Бу йил мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» бўлмайди
Жорий йилда Ўзбекистондаги мактабларда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари ўтказилмайди. 25 май куни республикадаги барча умумтаълим мактабларида «Дунёда энг катта бойлик-ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир» ғояси остида ўқув йили якунларига бағишланган тантанали сафланиш тадбирлари бўлиб ўтади.
Жорий йилда республикадаги 9628та умумтаълим мактабларининг 475 276 нафар 9-синф битирувчилари 11 йиллик таълим тизимининг 10-синфига ва академик лицейларнинг биринчи босқичига қамраб олинади.
2017-2018 ўқув йилининг якунига бағишланган тадбирлар «Қадрдон мактабимиз бағрида ўқиб-ўрганиш, доимо изланиш, янгиликка, тараққиёт чўққиларини эгаллашга интилиб яшаймиз!» шиори остида ўтказилади.
Тадбирлар жорий йилнинг 25 май куни республиканинг барча мактабларида эрталаб соат 08:30да бошланади ва соат 10:00да якунланади.
«Тадбирнинг асосий ғояси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Дунёда энг катта бойлик-ёшликда олинган билим ва эгалланган касб-ҳунардир» деган иборасининг мазмун-моҳиятини ўқувчи-ёшларга етказиш, ёшлар онгида ватанга муҳаббат, кекса авлод вакилларига ҳурмат, тинчлик ва осойишталикка дахлдорлик туйғуларини кучайтиришга қаратилади», дейилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Тадбирларда 2017-2018 ўқув йилини якунлаш, келгуси ўқув йилидан бошланғич синфларда ҳафтасига 5 кунлик ўқиш тизимига тўлиқ ўтилиши тўғрисида ота-оналар, маҳалла ва кенг жамоатчиликка етказиш, 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимининг мазмун-моҳиятини ўқувчи ёшларга тушунтириш, ушбу таълим тизими жараёнида ўқувчиларнинг турли касб эгалари бўлиш имкониятлари ҳақида батафсил маълумот беришга эътибор қаратилади.
Тадбирларда ўқув йили давомида республика ва халқаро фан олимпиадалари, мусиқа танловлари ва спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этган, билимлар беллашуви, инновацион олимпиада ва «Умид ниҳоллари»да фаол қатнашган ўқучилар, аъло баҳоларга ўқиган, намунали хулққа эга бўлган, босқичли назорат имтиҳонларидан озод бўлган ёшлар фахрий ва мақтов ёрлиқлари билан тақдирланади.
Ёзги таътил кунларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўғри ва мазмунли ташкил қилиш мақсадида уларни ижодий ва спорт тўгараклари ҳамда дам олиш оромгоҳларига жалб этиш; таътил даврида ўқувчилар бадиий адабиётларни кенг мутолаа қилишларини тизимли ташкил этиш, бу борада мавжуд кутубхоналар имкониятлардан унумли фойдаланиш; ички туризмни ривожлантиришга қаратилган дастурлар доирасида мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойларига оилавий саёҳатлар ва дам олишларини ташкил этиш; ёз мавсумида сув ҳавзаларида чўмилиш, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, ёввойи ва уй ҳайвонлари билан муомалада эҳтиёткор бўлиш юзасидан тушунчалар берилади.
Ўтказиладиган тадбирларда мактаб ва ўқувчи-ёшлар ҳаётига мос бўлмаган ортиқча дабдабабозликни чеклаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ёзида мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 11 йиллик таълимни қайтаришни таклиф қилган, тез орада мактабларда 10-синфлар очилганди. Натижада, бу ўқув йилида мактаб битирувчилари йўқ.
Мавзуга оид
20:51 / 18.11.2024
“Қуроллар қанчалик замонавий бўлмасин, миллий ғурурсиз иш битмайди” — мактабларга ҳарбий дарслар нега керак?
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
16:00 / 11.11.2024
Хавотир билан бошланган хайрли иш – Фарғонадаги мактаб олма боғидан яхшигина даромад оляпти
15:42 / 28.10.2024