Ўзбекистон | 21:30 / 25.05.2018
7682
2 дақиқада ўқилади

Экстремизмга қарши курашишга доир қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди

Ўзбекистонда “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Яқинда мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилган эди. Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини бундан буён ҳам амалга ошириш тўғрисидаги фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек ушбу Конвенция нормаларини ҳаётга татбиқ қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ушбу қонун лойиҳаси шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратилган. Бундан ташқари фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга, экстремизм соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам беришга, уларнинг оқибатларини бартараф этишга, шунингдек жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашга имкон бериши билан аҳамиятли.

Айни пайтда қуйи палатада қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни кетмоқда. Мазкур ҳужжатни маромига етказиш, уни такомиллаштириш юзасидан жамоатчиликнинг таклифларини олиш мақсадида қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси расмий веб-сайтидаги “Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳалари” рукнига жойлаштирилди. Унга қуйидаги ҳавола орқали фикр-мулоҳазаларни билдириш мумкин. 

Мавзуга оид