичга юклатилган. Жозе Моуриньонинг энг севимли шогирдларидан бири сўнгги икки мавсумда Англияда жуда юқори савияда тўп сурди. Қанотлардаги тезкор ва яхши техникага эга бўлган Костич ва Тадичга ҳам алоҳида эътибор бериш лозим. Бу футболчилар ўз вақтида Нидерландия чемпионатида порлашган, кейинчалик, кучлироқ Германия ва Англияда ҳам йўқолиб қолишмади.

Ҳужум чизиғида катта эҳтимол билан Александр Митрович тўп суради. Аслида «Ньюкасл» аъзоси бўлган Митрович сўнгги ярим йилни «Фулҳэм»да ижара асосида ўтказди ва жуда сермаҳсул ҳаракат қилди. 17 ўйиндан 12 гол «Фулҳэм»нинг АПЛ га қайтувчи плей-офф йўлланмасида ўз ўрнига эга. Митрович шунингдек, терма жамоанинг саралаш ўйинларидаги тўпурари саналади – 5 гол. 

Фото: livesport.ru

Россия-2018 саралаш гуруҳида Сербияга қандайдир топ рақиб тушмаган бўлса-да, вазифа оддий эмасди. Сўнгги Европа чемпионати финал босқичига чиққан уч жамоа – Австрия, Ирландия ва Уэльс билан ягона йўлланма учун кураш осон бўлмаслиги аниқ эди. Аммо серблар дастлабки турларданоқ пешқадамликни ўз қўлларига олишди, ягона мағлубият фақатгина жамоа ЖЧ масаласини деярли ҳал қилиб бўлганидан кейингина қабул қилинди.10 ўйинда Сербия 20 гол урди, ўз дарвозасидан 10 маротаба тўп ўтказиб юборди. Олти ўйинда ғалаба қозонди.

Эътибор бериш керак: МИЛИНКОВИЧ-САВИЧ ва ЖИВКОВИЧ

Митрович, Тадич каби тажрибали футболчилар ёнида бу икки ёш футболчи терма жамоа ўйинига ўзгача ранг ва тажовузкорлик олиб кириши аниқ.

Юқорида Сербия футболи амалдорлари ва Муслин ўртасидаги зиддиятлар ҳақида айтилди. Аслида бу зиддият айнан Сергей Милинкович-Савич билан боғлиқдир. Ҳозирда «Лацио» сафида ўйнаётган ва «Манчестер Юнайтед» катта қизиқиши билдираётган, нархи 100 миллион евро атрофида баҳоланаётган Сергейни маҳаллий футбол одамлари бўлажак юлдуз сифатида кўрмоқда. Аммо Муслин ўз тактик қарашларидан келиб чиқиб, Милинкович-Савични терма жамоага чақиришдан бош тортди. Футболчи саралашнинг бирорта ўйинида ҳам таркибга чақирилмади, уни жалб қилиш борасидаги Муслинга бўлган босимлар таъсир қилмади. Муслин ўзи бош мураббий экан, ҳеч қачон бу футболчи терма жамоага чақирилмаслигини айтди ва оқибатда...

Фото: UA-Football

Крстаич келибоқ, тактик схемани ўзгартирди ва энди Муслин давридаги каби, 3-5-2 эмас, кўпроқ 4-1-4-1 схемасида ўйнашга ҳаракат қилмоқда. Март ойидаги ўртоқлик ўйинларида Милинкович-Савич жароҳат туфайли чақирилмаган бўлса-да, унинг мундиалда таркибда бўлишини ва Крстаич схемаларни айнан унинг салоҳиятига майдонда ўрин топиб беришга қаратилганини сезиш мумкин. Матичга шерик сифатида Сергей жуда кучли ва хавфли марказга айланиши табиий.

22 ёшли вингер Андрий Живкович. 16 ёшидаёқ Синиша Михайловичнинг назарига тушган ва терма жамоага жалб қилинишига сал қолганди. Икки йил олдин «Боруссия», «“Атлетико», «Челси», «Интер» каби жамоалар уни ўз таркибида кўришни истаганди. «Партизан» клуби тарбияланувчиси бўлган Живкович тезда асосий жамоага мослашиб кетди ва ҳатто «серб Мессиси» лақабини ҳам олган. 2015 йилда ёшлар таркиби билан жаҳон чемпионатида ғалаба қозонишда ҳам катта ҳисса қўшганди.

Ўшанда Живковичга Мадриднинг «Реал» клубидан таклиф тушди, аммо у Эдегор йўлидан кетмади, ўша кунги ҳолатига Мадрид клуби мос эмаслигини ҳис қилиб, «Партизан»га яқинроқ бўлган «Бенфика» таклифини қабул қилди. Ҳозирда Живкович билан «Реал» ҳам, «МЮ» ҳам қизиқишда давом этмоқда, унинг қанчалик топ даражага яқин келганини мундиал кўрсатади.

ЖЧ-2018

Россияда сербларга Бразилия, Коста-Рика ва Швейцария терма жамоалари рақиб бўлишади. Илк ўйин Самарада Коста-Рика терма жамоасига қарши 17 июнга мўлжалланган. Швейцария билан ўйин 22 июнь куни Калининградда бўлиб ўтади. 27 июнь куни эса, Сербия терма жамоаси гуруҳда сўнгги ўйинини Москвада, «пентакампионлар»га қарши ўтказади.

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Мавзуга оид