Жамият | 17:53 / 22.05.2018
17510
3 дақиқада ўқилади

Рамазон фазилати – инсонни юқори мартабали даражага етказади

“Ислом нури” дастурининг бугунги мавзуси Рамазон ойи фазилати ҳақида. Бу мавзу юзасидан пойтахтнинг “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмонов билан суҳбатлашдик.

Youtube'да кўриш

Mover.uz'да кўриш

- Рамазони шариф ойи бизга улкан натижаларни беради. Авваламбор, бизни инсон бўлиб яралганимизнинг энг улуғ лаҳзалари, умр дафтаримизнинг олтин зарварақлари битиладиган кунлар, айнан мана шу кунлардир. Илгари улуғларимиз Рамазондан олдин “Парвардигор, бизни Рамазонга етказгин”, деб олти ой дуо қилишган экан. Рамазон ўтгач, яна олти ой “Парвардигор, Рамазонда қилган амалларимизни хабата қилмагин, қабул айлагин”, деб дуо қилишар экан. Қаранг, Рамазондан олти ой олдин, ундан кейин олти ой – бир йил мобайнида бу ой ҳақига дуо қилинар экан.

Бу – улуғ фазилатларга тўла ой. Расули акрам (с.а.в) айтадилар: “Кимки Рамазонни савоб умидида, Аллоҳ таолога иймон билан, ажр умидида тутса, муқаддам қилган ҳамма гуноҳлари кечирилади”. Иншаоллоҳ, биз бу ойда покланамиз. Руҳоний, жисмоний, маънавий жиҳатдан, том маънода, юқори мартабали уммат мақомини қўлга киритамиз.

Фото: Раҳимберди Раҳмонов/Kun.uz

Рамазоннинг ҳозирги даҳаси – Раҳмат даҳаси. Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Раҳматига муяссар бўламиз. Иккинчи даҳаси мағфират даҳаси. Аллоҳ таоло бандаларининг гуноҳини кечиради. Осийларнинг гуноҳини ўтади. Учинчи даҳа дўзахдан омонлик даҳаси, яъни Аллоҳ таоло раҳматига муяссар айлаб, гуноҳларини кечириб дўзахдан омонлик васийқасини қўлимизга берса, бундан ошиқ фурсат бўладими, бундан ошиқ мукофот бўладими? Рамазондан биз мана шундай мукофотни қўлга киритамиз. 

Бу ой бизни устозсиз, мураббийсиз тарбия қилади, фақат биз унинг талабларига риоя қилсак бас. Рамазонда биз вафони ўрганамиз. Берган ваъдамизга вафо кўрсатиш, мўминлигимизнинг энг катта фазилати бу. Бир ой давомида биз тонгда Аллоҳ таолога “Парвардигор, тонгдан то шомга қадар”, деб ваъда берамиз. Мана шу ваъдамизни, мана, бир неча кундирки устидан чиқяпмиз.

Рамазон бизни жисмий жиҳатдан иммун тизимимизни юксалтиради. Бу ойда одатда оч қоламиз. Аммо шунга қарамай бизнинг иммун тизимимиз ошади, қувватимиз зиёда бўлади. Бугунги шифокорлар хулосасига кўра, том маънода Рамазони шариф ойидаги очлик, яъни ихтиёрий очлик жисмимизга улкан манфаатлар келтирар экан, - деди Р.Раҳмонов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид