Жаҳон | 01:52 / 29.05.2018
19725
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги қишлоқ аҳолиси кўприк йўқлиги сабабли дарё устидан қалтис йўл билан ўтмоқда

Фото: Reuters

Хитой тоғларида жойлашган Лазими қишлоғи аҳолиси кўприк йўқлиги сабабли дарёнинг нариги қирғоғига у устидан таранг тортилган пўлат трос – зиплайн орқали ўтмоқда. Бу йўл маҳаллий аҳоли учун шаҳарга боришнинг ягона усули ҳисобланади.

Қишлоқда яшовчи аёл, икки фарзанднинг онаси Ча Хуилан ўзининг касал онаси учун дори сотиб олиш мақсадида дарё устидан тез-тез ўтиб туришига тўғри келади. Унинг айтишича, зиплайн нафақат ноқулай, балки хавфлидир, чунки у ўзи билан икки ёшли боласини ҳам  олиб ўтади. Аёл қалтис сафар вақтида фарзанди дарёга тушиб кетмаслиги учун уни маҳкам ушлаб туради. 

“Кўприк қуриб беришганда яхши бўларди, бироқ ҳозирча шаҳарга боришнинг бошқа йўли йўқ”, дейди аёл.
 

Дарёнинг нариги қирғоғига олиб борувчи кўприк ва йўллар йўқ. Ну (хитойчадан “Жаҳлдор” дегани) деб номланган бу дарё жуда шиддатли бўлгани сабабли ундан қайиқда ўтишнинг иложи йўқ. Маҳаллий аҳоли зиплайндан бепул фойдаланган бир пайтда, сайёҳлар нариги томонга ўтиш учун 8 доллар тўлашларига тўғри келади.

Мутахассисларнинг фикрича, Ну дарёси бўйида ҳанузгача ишончли бўлмаса-да зиплайндан фойдаланувчи 20-30 та қишлоқ бор. Мисол учун, ёмғир вақтида пўлат трос орқали ўтиш жуда хавфли тус олади.

Мавзуга оид