Жамият | 12:07 / 22.05.2018
16178
3 дақиқада ўқилади

Олтинсойнинг “Шакарқамиш”и обод қишлоққа айланади

Қишлоқларни ободонлаштириш ва замон талабларига мос яшаш шароитларини бу ерларда истиқомат қилаётган аҳолига ҳам тақдим этиш мақсадида Ўзбекистонда кенг қамровли “Обод қишлоқ” давлат дастури амалга оширилмоқда. KUN.UZ сайти мухбирлари Сурхондарё вилоятидан тушган мурожаатларни ўрганиш давомида Олтинсой туманида ҳам бўлиб, ушбу дастур доирасида ободонлаштирилаётган “Шакарқамиш” қишлоғида ҳам бўлди ва қайта қуриш ишлари қандай амалга оширилаётгани билан танишди. 

Биз Олтинсой туманига қуёш ботишига яқин кириб борганимиз туфайли олиб борилаётган ишлар билан тўла танишиш имкони бўлмади. Бироқ Олтинсой ҳокими Эркин Бойниёзов “Обод қишлоқ” дастури бўйича “Шакарқамиш” қишлоғида ташкил этилган штабда мажлис ўтказаётганига гувоҳ бўлдик. Унда мазкур қишлоқни ободонлаштириш ишлари қай даражада олиб борилаётгани муҳокама қилиниб, топшириқлар берилди.

Фото: туман бош архитектори Оқбўта Янгибоев/Kun.uz

Шундан сўнг, туман бош архитектори Оқбўта Янгибоев билан учрашиб, “Шакарқамиш” қишлоғида қурилиш-ободонлаштириш ишлари қандай бораётгани билан қизиқдик.

Унинг айтишича, қишлоқ йўллари кенгайтирилмоқда, айрим фуқароларнинг пиёдалар йўлакчасига чиқиб кетган уйлари ёки ёрдамчи бинолари бузилиб, ичкарироққа кўчирилмоқда. 

“Бу 4Р100 йўли бўлиб, эни 30 метрни ташкил этади. Аҳолининг айримларининг уйлари кўча томонга чиқиб келгани учун деворлари бузилиб, ичкарироқдан қурилади. Уйлар атрофи мана бундай намунадагидек ўралади. Пиёдалар йўлакчаси алоҳида бўлади. Маҳалланинг 17та кўчасининг барчаси худди шундай кўринишга келтирилади. Бу ишларнинг бари “Обод қишлоқ” дастури асосида бажарилади”, - деди туман бош архитектори. 

У, шунингдек бу ерда барпо этиладиган ижтимоий инфратузилмаларга ҳам ойдинлик киритди. 

“Мустақиллик байрамигача барча ишларни тугаллашни режалаштирганмиз. 5400 киши истиқомат қиладиган қишлоқдаги мактаб реконструкция қилинади, битта нодавлат мактабгача таълим муассасаси қуриб, фойдаланишга топширилади. Оилавий поликлиника таъмирланади. 

Бундан ташқари, муҳандислик тармоқлари, инфратузилма иншоотлари тўлиқ таъмирдан чиқарилади. 4 км 700 метрлик масофага янгидан ичимлик суви тармоғи тортилади. Битта ҳаммом, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, жумладан гўзаллик салони барпо этилади. Нон цехи ҳам қурилади”, - дея ойдинлик киритди Оқбўта Янгибоев. 

Унинг сўзларига кўра, маҳаллани обод қилишда маҳаллий тадбиркорлар ва фермерлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар кам таъминланган оилаларнинг уйларини таъмирлашда ўз ҳиссаларини қўшмоқда. 

KUN.UZ сайти мазкур кишлокда курилиш ва ободонлаштириш ишлари якунланиши арафасида видеорепортаж килишни режалаштирмокда.

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид