Жамият | 22:17 / 27.05.2018
33231
7 дақиқада ўқилади

​​​​​​​Ҳокимлик ва ИИБ нега фуқарога ўз қонуний мулкини олишга тўсқинлик қилмоқда?

KUN.UZ таҳририятига келган мурожаат ортидан Андижон вилояти, Хонобод шаҳри томон йўл олдик. Ўрганишларимиз шуни кўрсатдики, мазкур муаммо бугун пайдо бўлмаган ва ечими ҳам мураккаб эмас. Фақат Хонобод шаҳар ҳокими ва мутасаддилари вазиятга оқилона ёндашиб ҳаракат қилсалар бўлгани экан.    

Муаммонинг бошланиши

Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2014 йил 14 сентябрь кунги 10-1618/14799 сонли суд ҳал қилув қарори билан Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек туманидан давлат рўйхатидан ўтган Андижон вилояти, Хонобод шаҳар “Коинот” кўчаси 41-манзилда жойлашган “Xonobod broyler” МЧЖ банкрот деб эътироф этилиб, тугатишга доир юритув бошланади.

Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун талабларига мувофиқ, қарздорга тегишли бўлган кўчар мол-мулклар “Universal auktsion invest” МЧЖ томонидан 2017 йил 13 январь куни ўтказилган очиқ аукцион савдолар орқали сотилган.

Азизбек Турғунов ва бошқалар 2017 йил 13 январь куни Тошкент шаҳар хўжалик судининг ҳал қилув қарорига асосан банкрот, деб эътироф этилган “Xonobod broyler” масъулияти чекланган жамиятининг кўчар мол-мулкларини аукционда сотиб олади.

Бир қарашда ҳаммаси ойдин: банкрот бўлган ташкилотга тегишли мол-мулк кимошди савдосида сотилди ва энди уни сотиб олган фуқаро ўша қонуний сотиб олинган маълум қийматга эга мулкни олиб чиқиб кетиши керак. Лекин ундай бўлмади...

Сотиб олганлар билан ҳокимлик ва ИИБ ўртасидаги келишмовчилик

Ташкилот банкротга учраб, мулклари сотиб бўлингач, майдонга туман ҳокимлиги чиқиб келади. Уларнинг фикрига кўра, аукционда сотилган мулк, яъни электр коммуникация ускуналари жуда арзон нархда сотилган ва агар ўша мулк олиб чиқиб кетилса, “Фозилмон наслли парранда” комплексида ижарада фаолият юритаётган “Андижон парранда инвест” томонидан етиштирилаётган паррандалар ва инкубатордаги жўжаларга зарар етказилади. Ҳолбуки, “Xonobod broyler” тугатиш суди бошқарувчиси томонидан мулк сотишдан олдин комплексдаги жамиятларга: “Ўзларинг сотиб олинглар”, дея кўп бора огоҳлантириш берилган ва мулк аукционда сотилмай 6 ой давомида турган.

- Аукционда сотилган мол-мулклар Андижон вилояти, Қўрғонтепа туманидаги “Фозилмон наслли парранда” МЧЖ ҳудудида жойлашган бўлиб, мазкур мол-мулкларни тадбиркорнинг ташиб олиб чиқиб кетишига Хонобод шаҳар ҳокимлиги ва туман ИИБ мансабдор шахслари томонидан ноқонуний равишда тўсқинлик қилиб келинмоқда. Ушбу ҳолатга чек қўйилишини сўраб, сотувчи “Xonobod broyler” МЧЖ тугатиш суд бошқарувчисининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга қилган мурожаатлари ўз самарасини бермаяпти, - дейди “Xonobod broyler” жамияти тугатиш бошқарувчиси Ҳусанбой Тешабоев.

Ёзилган мурожаатлар бир шкафга сиғадиган, жавоблар ҳам шунча бўлди. Узоқ йиллик тортишувлардан сўнг масала 2017 йили август ойида Халқаро пресс-клубнинг Андижон шаҳридаги сайёр анжуманида ҳам кўтарилди. Муаммо айтилгач, Хонобод шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев умуман тушунарсиз ва қонун талабларига тўғри келмайдиган жавобларни айтди ва шу билан ҳеч нарса яна ҳал бўлмай аро йўлда қолди. Фуқаро ҳар сафар ўз мулки учун келганида шаҳар ҳокимлиги ва ИИБ томонидан ноқонуний қаршиликка учрайверди.

Муаммонинг ечими қаерда?

Биз тасвирга олиш гуруҳимиз билан паррандачилик комплексига борганимизда 40 гектардан зиёд майдонни эгаллаган, маҳобатли паррандачилик корхонасини кўрамиз, деб ўйламаган эдик. Мана шу жойига “кимсасиз” деган сўзни қўшиб кетиш керак эди.

Эҳ-ҳе... Паррандачилик комплекси ҳудудида қанча иншоотлар бўш, ишламай қаровсиз ётибди. Шаҳар ҳокими томонидан айтилганидек, бирор дона парранда ва ишлаб турган инкубаторияни кўрмадик. Энг қизиғи, аукционда сотиб олган тадбиркорга ўз мулкини олиб чиқиб кетишга қаршилик қилаётган ҳокимлик бинолар ичидаги бошқа мулкларни суғуриб кетишлигига ҳалақит қилмабди.

- Пресс-клубдаги чиқишдан бир ой ўтгач, “Фозилмон наслли парранда” таъсисчилари томонидан 460 минг АҚШ доллари қийматидаги товуқ боқиш ускуналари олиб чиқиб кетилган, - дейди Ҳусанбой Тешабоев. Маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари нега бу ҳолатга кўз юмишди? Ахир биз ўз мулкимизни олиб чиқиб кетмоқчи бўлганимизда, бу жойда ишлаб чиқариш ташкил этишни рўкач қилиб, бизни бир ярим йилдан буён овора қилаётган эдику?

“Xonobod broyler” МЧЖ тугатиш бошқарувчиси томонидан аукцион орқали сотилган мулкларни олиб чиқиб кетишга Хонобод ИИБ томонидан тўсқинлик қилиниши юзасидан Андижон вилоят ҳокими ва вилоят прокурорига қилинган шикоятларда Хонобод ИИБ бошлиғи Муротжон Болтаевни қонун бўйича белгиланган ваколатларидан четга чиқаётганини билдирган. Ваҳоланки, “Xonobod broyler” МЧЖ мол-мулклари жойлашуви бўйича Хонобод шаҳар ИИБ назорат ҳудудида эмас.

Паррандачилик комплекси бўлиб, фуқаро томонидан аукционда ютиб олинган мулклар билан танишгач, туман ҳокимлигига бордик. Шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев ишламай турган паррандачилик комплексига инвестор жалб қилишга ҳаракат қилинаётгани ва ўша жалб қилинадиган инвесторга аукционда сотиб олинган мулкларни сотиб олиш тавсия қилинишини айтди.  “Мен, албатта, мулкни аукционда сотиб олган тадбиркор билан шу бугуннинг ўзида музокара столига ўтириб, барчасини ҳал қиламан”, -деди ҳоким.

Маҳаллий ҳокимлик вакиллари бир ярим йил давомида инвестор топиш йўлида ҳаракат қилмадилар ва ҳали-бери бу ишни охирига етмайдилар, шекилли. Уларнинг касрига қонуний мулк эгалари азият чекмоқда. Улар махсус транспорт воситалари ва ишчи кучи билан ўз мулкини ташиб кетиш учун етти-саккиз маротаба ўша мулклар жойлашган паррандачилик комплекси ҳудудига келиб, қаршиликка учраб, қайтиб кетдилар. Уларнинг шу кунгача кўрган моддий зарари суммаси 30 миллиондан ортиб кетди.

Ўйлаймизки, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ва Хонобод ҳокимлиги юқоридаги муаммоли ҳолатни тез кунлар ичида ижобий томонга ҳал қилади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз...

 Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид