Спорт | 12:40 / 25.05.2018
9782
16 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Жанубий Корея

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ
Мустақиллиги: 15 август 1945
Бошқарув шакли: Президент республикаси
Пойтахти: Сеул
Аҳолиси: 51.7 миллион (28-ўринда)
Пул бирлиги: Вона

ЖАНУБИЙ КОРЕЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Либоси: Қизил-кўк
Лақаби: Осиё йўлбарслари, Жангчилар
Конфедерация: ОФК
Федерация: Корея Футбол Ассоциацияси
Осиё чемпиони – 1956, 1960
Жаҳон чемпионати: 4-ўрин (2002) 
Терма жамоа таркибида энг кўп ўйин -  Хон Мён Бо (135)
Энг кўп гол киритган футболчи – Чан Бом Гин (55)
Илк ўйин: 1948 йил, 2 август. Мексика – 5:3
Энг йирик ғалаба: 2003 йил 29 сентябрь. Непал – 16:0
Энг йирик мағлубият: 1948 йил. 5 август. Швеция – 0:12

Жанубий Корея терма жамоасини бемалол Осиёнинг энг машҳур термаси деб аташимиз мумкин. Чунки, корейслар жаҳон чемпионатларида энг кўп марта қитъа шарафини ҳимоя қилишган, шунингдек, Осиё жамоаларига тегишли энг яхши кўрсаткич – ярим финалда ўйнаш ҳам ушбу ўлка вакилларига насиб этган. Аммо афсуски қитъамиз ўлчовларида «энг» сўзини қанчалик кўп ишлатмайлик, жаҳон футболи бошқаларнинг ортидан эргашади ва жанублик корейслар ҳам футбол оламида нари борса ўртамиёна, бунга ҳам сўнгги йиллардаги кескин ривожланиш натижасида эришилди, деб айтишимиз мумкин.

Жанубий Кореянинг илк мундиали 1954 йилга, Швейцарияда ўтган жаҳон чемпионатига тўғри келган. Дебют ўта шармандали якун топган. Пушкаши-ю Кочишлари бор Венгрия терма жамоасига қарши кечган биринчи турда ҳисоб 9:0 ҳисобида европаликлар фойдасига ҳал бўлди.

Фото: football-online.ru

Уч кун ўтиб шармандалик бироз бўлса-да, изоҳини топгандек эди, чунки кейинги турда венгерлар майдон эгалари ГФР дарвозасига ҳам саккизта тўп йўллашнинг уддасидан чиқа олишганди. Аммо бу ҳеч нарсани англатмас экан, нариги стадионда энди ўша пайтларда аутсайдер саналган турклар қитъадошларимиз дарвозасига жавобсиз еттита тўп йўллаётган эди. 

Шу бўйи «қаҳрамонларимиз» мундиалларга бормай қўйди. Англия-66 да барчани ҳайрон қолдирган шимоллик рақибларининг муваффақиятларини ҳам четдан кузатишга маҳкум бўлишганди. 1986 йилда Мексикада ўтган жаҳон чемпионатидагина «қайтган» Жанубий Корея шу кунгача мундиалларнинг узлуксиз қатнашчиси ҳисобланиб келмоқда. Мексика ва Италиядаги жаҳон чемпионатларида Корея у қадар ўзини кўрсата олмади, биринчисида фақат болгарлар билан дуранг эсда қоларли бўлса, италияда Уругвай, Испания ва Бельгия жамоаларига имкониятни бой берди ва гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. 

АҚШ-94 да эса нафақат Корея, умуман Осиё футболи кучайиб бораётганидан дарак бера бошлади. Шу пайтгача фақат гуруҳда сўнгги ўринни расмийлаштириш учунгина келиб-кетадиган қитъадошларимиз барчани ҳайрат кўчасига олиб кира бошлашди. Нариги гуруҳда Саудия Арабистони Марокашу Бельгияни енгиб, плей-оффга чиққан бўлса, Жанубий Корея ҳам ёмон ўйин кўрсатмади. Асосийси корейсларга хос ирода ва тезкорликнинг намунасини кўрсатдилар.

Биринчи тур Испания терма жамоасига қарши кечди ва испанлар иккинчи бўлим бошларида икки тўп киритиб, барча масалани ҳал қилгандек эди. Аммо сўнгги дақиқалар корейсларнинг ақл бовар қилмас устунлигида ўтди, жамоа бутун майдон бўйлаб ташаббус кўрсата бошлади ва ҳақли равишда иккита гол билан мукофотланди.

Фото: football-pitch.ru

Боливияга қарши иккинчи турда ҳам ишончли тўп сурган Жанубий Корея дуранггга имзо чекди ва сўнгги турда, жаҳон чемпионлари Германияга қарши учрашув олдидан гуруҳдан чиқиш имкониятини сақлаб турганди. Немислар биринчи бўлимдаёқ учта тўп киритди ва гўёки ўйинни якунладилар, аммо... иккинчи бўлимни шиддат билан бошлаган кореяликлар Испания билан бўлган ҳодиса тасодиф эмаслигини исботлай бошлади, жамоа иккинчи бўлимнинг илк дақиқаларида иккита тўп киритди, ўйин охиригача немисларга умуман ўйин берилмади. Бироз «қариб» қолган жаҳон чемпионлари Маттеус, Клинсманн ва бошқаларнинг тўпни эгаллаш илинжида ҳеч ким танимайдиган корейслар ортидан югуришганини, ҳимоячиларнинг эса имкон қадар тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришга ҳаракат қилганини ёзиб тушунтириб бўлмайди. Буни фақат кўриш керак. Хуллас, Жанубий Корея бу сафар гуруҳда икки очко билан учинчи ўринни эгаллади ва плей-оффга чиқа олмади, аммо мухлисларда катта таассурот қолдиришди. 

Францияда ўтган кейинги мундиалда корейслар яна гуруҳда қолиб кетишди. Турнир, аниқроғи биринчи ўйин қитъадошларимиз учун анча омадли бошланганди, Мексика билан ўйинда Ха Сок Чу ҳисобни очди ва биринчи бўлим осиёликлар фойдасига ҳал бўлди. Аммо иккинчи бўлимни ҳужумкор ўтказган Мексика учта тўп киритишнинг уддасидан чиқди. (Ўзи умуман ўша гуруҳда Мексика ўз иродасини ажойиб шаклда намойиш қила олганди. Масалан кейинги турларда улар Бельгиядан ҳам, Голландиядан ҳам 0:2 ҳисобида бой бераётган ҳолатда ҳисобни тенглаштира олгандилар). Кейинги ўйин Голландияга йирик – 0:5 ҳисобида бой берилди, гуруҳдаги сўнгги учрашувда эса Бельгия билан дуранг қайд этилди ва яна гуруҳда сўнгги ўрин. 

Фото: GettyImages

Олдинда кореяликлар мезбонлик қиладиган навбатдаги мундиал кутиб турарди. Япония билан биргаликда қабул қилинган янги асрнинг илк жаҳон чемпионати олдидан кўпчилик корейслардан кўра японларнинг имкониятларини юқори баҳолашганди. 

Биринчи ўйинда Польша устидан ғалабанинг ўзи баъзилар томонидан кутилмаган деб баҳоланган бўлса, ҳақиқий сюрпризлар олдинда кутиб турарди. Ан Жун Хван АҚШ билан ўйинни қутқариб қолди (1:1) ва сўнгги тур олдидан тўрт очко тўплаган мезбонларнинг Португалиядан мағлуб бўлишга ҳақлари йўқ эди, ҳатто дуранг ҳам тўплар нисбатига кўра португалларга имкон бериши аниқ эди. Аммо биринчи сенсация айнан ўша куни, эллик мингдан ошиқ мухлис кўз ўнгида содир бўлди, Пак Чи Ён ўйин тугашига 20 дақиқа вақт қолганда Витор Байа дарвозасини ишғол қилди ва Португалия гуруҳ босқичидан мусобақани тарк этадиган бўлди.

Корея гуруҳ пешқадами сифатида нимчорак финал иштирокчисига айланди, лекин рақиб Италия бўлгач, ҳатто маҳаллий мухлислар ҳам катта нарса кутмаган бўлишлари табиий. Ўйиннинг бешинчи дақиқасидаёқ белгиланган пенальти Ан Жун Хван томонидан голга айлантирилмагач, кейинги тасодифни кутишдан бошқа чора йўқдек эди. Ҳаммаси ўз ўрнига тушди, одатий равишда гуруҳдан зўрға чиқиб олган Италия одатий равишда 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Гўёки ҳеч нарсадан дарак йўқ, тўп асосан Италия футболчиларида, онда-сонда мезбонларнинг хавфли қарши ҳужумлари бўлиб турибди. Ўйин тугашига икки дақиқа қолганда, ўйин тугашига яна ўттиз дақиқа қолгани маълум қилинди. Сеул Ки Хон жарима майдонида тўпни қабул қилиб олди ва дарвозабон учун ноқулай зарбани ижро этди – 1:1

«Чўнтакдаги ғалаба учун» яна тер тўкишларига тўғри келишини ҳис қилган италияликлар асабийлаша бошладилар. Виерининг голи ҳакам томонидан инобатга олинмагач, бунинг устига Тотти симулация учун иккинчи сариқ карточкага лойиқ кўрилгач, корейслар тўлақонли ҳам руҳий, ҳам ўйин борасида ташаббусга эга бўлдилар. Бу ўз самарасини берди, 117-дақиқада ўша Ан Жун Хван боши билан ғалаба тўпини киритди. Бу гол нафақат италияликларга, ҳатто футболчининг ўзига ҳам қимматга тушганлигини яхши биламиз. «Перуджа» жамоаси бу гол учун ҳужумчисини кечирмади ва унинг шартномасини бекор қилди, 26 ёшли Ан Жун Хван Кореяга қайтишга мажбур бўлди.

Фото: talksport.com

Чорак финалда Испания рақиб бўлди. Яна бир унутилмас учрашув, мисрлик Гамал Ал Хандурнинг хурмача қилиқлари, испанларнинг иккита соф голининг ҳисобга олинмаслиги ва ўйиндан кейинги пенальтилар серияси Осиё вакилини тарихда биринчи маротаба ярим финал иштирокчисига айлантирди. Пенальтилар сериясидаги беш зарбанинг барчасини корейслар аниқ амалга оширдилар, Хоакин Санчес эса дарвозабоннни алдай олмади.

Фото: GettyImages

Тўғри, бу масалага турлича қараш мумкин, кимдир кореяликларнинг ўша муваффақиятлари замирида ҳакамни кўради, кимдир Испания ва Италиянинг ўзидан айб қидиради. Менимча, бу масалага ўртароқдан қараган афзал. Тўғри, балки европаликлар кейинги босқичга яқинроқ тургандир, аммо Кореянинг муваффақиятига соя солиш ҳам керак эмас. Корея ярим финалга мос эмасдир, аммо жамоанинг ажойиб ўйин кўрсатганлигини таъкидламаслик мумкин эмас. Ҳиддинкнинг ютуғи, унинг жамоаси ўша Италия, ўша Испания билан ҳакам ёки омад ҳал қиладиган даражада ўйин кўрсатганликларида эди. Осиё жамоаларинг олдинги чемпионатлардаги қатнашувини кузатган мухлис бунинг осон иш эмаслигини англай олади.

Уёғига корейсларнинг кучи етмади. Плей-оффдаги барча ўйинларни 1:0 ҳисобида ютиб келаётган Германия бу сафар ҳам ўз билганидан қолмади, мезбонларни енгиш бўйича мутахассис Туркия эса Япониядан кейин, учинчи ўрин учун баҳсда корейсларни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўша учрашувда Ҳоқон Шукур томонидан жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг тезкор гол киритилганди.

ЖЧ-2006 да Жанубий Корея муносиб қатнашди. Турнир Того устидан ғалаба билан бошланди ва Франция билан дурангга имзо чекилди. Сўнгги турда Швейцария устидан ғалаба терма жамоани нимчоракка олиб чиқарди, аммо ўйин 2:0 ҳисобида рақиб фойдасига ҳал бўлди ва Корея тўрт очко билан гуруҳда қолиб кетди.

Фото: GettyImages

ЖАРда ўтган мундиалда кореяликлар ниҳоят гуруҳ босқичини муваффақиятли ўтишнинг уддасидан чиқишди. Аргентина, Греция ва Нигерия билан бир гуруҳда жойлашган қитъадошларимиз иккинчи ўринни олишди. Уругвайга қарши ўтган нимчорак финалда ҳам Корея жуда муносиб қаршилик кўрсатганди, аммо ўйин охирларидан уругвайликлар ғалаба голини урдилар – 2:1. 

Фото: Zimbio

Бразилияда ўтган чемпионат Осиё терма жамоалари учун энг омадсизлардан бири сифатида тарихга кирди. Тўрт терма жамоа 12 ўйинда ҳаммаси бўлиб 3 дуранг ўйнади холос. 9 ўйинда имконият бой берилди ва тўрт терма жамоа ўз гуруҳларида сўнгги ўринни банд этди. Ўша уч дурангдан биттасини Жанубий Корея Россияга қарши ўйинда ўйнади. Жазоир ва Бельгияга қарши ўйинларда корейслар мағлубиятга учради.

talksport.com

Ҳозирги Корея
Айтиш мумкинки, сўнгги икки циклда Жанубий Корея терма жамоаси ўйинида пасайиш кўзга ташланмоқда. Одатда, Осиё минтақасида у қадар муаммоларга учрамайдиган корейслар охирги саралашларда фақат сўнгги ўйинда йўлланма масаласини ҳал қила олишмоқда, холос. Қизиғи, ҳар икки сафар ҳам корейсларнинг асосий рақиби Ўзбекистон терма жамоаси бўлганди. Тафсилотлар ҳаммамизнинг ёдимизда бўлгани учун тўхталмаймиз.

Фото: Zimbio

Айнан саралаш ўйинларида ишончсизлик туфайли, иккинчи марта ҳам корейслар финал босқичи олдидан мураббийни алмаштиришга мажбур бўлмоқда. Ўтган йилнинг июнида бир қатор омадсиз натижалардан сўнг Ули Штилике истеъфога чиқарилди ва унинг ўрнини Корея олимпия терма жамоаси мураббийи Син Те Йон эгаллади. Те Йон жамоа натижаларини тубдан ўзгартира олмади, унинг бошчилигидаги кейинги 2 ўйин бир хил – 0:0 ҳисобида тугади. Аммо шу ҳам корейсларга гуруҳда иккинчи ўринни олиб, мундиал йўлланмасини қўлга киритишларига кифоя қилди. 

Фото: Sputnik

Терма жамоа асосан миллий чемпионатда тўп сурадиган футболчилардан тузилган. Албатта, ҳар бир чизиқда Европа майдонларида тажриба тўплаган номларни ҳам учратишимиз мумкин. 

Жамоа сардори олти йилдан буён АПЛда мунтазам тўп суриб келаётган, «Суонси»нинг ҳам етакчи футболчиси саналадиган Ки Сон Ёндир. У мундиалда терма жамоа сафида ўзининг юзинчи учрашувини ҳам ўтказиши мумкин ва бу борада бугунги таркибда энг тажрибали саналади. Майдон марказини бошқарадиган ва керак пайтда жарима майдони ичида ҳам хавф туғдира оладиган футболчилардан биридир. 

Фото: BBC

Ёрқин юлдуз деганда эса, хаёлимизга аввало, Сон Хон Мин келади. 25 ёшли футболчи «Тоттенҳэм» сафида жуда яхши мавсум ўтказди ва АПЛда ҳам, Чемпионлар Лигасида ҳам ўзини кўрсата олди. Чап қанотдан ҳужумларни ривожлантириш ва жарима майдони ичида вазиятлар яратиш асосан мана шу футболчига юклатилади. Умуман, ярим ҳимоя Кореянинг энг кучли чизиғидир. «Аусбург» таркибида ўйнаётган Ку Жа Чол, «Кристал Пэлас» аъзоси Ли Чон Ён каби футболчиларни ҳеч қандай рақиб билан қўрқитиб бўлмаслиги шубҳасиз.   

Эътибор бериш лозим: ЛИ СУН ВУ

Фото: talksport.com

Ушбу футболчи ҳали бирор марта ҳам терма жамоа сафида тўп сурмаган, бу дебют айнан Россия майдонларида юз берса ажаб эмас. Албатта, Ли Сун эътиборга молик футболчи. 

У 1998 йилда туғилган ва «Инчхон Юнайтед» тарбияланувчиси ҳисобланади. 2011 йилда, 13 ёшида у «Барселона» скаутлари нигоҳига тушди ва «Ла Масия»га қабул қилинди. Каталонияда ўтган 6 йил футболчининг шаклланишиди жуда муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз. 

Ли Сун 2017 йилда Италия А Серияси вакили «Верона»га 1,5 миллион евро эвазига трансфер қилинди. Лекин 2019 йилда футболчини қайтиб сотиб олиш ҳуқуқини «Барселона» ўзида сақлаб қолган. «Верона» таркибида 20 ёшли футболчи 14 ўйинда майдонга тушишга улгурди ва ҳатто «Милан» дарвозасига гол ҳам урди. 

Кореянинг турли ёшдаги терма жамоаларида ҳам Ли Сун жуда фаол. Ўсмирлар терма жамоаси 18 ўйинда 13, ёшлар таркибида эса, 16 ўйинда 7 гол муаллифи бўлган. 

Қаҳрамонимиз худди Сон Хон Мин каби чап қанот ҳужумчиси сифатида ўйнайди. Лекин агар мураббий бошқа вариантларни синаб кўрмоқчи бўлса ёки ҳужум чизиғида янги ва тезкор кучлар лозим бўлса, ёш футболчига таяниши табиий. Қайсидир маънода, ушбу мундиал Ли Сун Вуни дунёга танитиши мумкин. 

ЖЧ-2018
Жанубий Корея Россияда жуда қийин гуруҳга тушди дейиш мумкин. Жаҳон чемпионлари Германиядан ташқари, Швеция ва Мексика терма жамоалари плей-офф йўлланмаси учун рақобат қилади. 

Дастлабки ўйин 18 июнь куни Швецияга қарши Нижний Новгородда бўлади. 2-турни корейслар Ростовда 23 июнь куни ўтказадилар. Бу сафарги рақиб Мексика терма жамоаси бўлади. Охирги тур эса, Корея учун бегона бўлмаган азалий рақиб – Германияга қарши 27 июнь куни Қозонда ўтказилади. 

Қаҳрамон АСЛАНОВ

Мавзуга оид