Жамият | 13:26 / 24.05.2018
46465
6 дақиқада ўқилади

Корхонаси бузилиш арафасида турган тадбиркорнинг ягона умиди Президентдан

Шу йилнинг 18 апрель куни KUN.UZ сайтида “Шифохона таъмирланиши сабаб Жаҳон банкидан кредит олган фирма банкрот бўлиши мумкин” сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Шифохона таъмирланиши сабаб Жаҳон банкидан кредит олган фирма банкрот бўлиши мумкин

Унда Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Меҳржон кўчаси, 35-А уй манзилида жойлашган “Ravshan Yodik Production” МЧЖ картон қутилари, плёнка маҳсулотлари ва гранулалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган фирма бино ва иншоотлари, Тошкент Руҳий касалликлар шифохонаси таъмирланиши сабабли бузилишга тушгани, унинг ўрнида автотураргоҳ барпо этиш режалаштирилгани, фирманинг Жаҳон ва Осиё тараққиёт банкидан йирик миқдорда кредит олгани, мазкур кредит кафолати сифатида ушбу ишлаб чиқариш майдони кафолатга қўйилгани ва фирма дуч келаётган бошқа муаммолар ҳақида ёзилган эди. 

Бундан ташқари, тадбиркорга ишлаб чиқаришини бошқа жойга кўчириш таклиф этилган бўлса-да, тайинли бино ёки майдон тақдим этилмагани, кўчиш харажатлари ким томонида қопланиши очиқ қолгани ҳам таъкидланганди. 

Биз мақола эълон қилинганидан сўнг ўтган 1 ойдан ортиқ вақт мобайнида нима ўзгарганини билиш мақсадида “Ravshan Yodik Production” МЧЖ директори Рустам Бўриев билан телефон орқали боғландик.

Рустам Бўриевнинг маълум қилишича, мақола эълон қилинганидан кейин, унда қайд этилган маълумотлар мутасадди раҳбарлар томонидан жойига келган ҳолда тегишлича ўрганилиб, хулосалар берилган. 

Бундан ташқари, мақола эълон қилинмасдан аввалроқ, яъни 2018 йил 12 апрель куни Бош вазир Абдулла Арипов раислигида “Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритиш шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтган. Унда республика Бош прокурори, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этган.  

Айни йиғилиш баёнининг 21-банди биз ёритган мавзуга доир бўлиб, унда “Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ортиқхўжаев) бир ҳафта муддатда: “Ravshan Yodik Production” МЧЖ томонидан ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтираётганлиги, қўшимча 100та иш ўрни яратаётганлигини инобатга олиб.ю Миробод туманида жойлашган ишлаб чиқариш биносини бузиш ва ўрнига автотураргоҳ қуриш тўғрисидаги қарори қайта кўриб чиқилсин ва ушбу автотураргоҳни яқин атрофдаги бошқа жойга қуришни белгилаш инобатга олинсин”, - дейилади. 

Аммо Рустам Бўриевнинг айтишича, орадан белгиланган бир ҳафта эмас, салкам бир ярим ой вақт ўтган бўлса-да, собиқ ҳоким Раҳмонбек Усмоновнинг 2018 йил 28 февралдаги 332-сон қарори бекор қилинмаган, яъни шаҳар ҳокимининг янги қарори ҳамон қабул қилинмаган. Тошкент шаҳар ва Миробод туман ҳокимликларининг айрим мутасадди раҳбарлари эса, гарчи масаланинг моҳияти ҳамда корхона бузилишига доир қарорни бекор қилиш бўйича Бош вазирнинг бевосита топшириғи бўлишига қарамай, бузишга доир қарорни рўкач қилган ҳолда, корхонани бузишни талаб қилиб келмоқда. 

Бош вазир раҳбарлигида ўтказилган мажлисда берилган топшириқ Бош прокуратуранинг “Ravshan Yodik Production” МЧЖ раҳбари Р.Бўриев мурожаатига жавобан 2018 йил 15 май куни йўллаган 10.5/-8-18-412 сонли мактубида ҳам қайд этилган бўлиб, “корхона ўрнида автотураргоҳ қуриш тўғрисидаги қарор қайта кўриб чиқилиши ва ушбу автотураргоҳни яқин атрофдаги бошқа жойга қуришни белгилаш юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига топшириқ берилган”и таъкидланади. 

Хуллас, Р.Бўриевнинг билдиришича, гарчи Бош вазир, Бош прокуратура ва Савдо-саноат палатаси ҳам тадбиркор манфаатларини ҳимоя қилиб турган бўлса-да, қуйи инстанциядаги айрим мутасаддилар бу нарсани жиддий баҳолашмаяпти ва ўз билганларидан қолишмаяпти. “Улар корхона бузилиши кераклигини уқдиришда давом этаётгани, корхонам дуч келган муаммони ижобий ҳал этишда аниқ чора кўрилмаётгани туфайли, энди менинг ягона умидим Президент Шавкат Мирзиёевдан”, - деди Рустам Бўриев биз билан мулоқотда.

Хуллас, шаҳарда ўз бизнесини ривожлантириш мақсадида халқаро молия муассасаларидан ҳам кредит олган тадбиркорнинг тақдири қил устида турибди. Ахир ишсизлик муаммосини ҳал давлат даражасига кўтарилган бир вақтда 50дан ортиқ фуқарони доимий иш билан таъминлаб турган тайёр корхонани бузиб, ўрнида автотураргоҳ барпо этилиши қайси мантиққа тўғри келади?! Наҳотки, “корхонани бузасан”, деяётганлар бу нарсани англамаётган бўлишса? Ёки бутун бошли йирик бир давлатнинг Бош вазири ўзи берган ҳар бир топшириғи қандай бажарилганини изма-из назорат қилиб юриши керакми? Унда маҳаллий ҳокимият идораларида ишлаётган ва давлат ишониб лавозим ҳамда мансаб бериб қўйганларга на ҳожат?

KUN.UZ умид қиладики, муаммо ижобий ечим топганига доир хабар билан бу мавзуга яна қайтади. 

Толиб Раҳматов

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид